Усмонғозий – Усмонийлар давлати асосчиси (1)

0

Усмонғозий – Усмонийлар давлати асосчиси

Эртуғрулнинг Усмонийлар давлатига асос солган Усмон исмли фарзанди ҳижрий 656, милодий 1258 йилда туғилди. Худди шу йили Ҳулоку бошчилигидаги мўғул босқинчилари Аббосийлар халифалигининг пойтахти бўлмиш Бағдод шаҳрига ҳужум қилган эди. Бу ҳужум ортидан мусулмонларнинг бошига тушган мусибатлар жуда ҳам оғир бўлди. Бу ҳақда Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ шундай ҳикоя қилади: “Улар шаҳарни эгаллаб олдилар ва у ердаги аёлу эркак, ёшу қари, йигиту ўспиринларни кучлари етганича ўлдирдилар. Одамлар қочиб, қудуқларга, ўт-ўланлар орасига, ахлатхоналарга кириб, бир неча кун беркиниб ётишди. Одамлар хоналарга кириб, устиларидан эшикни беркитиб олишар, мўғуллар эса эшикни гоҳ синдириб киришса, гоҳ ёқиб юбориб киришар, одамлар қочиб томга чиқишса, уларни томда қатл қилишарди. Ҳатто тарновлардан тушган қонлар кўчада оқар эди, иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъун! Шунингдек, каттаю кичик масжидлар ва такяхоналарда ҳам мусулмонларни қатл қилишди. Улардан фақат яҳуд ва насроний зиммийлар ёки уларга қўшилганларгина қутулиб қолди”[1].

Умматнинг гуноҳлари кўпайиб кетгани сабабли заифлашиб қолган эди. Шу боис мўғуллар мусулмонлар устидан ҳоким бўлишди, уларнинг номусини топташди, қонларини тўкишди, бегуноҳ инсонларни қатл қилиб, молларини талон-тарож, юртларини хароб қилишди. Умматнинг бошига мана шундай оғир мусибат тушган бир вақтда усмонийлар давлатининг асосчиси Усмонғозий дунёга келди. Шу ўринда эътиборингизни муҳим бир нуқтага қаратмоқчиман; уммат бутун оламга ҳукмрон бўлиши заифлик ва таназзул энг учига чиққан вақтда бошланди. Негаки, Усмонғозийнинг дунёга келиши ислом умматининг ғалаба ва ҳукмронлик сари юксалишининг бошланиши эди. Бу Аллоҳ таолонинг ўзгармас қонуни, илоҳий суннати экан. Аллоҳ таоло Фиръавн Бани Исроилга азоб бергани ҳақида: “Албатта, Фиръавн (Миср)да ҳаддидан ошди ва халқни гуруҳларга бўлди. Бир тоифанинг ўғилларини ўлдириб, аёлларини қолдириб азоблади. Зеро, у бузғунчилардан эди” – деди ва ортидан: “Биз у ерда азобланганларга яхшилик ато этишни, уларни пешво ва меросхўр қилишни ҳамда ер юзида ҳукмрон қилишни хоҳладик” – деди (Қасос: 5-7).

Аллоҳ таоло қийналган бандаларига бир зумда ёрдам беришга қодир, бунга шак-шубҳа йўқ. Ҳақда собит турганлар нусрат кеч қолганидан ғам чекиш ўрнига Аллоҳ таолонинг шаръий ва кавний суннатларига риоя қилишлари керак. Аллоҳ таолонинг суннати шуки, уммат энг заиф ва таназзулга кетган вақтида юксалиш ва илғорлаш бошланади. Аллоҳ бир ишни хоҳласа, шу иш амалга ошиши учун Ўзи замин ҳозирлайди ва у иш поғанама-поғана амалга ошади. Шу тариқа, Бағдодда Аббосийлар халифалиги якун топган йили Усмонғозий дунёга келиши билан мусулмонлар учун Аллоҳ таолонинг нусрати бошланган эди.

Усмонғозийдаги етакчиликка хос асосий сифатлар

Усмон Биринчининг таржимаи ҳолини ўқир эканмиз, лашкарбоши ва сиёсат арбоби сифатида унда бор бўлган баъзи сифатлар яққол кўзга ташланади. Жумладан:

Шижоат: ҳижрий 700, милодий 1301 йилда Бурса, Кета ва Кестал шаҳарларида салбчилар Усмонга қарши жанг қилиш учун коалиция ташкил қилишади. Бу коалиция остида бирлашган салбчиларга қарши жанг қилган Усмонғозий жангларда бевосита ўзи иштирок этиб, салбчи қўшинларни тор-мор этади. Унинг бу жангларда кўрсатган жасорат ва қаҳрамонликлари  Усмонийлар ўртасида зарбулмасалга айланади.

Донолик: қавми орасида бек бўлганидан сўнг салбчиларга қарши Султон Алоуддин билан бирга жанг қилишни маъқул деб топади, бир неча мустаҳкам қалъалар ва шаҳарларни фатҳ қилишда унга кўмаклашади. Шу тариқа, Рим Салжуқийлар давлати ҳокими Султон Алоуддин Усмонғозийни амир этиб тайинлайди, унинг исми билан пул бостиради, қўл остидаги минтақаларда жума хутбасида унинг ҳаққига дуо қилдиради[2].

Ихлос: Усмонғозий амирлигига яқин яшовчи маҳаллий аҳоли унинг динга бўлган ихлосини кўриб, мусулмонларга душманчилик қилаётган давлатларга қарши ҳимоя бўладиган исломий давлат асосларини қуришда унга кўмаклаша бошладилар.

Сабр: Усмонғозий шаҳар ва қалъаларни фатҳ қилишга киришиши билан нақадар сабр ва матонатли эканини исботлади. У ҳижрий 707 йилда Кита, Лефка, Оқҳисор қалъаларини, 712 йилда эса Тарақли ва бошқа қалъаларни фатҳ қилди. Бу кичик фатҳлар сўнгидан 717 йилда Бурса шаҳрини фатҳ қилди. Бурса фатҳи Усмонғозий ҳаётида энг оғир кечган фатҳлардан бири саналади. Сабаби, Бурса салбчилар ва усмонийлар ўртасида бўлиб ўтган қаттиқ урушларга қарамай, бир неча йил давом этган қамалдан сўнг фатҳ қилинди. Аллоҳ таоло: “Эй иймон келтирганлар, сабр қилинглар ва сабрда (кофирлардан) устун бўлинглар, (душманларга қарши) ҳозир туринглар ва Аллоҳдан тақво қилинглар, ана шунда нажот топасизлар” – деганидек (Оли Имрон: 200), Усмонғозий Аллоҳ йўлида сабр-матонат билан жанг қилгани учун мана шу ютуқларга эришди.

Давоми бор

[1] Ал-бидоя ван ниҳоя” (13\192,193).
[2] “Қиёмуд давлатил усмонийя” китобига қаралсин.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг