Усмон розияллоҳу анҳу: Ғазотлар ва фатҳлар

0

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу давридаги фатҳ ҳаракатлари

Кириш:

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ўлдирилгани хабари ислом душманларини руҳлантириб юборди, хусусан Форс ва Рум мамлакатлари подшоҳларида ўзларининг мусулмонларга бой берган ерларини қайтариб олиш умиди пайдо бўлди. Форс подшоҳи Яздажир ўзи ўтирган Самарқанд пойтахти Фарғонада мусулмонларга қарши юришлар режасини туза бошлади. Рум пешволари эса Усмон ибн Аффон даврида Шом ўлкаларини тарк қилиб, Византия пойтахти Қустантинияга кўчиб ўтишди ва ўз ер-мулкларини қайтариб олиш имкониятларини қидира бошладилар. Рум қўшинлари қолдиқлари Мисрда бўлиб, улар Умар ибн Хаттоб даврида Искандарияда мустаҳкам ўрнашган эдилар. Амр ибн Ос улар устига юриш қилишга халифадан изн сўради. Искандария ўта кучли истеҳкомларга эга бўлиб, шаҳар деворлари устига манжаниқлар (тошотар тўплар) ўрнатилган эди. Ҳирақл шахсан ўзи урушга киришга қарор қилди ва румликлардан ҳеч ким жангдан қолмасин деб амр этди, чунки Искандария уларнинг охирги таян нуқталари бўлиб саналарди[1].

Рум қўшинлари Искандарияда жамланди ва уларга Рум денгиз кучларидан 300 та кема қурол-яроғ ва аскарлари билан мададга келди.

Усмон розияллоҳу анҳу ислом давлати душманларига қарши пухта режа асосида ташкил этилган кучли сиёсат билан юзланди. Унинг режалари қуйидагича эди:

  • Исёнкор форс ва рум армияларини узил-кесил тиз чўктириш ва бу ўлкаларга ислом ҳукмронлигини буткул қайтариш;

  • Уларга ортларидан келадиган мададни кесиш учун бу ўлкалар ортига жиҳод ва фатҳ ҳаракатларини давом эттириш;

  • Мусулмонлар ислом ўлкалари ҳимояси учун риботда турадиган истеҳкомлар барпо қилиш;

  • Мусулмонлар кучли эҳтиёж сезаётган ҳарбий денгиз флотини қуриш.

Усмон ибн Аффон даврида ҳарбий қароргоҳлар асосан катта вилоятлар марказларида эди. Ироқ лашкаргоҳи Кўфа ва Басрада, Шом диёри тўлалигича Муовия ибн Абу Суфён ихтиёрига берилганидан кейин Шом лашкаргоҳи Дамашқда эди. Миср лашкаргоҳи Фустотда эди.

Усмон розияллоҳу анҳунинг Машриқдаги фатҳлари

Биринчи: Кўфа аҳлининг фатҳлари: Ҳижрий 24 йилда Озарбайжон фатҳи

Кўфа аҳлидан ташкил топган қўшинлар асосан Рай (Эрон) ва Озарбайжонда ғазот олиб борарди. У ерларда жами 10000 (ўн минг) аскар риботда бўлиб, улардан олти минги Озарбайжонда, тўрт минги Райда эди. Кўфанинг амалдаги қўшини 40000 (қирқ минг) жангчи бўлиб, ҳар йили улардан 10000 (ўн минг) аскар ғазотга юбориларди ва ҳар бир кишига тўрт йилда бир марта ғазотга чиқиш навбати келарди. Усмон розияллоҳу анҳу Кўфа волийлигини Валид ибн Уқбага топширган эди. Ўша кунлари Озарбайжон аҳолиси волийлари Утба ибн Фарқадга қарши исён кўтариб, Умар халифалиги даврида Ҳузайфа ибн Ямон билан имзолаган сулҳларидан бош тортдилар. Усмон розияллоҳу анҳу Валид ибн Уқбани уларга қарши уруш қилишга буюрди. У улар устига лашкарбошиси Сулаймон ибн Рабеа Боҳилий бошчилигида қўшин юборди, сўнг ўзи ҳам унинг ортидан йўлга тушди. Озарбайжон аҳли Ҳузайфа билан қилган сулҳлари асосида қайта сулҳ талаб қилишга ошиқдилар. Валид уларнинг сўровларини қабул қилди ва уларни қайта итоат остига киритди. Сўнг атроф жавонибга аскарлар юбориб, ғазотлар ташкил қилди. Сўнг Сулаймон Боҳилийни 12000 (ўн икки минг) аскар билан Арменияга юборди, у уларни енгиб, кўплаб асирлар ва ғаниматлар билан қайтди. Шундан сўнг Валид Кўфага қайтиб кетди[2].

Озарбайжон аҳли кейин ҳам бир неча бор исён кўтарди. Озарбайжон волийси Ашъас ибн Қайс ёрдам сўраб Валид ибн Уқбага мактуб йўллади, у Кўфа қўшинини мададга юборди. Ашъас исёнкорларни мағлуб этиб, қўзғолонни бостирди. Саид ибн Ос волий бўлиб келгач, Озарбайжон аҳли яна исён кўтарди ва янги волийга итоатсизлик кўрсатди. У улар устига Жарир ибн Абдуллоҳ Бажалийни юборди. Жарир уларни мағлуб этиб, бошлиқларини ўлдирди. Кўпчилик Озарбайжон аҳли исломни қабул қилиб, халқлар Қуръонни ўрганганидан сўнг у ерда барқарор ҳолат юзага келди.

Рай ҳақида гапирадиган бўлсак, Кўфада Абу Мусо Ашъарий волийлиги пайтида унга халифа Усмон томонидан Райга қўшин юбориш буйруғи келди, Рай аҳолиси исён кўтарган эди. У уларга қарши Қурайза ибн Каъб Ансорий бошчилигида қўшин юборди, у Райни қайта фатҳ қилди[3].

Кўфа аҳлининг Рум ҳаракатларини барбод қилишдаги иштироки

Валид ибн Уқба Озарбайжондаги вазифасини охирига етказиб, ортига қайтар экан, Мавсилга етганида унга халифанинг фармони етиб келди. Унда шундай дейилганди: “Аммо баъд, Муовия ибн Абу Суфён менга мактуб йўллаб, румликлар катта куч билан бостириб келаётганини хабар берди. Мен уларга Кўфа аҳлидан бўлган биродарлари мададга етиб боришлари лозим деган қарорга келдим. Сенга менинг ушбу мактубим етиб бориши билан ўша турган жойингдан дину диёнати, куч-қуввати, қобилияти ва шижоатига ишонганинг бир кишини саккиз-ўн минг аскар билан ёрдамга юбор, вассалом”.

Шундан сўнг Валид одамлар олдига чиқиб, аввал Аллоҳга ҳамду сано айтиб, сўнг шундай деди: “Аммо баъд. Эй одамлар, дарҳақиқат Аллоҳ мусулмонларни чиройли синовлар билан имтиҳонга солди, кофир бўлиб кетган юртларини қайтариб берди, фатҳ бўлмаган ўлкаларни фатҳ қилиб берди, уларни соғ-саломат ажр ва ғаниматлар билан қайтарди, Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Менга амирулмўъмининдан мактуб келди. У мени сизлардан саккиз-ўн минг кишини Шомдаги биродарларингизга мададга юборишга амр этибди. Уларга румликлар бостириб келаётган экан. Бу ишда жуда катта ажру савоб ва очиқ фазл бор. Бас шундай экан, Салмон ибн Рабеа бошчилигида йўлга чиқишга талабгорлар рўйхатга ёзилинглар, Аллоҳ сизларга Ўз раҳматини ёғдирсин”. Одамлар рўйхатга ёзилишга бошладилар ва уч кун ўтмай Кўфа аҳлидан саккиз минг одам йўлга отланиб, Шом ерига кириб бордилар. Шом қўшини Ҳабиб ибн Маслама ибн Холид Феҳрий бошчилигида, Кўфа лашкари эса Салмон ибн Рабеа Боҳилий бошчилигида Рум ерига ҳужум уюштириб, кўплаб асирлар ва ўлжаларга эга бўлдилар, бир талай қалъаларни забт этдилар[4].

 

[1] “Ал-хилофа вал хулафоур рошидун” (221-бет).
[2] “Тарихи Табарий” (5/246).
[3] “Ал-хилофа вал хулафоур рошидун” (224-бет).
[4] “Тарихи Табарий” (5/247).

Изоҳ қолдиринг