Усмон розияллоҳу анҳу: Форуқ халифалиги даврида

0

Усмон розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳу ҳузурида энг эътиборли кишилардан эди. Одамлар Умардан бирон нарса сўрамоқчи бўлсалар, кўпинча Усмон ё Абдураҳмон ибн Авф орқали сўрашарди. Усмонни Умарнинг “радифи” (издоши, доимий ҳамроҳи) деб аташарди. Агар бу иккиси билан иш битмаса, Аббосни ишга солишарди[1].

Бир марта Умар одамларни аввалдан хабардор қилмаган ҳолда сафарбар қилиб, йўлга отланади. Сурор деган жойга етганларида Усмон унинг ҳузурига келиб: “Нима қилмоқчисиз ўзи, қаерга кетяпмиз?” деб сўради. Шундан сўнг Умар одамларни йиғдириб, уларга Ироққа қарши урушга азм қилгани хабарини берди[2].

Умар розияллоҳу анҳу халифа қилингач, мусулмонларга Байтул молдан нафақа ажратиш хусусида катта саҳобалар билан маслаҳатлашди. Шунда Усмон: “Байтул молдан ўзингизга ҳам, бошқаларга ҳам маош тайин қилинг”, деб маслаҳат берди.

Абу Убайда Байтул Мақдисни қамал қилиб турар экан, уни фатҳ қилишга Умар розияллоҳу анҳунинг келишини сўраб, мактуб юборганида Умар кенгаш ўтказди. Усмон розияллоҳу анҳу унга бормасликни маслаҳат берди ва шундай қилса, бу улар учун камситиш ва беписандлик саналишини айтди. У Умарга: “Агар сиз шу ерда қолсангиз ва улар ҳузурига бормасангиз, сиз уларни менсимаганингизни ва уларга қарши урушга ҳозир эканингизни билишади. Сўнг урушишга журъат қилолмай, мағлубиятни тан олиб, жизя тўлашга рози бўлишади”, деди. Али розияллоҳу анҳу эса боришни маслаҳат берди. Умар унинг маслаҳатини олди ва мусулмонларга далда бўлиш ҳамда уларнинг руҳиятларини кўтариш учун у ерга боришга қарор қилди[3].

Умар ибн Хаттоб халифалиги даврида Усмон розияллоҳу анҳу халифанинг вазири мақомида эди. Абу Бакр умматнинг одамларга энг раҳмли кишиси бўлса, ҳақ устида энг қаттиққўл кишиси Умар эди. Сиддиқ ёнида Форуқ вазир бўлиб турганида Аллоҳ Сиддиқнинг ҳалимлигига Форуқнинг қаттиққўллик сифатини қўшган ва шу билан одамлар учун яхшилик ва адолат ҳосил бўлган эди. Абу Бакрдан сўнг Умар халифа қилингач, Умарнинг ўша шиддатига энди Усмоннинг раҳмдиллик сифати қўшилиб, халифалик илгаригидек адолат ва яхшилик устида давом этди.

Девон ташкил этилишидаги роли:

Умар розияллоҳу анҳу халифалиги даврида фатҳ қилинган ерлар кенгайиб, давлатнинг даромадлари анчагина кўпайгач, Умар бу бойликларни одамлар ўртасида тақсимлаш йўл-йўриқлари борасида саҳобалар ўртасида кенгаш ўтказди. Шунда Усмон ва бошқа баъзи саҳобалар барча кирим-чиқимларни рўйхатга олиб борадиган ва ҳар кимга тегишли ҳақи берилишини кузатиб, назорат қилиб турадиган бир девон ташкил қилиш фикрини ўртага ташладилар. Умарга бу фикр маъқул тушди ва девон ташкил қилишга қарор қилинди[4].

Ҳижрий йил ҳисоби қабул қилинишида:

Баъзи ривоятларда айтилишича, халифа Умар розияллоҳу анҳуга ҳижрий йил ҳисобини Муҳаррам ойидан бошлаш таклифини Усмон розияллоҳу анҳу берган эди. Ўзаро маслаҳатдан сўнг исломий тарих ҳисоби бошланишини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳижратларидан бошлашга қарор қилинди. Чунки ҳижрат ҳақ билан ботил ўртасини ажратган муҳим ҳодиса бўлганди. Сўнг қайси ойни йилбоши қилиш ҳақида турли фикрлар айтилди. Усмон: “Муҳаррамдан бошлайлик, чунки шу ой ўзи йилнинг боши ва саноқда йил у билан бошланади, яна у одамларнинг ҳаждан қайтиш пайти бўлади”, деди. Умар ва бошқа саҳобаларга Усмоннинг бу фикри маъқул бўлиб, Муҳаррамнинг биринчи кунини исломий тарихнинг бошланиши деб қабул қилдилар[5].

Уммаҳотул мўъминин билан бирга ҳаж қилгани:

Ҳижрий 23 йил халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳаж сафарига отланди. Бу унинг охирги ҳажи эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари бўлмиш уммаҳотул мўъминин ҳам ҳаж сафарига чиқиш учун ундан изн сўрадилар. Умар уларга изн берди ва улар учун сафар тадоригини кўришга фармон берди. Уммаҳотул мўъминин учун яшил ёпинчиқ ёпилган ҳавдажлар (туяга ўрнатиладиган махсус кажавалар) ҳозирланди. Умар розияллоҳу анҳу Абдураҳмон ибн Авф ва Усмон ибн Аффонга уларни кузатиб бориш вазифасини топширди. Усмон туяга миниб, уларнинг олдида борар, Абдураҳмон эса ортларида юриб, ҳеч кимни уларга яқинлашгани қўймас эдилар[6].

[1] “Тарихи Табарий” (4/83).
[2] “Усмон ибн Аффон, шокир ва собир халифа” (63-бет).
[3] “Усмон ибн Аффон, шокир ва собир халифа” (63-бет). Муҳаммад Ҳусайн Ҳайкал, “Усмон ибн Аффон” (47-бет).
[4] “Тарихи Табарий” (5/203).
[5] Содиқ Уржун, “Усмон ибн Аффон” (60-бет).
[6] Ибн Саъд, “Табақот” (3/134).

Изоҳ қолдиринг