Усмонийлар давлати: Шайх Бадриддин исёни

0

Султон Муҳаммад Биринчи даврида содир бўлган Шайх Бадриддин исёни

Султон Муҳаммад Биринчининг иниси, Йилдирим Боязиднинг ўғли Мусонинг қўшини сафида Бадриддин исмли бир дин олими бўлиб, у ўша даврларда усмонийлар давлатидаги энг юқори мансаблардан бири ҳисобланган қозиаскар (ҳарбий қози) лавозимида эди. Мусо унга ихлос қўйган ва ҳомийликка олган эди.

“Шақоиқи нўъмония” китоби муаллифи ёзади: Шайх Бадриддин Маҳмуд ибн Исроил “Симавна қозисининг ўғли” деган ном билан машҳур бўлиб, Рум диёридаги (Туркиянинг Европа қисмидаги) Эдирна шаҳрига тобе қишлоқлардан бири бўлмиш Симавна қалъасида туғилган. Отаси шу қишлоқ қозиси бўлиб, ўша ердаги мусулмон аскарлар қўшинига амир ҳам эди. Мазкур қалъани унинг қўли остидаги қўшин фатҳ этган.

Шайх Бадриддин усмоний султонлардан Султон Ғози Худовандкор (Мурод Биринчи) халифалиги даврида туғилган. Илмни болалигида отасидан ўрганди. Қуръони каримни ёд олди, сўнг Шоҳидий номи билан машҳур мавло қўлида таҳсил олди. Сарф ва наҳв илмини мавлоно Юсуфда ўқиди, сўнг Миср диёрига кетиб, у ерда Саййид Шариф Журжоний билан бирга Қоҳирада мударрислик қилувчи мавлоно Муборакшоҳ Мантиқий қўлида дарс олди. Ундан кейин Муборакшоҳ билан бирга ҳаж сафарига борди. Маккада Шайх Зайлаъийда ўқиди, сўнг Қоҳирага қайтиб, Саййид Журжоний билан бирга Шайх Акмалиддин Бойбурийда таҳсил олди. Шайх Бадриддиннинг кўплаб шогирдлари бўлган. У Миср шоҳи Султон Барқуқнинг ўғли Султон Фаражнинг хос муаллими эди.

Сўнг Шайх Бадриддин илоҳий жазбага иштиёқи тушиб, ўша вақтда Мисрда яшаб турган Шайх Саид Ахлотийни ўзига пир тутди, унга мурид бўлди. Сўнг Шайх Ахлотий уни иршод вазифаси билан Табризга юборди. Айтишларича, Амир Темур Табризга келганида Бадриддинга беҳисоб бойликлар инъом этган экан. Шайх Бадриддин бу ердан Битлисга, ундан Мисрга сафар қилди. Кейин Ҳалабга, сўнг Қўнияга, сўнг Рум диёридаги Тибрет шаҳарларига борди. Сакиз оролининг насроний амири Шайх Бадриддинни ўз ҳузурига чорлагани ва унинг қўлида Исломни қабул қилгани айтилади.

Эдирнада Усмон Ғози авлодларидан Мусо салтанатни қўлга киритгач, Шайх Бадриддинни қўшинига қози этиб  тайинлади. Кейин ўзаро урушларда Султон Муҳаммад Чалабий иниси Мусони қатл қилди, шайхни эса оиласи билан бирга Изник шаҳрига сургунга юборди[1]. Унга махсус маош тайинлаб, таълим-тарбия ишлари билан машғул бўлишига имкон яратиб берди.

Ҳозирда Туркияга қарашли Изник шаҳрида Бадриддин Маҳмуд ибн Исроил ўзининг бузуқ эътиқоди ва мазҳабига даъват қила бошлади. У бойликлар ва дунё матоларидан фойдаланишда барчани тенг деб қарашга чақирар, дин ва ақидада мусулмон билан ғайридин ўртасини ажратмас эди, инсонлар қайси дин ва ақидада бўлишларидан қатъи назар бир-бирига биродар ва оға-инилардир, дерди. Унинг бу чақириғи айни масон яҳудийларнинг даъватларига мос тушарди. Жуда кўп жоҳил ва оқ-қорани ажратолмайдиган кишилар, шунингдек, тубан ғаразли кимсалар унга эргашдилар. Бадриддиннинг мазҳаби ва маслакига даъват қилувчилар чиқди. Унинг тарафдорлари ичида энг машҳур шахслардан бири Бўрклужа Мустафо, яна бири эса асли яҳудий бўлган Тўрлак Камол деган шахслар эди. Маълумки, пайғамбаримиз замонларидан то бугунги кунгача ҳам барча фитналар ортида яҳудийлар турибди.

Ушбу бузуқ маслакнинг иши ривож топди ва унинг тобелари кўпайгандан кўпайди. Султон Муҳаммад Чалабий унга қарши курашишга азм қилди ва Бадриддин билан жанг олиб бориш учун каттагина қўшин юборди. Аммо, халифа лашкарининг қўмондони Сисмон хоин Бўрклужа тарафидан ўлдирилди ва қўшини мағлуб бўлди. Султон бош вазир Боязид Пошо қўмондонлигида яна қўшин юборди. У Бўрклужага қарши урушиб, Қорабурну жангида уни мағлубиятга учратди, сўнг Бўрклужа Мустафо Қуръоннинг қуйидаги ҳукмига кўра жазога тортилди: “Аллоҳга қарши уруш қиладиган, адоватларини ошкор қилиб, Аллоҳ ва пайғамбарининг ҳукмларига тажовуз қиладиган ҳамда ер юзида одамларни ўлдириш, молларни талонтарож қилиш билан бузғунчилик қилиб юрадиган кишиларнинг жазоси қатл қилиниш ёки қатл билан бирга дорга осилиш ёки ўнг қўл ва чап оёғи кесилишидир. Ёки уларнинг жазоси диёрларидан сургун қилиниш ёки шу диёрнинг қамоғида то тавбалари намоён бўлмагунича ҳибс қилинишдир. Аллоҳ таоло Ўзига қарши уруш қилган кимсаларга ҳозирлаган бу жазо улар учун бу дунёда хорликдир. Агар тавба қилмасалар, улар учун охиратда жуда қаттиқ азоб бор” (Моида сураси, 33).

Давоми бор

[1] «Шақоиқи Нўъмония”, Сулаймония қўлёзмаси, 2076-рақами остида.

Изоҳ қолдиринг