Усмон ибн Аффоннинг давлат бошқарувида тутган йўли

0

Усмон ибн Аффонга халифалик байъати берилганидан сўнг у одамлар орасида хутба қилиб, ўзининг давлат бошқарувида тутадиган йўлини баён қилиб, Китобу Суннатга ва ўзидан олдинги икки халифанинг манҳажига эргашишини айтиб ўтди. Шунингдек, хутбасида у одамларни ҳалимлик ва ҳикмат билан бошқаришига, шу билан бирга жиноятчиларга ўринсиз шафқат қилмаслигига ишора қилди. Инсонларни дунёга берилиб кетишдан қайтарди, дунё матолари билан фитналаниб қолмасликка чақирди, уларни охир-оқибат умматни парчаланишга олиб келадиган ўзаро нафрат, адоват ва ҳасадлашишдан огоҳлантирди.

У хутбасида шундай деди: “Аммо баъд.. Менга (халифаликни) таклиф этдилар ва мен қабул қилдим. Билиб қўйинглар, мен эргашувчиман, (динда) янгилик яратувчи эмасман. Билиб қўйинглар, менинг зиммамда Аллоҳнинг китоби ва Пайғамбарининг суннатидан кейин сизларнинг учта ҳақингиз бор: сизлар иттифоқ қилган ва йўл тутган ишларда ўзимдан олдингиларнинг йўлларига эргашиш, яхшилик аҳлига яхши муомала қилиш ва жазога ҳақли бўлмаган ҳолингизда сизларга бирон ёмонлик қилишдан тийилиш. Огоҳ бўлинглар, дунё мафтункордир, у одамларга ёқимли қилиб қўйилган ва кўпчилик унга мойил бўлиб қолган. Бас, сизлар дунёга берилиб кетманглар ва унга ишониб қолманглар. Дунё ишончга сазовор нарса эмас. Билингларки, дунёни қўйиб юбормасангиз, у сизларни ҳеч қачон қўйиб юбормайди.[1]

Айрим тарихчиларнинг[2] Усмон биринчи бор хутбага чиққан вақтида қалтираб, нима дейишни билмай қолгани, сўнг: “Эй одамлар! От-уловга ҳам биринчи марта миниш қийин бўлади. Ҳаёт бўлсам, кўнгилдагидек хутба қилиб бераман”, деб айтгани ҳақидаги сўз cанади заиф сўздир[3].

Усмоннинг ҳокимлар, волийлар, лашкар амирларига ёзган мактублари

Усмон розияллоҳу анҳу Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу томонидан тайин этилган волийларни тўла бир йил ўз ўринларида қолдирди ва улардан бирортасини ҳам ишидан бўшатмади.

Усмоннинг ҳокимлар, волийлар ва лашкарбошиларга юборган мактублари билан танишган киши унинг давлат бошқарувида тутмоқчи бўлган йўлидан воқиф бўлади.

­Усмон розияллоҳу анҳунинг барча волийларга ёзган биринчи мактуби:

Аммо баъд.. Аллоҳ таоло раҳбарларни бошқарувчи (чўпон) бўлишга амр этди, солиқ йиғувчилар бўлишга эмас. Зеро, бу умматнинг илк пешволари бошқарувчилар эди, солиқчилар эмас. Агар имомларингиз раиятни чиройли бошқариш ўрнига фақат солиқ йиғиш билан машғул бўлса, ўртадан омонат, ҳаё ва вафо кўтарилади. Огоҳ бўлингларки, энг адолатли йўл – мусулмонларнинг ишларига боқишингиз ва уларга лозим ҳақ-ҳуқуқларини беришингиз ва зиммаларидаги мажбуриятларини олишингиз, кейин аҳли зиммаларнинг ҳолига боқиб, уларнинг ҳам ҳуқуқ ва мажбуриятларига тўла риоя қилишингиз, кейин эса қаршингизда тўқнаш келадиган душманлар ҳолига боқиб, аҳдга вафо қилиш билан фатҳ қилишингиздир”[4] .

Ўлкалардаги волийларига юборган бу мактубида Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу уларнинг раиятга нисбатан вазифаларига огоҳлантириб, вазифалари солиқ йиғиш ва мол тўплаш эмаслигини уқтиради. Уларни одамларнинг манфаатлари учун хизмат қилишга чорлайди, барча инсонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига тўла риоя қилишга буюради. Раиятни адолат билан бошқаришга насиҳат қилади. Мактубида у яна бир муҳим нуқтага ишора қиладики, у ҳам бўлса, аҳд ва битимларга вафо қилиш фатҳ ва ғалабанинг энг муҳим сабабларидан саналади.

Лашкарбошиларига ёзган мактуби:

Узоқ ўлкалардаги лашкарбошиларига юборган мактубида шундай сўзларни битган: “Аммо баъд.. Сизлар мусулмонларнинг ҳимоячиларисиз. Маълумки, Умар кўпчилик ичида сизларнинг зиммангизга аниқ топшириқлар қўйган. Ҳеч бирингиз ҳақингизда ўз вазифасидан оғиб кетгани ва бошқа ишларга ўзгартириб юборгани ҳақида менга хабар етмасинки, Аллоҳ сизларнинг ҳолингизни ўзгартириб қўяди, сизларни кетказиб, ўрнингизга бошқаларни келтиради. Бас, шундай экан, ҳар бирингиз ўзингизга қаранг! Мен Аллоҳ ўзимга юклаган ваколат билан сизларни назорат қилишга ва ишларингизни бошқаришга бел боғлаганман”[5].

Ушбу мактубида у халифа ўзгариши билан ишлар асло ўзгариб қолмаслигини уқтиради. Чунки халифалар ҳам, улар томонидан тайин этилган волийлар ҳам битта йўл устида юришда ва исломни ҳаёт воқелигига татбиқ этишда давом этадилар. Унинг: “Умар кўпчилик ичида сизларнинг зиммангизга аниқ топшириқлар қўйган” деган сўзларида халифаларнинг юритаётган ҳукми ва олиб бораётган ишлари шўро асосида эканига ишора бор. Бундан келиб чиқадики, умматга тегишли барча муҳим масалалар “аҳлул ҳалли вал ақд” (ишларнинг ечимига бош бўлувчи маслаҳат кенгаши аъзолари) бўлган кишиларга барча тафсилоти билан маълум эди. Агар бир ҳоким кетиб, ўрнига бошқа бири келса ҳам, ишлар бир маромда давом этаверади. Чунки, мақсад ҳамма учун очиқ-ойдин маълум[6].

Хирож йиғувчи амалдорларга юборган мактуби:

Хирож йиғувчи амалдорларга юборган мактубида шундай дейилади: “Аммо баъд… Аллоҳ таоло барча мавжудотни ҳақ билан яратган, шу боис У фақат ҳақни қабул қилади. Бас, сизлар ҳам ҳақ билан олинглар ва ҳақ билан беринглар! Омонатга асло хиёнат қилмангларки, бу билан ўзингиздан кейингилар хиёнатига йўл очиб берасизлар. Аҳдларга вафо қилинглар! Етимлар ва муоҳид (ислом ҳукми остида келишув асосида яшаб турган ғайридин) кишиларга зулм қилманглар! Зотан Аллоҳ таоло уларга зулм қилувчиларнинг душманидир”[7].

[1] Тарихи Табарий (5/443).
[2] Абду Роббуҳ Андалусий “Ал-ақдул фарид” китобида шундай маълумотни келтирган.
[3] Хилофати Усмон ибн Аффон (34-бет).
[4] Тарихи Табарий (5/244).
[5] Тарихи Табарий (5/244).
[6] “Ат-тарихул исломий” (12/370). Содиқ Аржун, “Усмон ибн Аффон” (199-бет).
[7] Тарихи Табарий (5/244).

Изоҳ қолдиринг