Усмонийлар давлати: Шайх Бадриддин исёни (2)

0

Шайх Бадриддин исёни давом этди. У ака-ука шаҳзодалар ўртасидаги келишмовчилик натижасида бутун ўлкани қамраб олган тартибсизлик ва парокандаликдан фойдаланиб салтанатни тўлалигича ўз қўлига олишни мўлжаллаган эди. У : “Мен бутун дунёга ҳоким бўлиш учун бош кўтариб чиқдим. Менинг эътиқодимда ғайбий ишоралар бордир. Дунёни илм ва тавҳид кучи воситасида муридларим орасида тақсимлайман. Тақлидчиларнинг қонунлари ва мазҳабларини йўққа чиқараман”, деган эди[1].

Романиядаги Афлоқ минтақаси амири бу бидъатчи ва зиндиқни моддий жиҳатдан қўллаб, аскар билан таъминлаб турарди. Аммо султон Муҳаммад Чалабий ҳам бу бузуқ ғоя ва эътиқодни шундоқ ташлаб қўймади, уни таъқиб ва тазйиқ остига олди. Оқибатда Бадриддин ҳозирги Болгарияга қарашли Делиорман томонларга ўтиб кетишга мажбур бўлди. Зотан бу минтақа ва унинг атрофидаги жойлар ботинийларнинг макони эди. У ер ҳижрий еттинчи асрнинг ўрталарида усмонийлар давлатига қарши бош кўтарган Бобо Исҳоқ қўзғолони тарафдорлари билан тўлиб тошганди. Шайх бу ўлкани бекорга танламаган, у ердаги султонга қарши кайфиятдаги инсонларнинг бошини қовуштириб, катта кучга айлантиришни мақсад қилган эди.

Делиорманда шайхга Европадан ёрдамлар кела бошлади, усмонли султон Муҳаммад Биринчига қарши қўзғолон доираси кенгайди, Ислом душмани исёнчи гуруҳлардан ташкил топган қўшин сони 7-8 мингга етди.

Султон Муҳаммад Биринчи воқеа-ҳодисаларни синчков кузатиб борди, у қўзғолончиларнинг ҳаракатларидан асло ғофил қолмади. Бу сафар султон Шайх Бадриддинга қарши шахсан ўзи қўшинга бош бўлиб, Делиорманга юришга чиқди.

Султон ҳозирги Юнонистонга қарашли Серезни қўмондонлик маркази қилиб танлади. Сўнг қўзғолончилар устига қўшинлар юбориб, уларни тор-мор қилди. Исёнчилар бошлиғи Шайх Бадриддин қочиб, Делиорманда яширинди.

Султоннинг хуфялари ва махфий хизматлари қўзғолончилар ичига кириб бориб, охир-оқибат уларнинг бошлиғи шайх Бадриддинни тузоққа туширишга муваффақ бўлдилар.

Шайх асирга олиниб, Султон Муҳаммад Биринчи қаршисига келтирилгач, султон ундан: “Нега юзинг сарғайиб кетди?” деб сўраганида у: “Эй хожам, қуёш ҳам ботиш олдидан сарғаяди”, деб жавоб берган эди.

Давлат уламолари Шайх Бадриддин билан очиқ ва эркин илмий мунозара олиб бордилар. Сўнг унинг устидан шаръий маҳкама ўтказилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги йўлланмаларига мувофиқ уламолар фатвосига кўра, унга ўлим ҳукми чиқарилди: “Ишларингиз бир кишининг қўлида жамланиб турган ҳолида биров сизларга келиб, бирлигингизга путур етказишни ёки жамоатингизни бўлиб ташлашни истаса, уни ўлдиринглар!” (Муслим ривояти, 1852).

Шайх Бадриддин чақирган фосид эътиқод замонамиздаги яҳудий масонлик маслагининг айни ўзи бўлиб, бу маслак соғлом исломий эътиқод билан бошқа бузуқ эътиқодлар ўртасидаги пардаларни йўқ қилишга йўналгандир. Улар мусулмон, яҳудий, насроний, коммунист ва сигирга сиғинадиган мушриклар ўртасида бир хилда биродарлик бўлишига чақиради. Бу эса мусулмонлар билан бошқа бузуқ ақидалар эгалари ўртасида биродарлик бўлмаслигини таъкидлайдиган исломий ақидага хилофдир. Дарҳақиқат, Аллоҳ ва Расулига қарши урушадиган кимсалар билан муваҳҳид мўминлар ўртасида қандай қилиб дўстлик, биродарлик бўлиши мумкин?!

Султон Муҳаммад Биринчи шеър, адабиёт ва бошқа илм-фанларга меҳр қўйган зиёли инсон эди. Айтилишича, “сурра” деб аталадиган, Макка ва Мадина фуқароларига тарқатиладиган муайян миқдордаги пуллардан иборат йиллик ҳадяни Макка ҳокимига юборишни биринчи бўлиб у йўлга қўйган экан.

Усмонли хилофат аҳолиси Султон Муҳаммад Биринчига бўлган меҳрларини изҳор қилиб, унинг ғайрат-шижоати ва Ислом дини ҳимояси йўлидаги улкан фаолияти сабабли уни “Паҳлавон” деб аташган. Айни замонда гўзал хулқ-атвори, шижоати, адолатпешалиги, ҳақпарварлиги халқнинг меҳр-муҳаббатини қозонишига ва унга “Чалабий” (мард, жасур) лақаби берилишига сабаб бўлганди.

Шахсан унинг олиб борган жуда катта ҳаракатлари ва тенгсиз раҳбарлик сиёсати туфайли усмонийлар давлати парокандаликка юз тутиш ва парчаланиб кетишдан сақлаб қолинган.

[1]“Усмонийлар тарихи ва маданияти” (140-бет).

Изоҳ қолдиринг