Усмонийлар давлати: Султон Боязид Биринчи (2)

0

Константинопол қамали

Султон Боязид Никополь жангини бошлашдан олдин Византия императорлигини қаттиқ жазолади: Константинополда мусулмонлар ўртасида ҳукм қиладиган шариат қозиси тайинлашга императорни мажбур қилди. Императорни кўндириш учун ҳатто Константинополни қамал қилди. Император пойтахт ичида исломий маҳкама ва масжид ташкил қилиши, мусулмонлар яшаши учун етти юзта уй-жой бериши шарти билан қамал бекор қилинди. Шунингдек, империяга белгиланган жизя миқдори оширилди ва шаҳар ташқарисида етиштириладиган полиз экинларига ҳам солиқ солинди.

Никополь жангида усмонлилар ғалаба қозонганидан сўнг барча болқон халқлари усмонлилардан қўрқиб, Босния ва Болгария каби баъзи давлатлар усмонийлар давлатига бўйсунди. Султон Боязид салбчиларга ҳарбий ёрдам берганларни ҳам жазосиз қолдирмади. Византия императори қамалда келишилган шартларни бузиб, Европадан келган салбчиларга қўшилгани ва усмонийлар давлатига қарши чиққанига жазо сифатида султон Боязид императордан Константинополни усмонийларга топширишини талаб қилди. Зеро, Константинополни фатҳ қилиш султон Боязиднинг асосий мақсадларидан бири эди. Император Муел эса бу талабни рад этиб, Европадан ёрдам сўради. Шу боис султон Константинополни иккинчи бор қамал қилди. Бу сафарги қамал Византияликлар учун жуда ҳам оғир кечди. Ҳатто пойтахт аҳолиси таслим бўлишга рози бўла бошлашди. Европа эса империя пойтахтининг қўлдан бой берилганини тан ола бошлаган эди. Бироқ усмонийлар давлати учун туғилган янги хатар Константинопол фатҳ қилинишига тўсқинлик қилиб қолди.

Амир Темур ҳамда Боязид тўқнашуви

Жаҳонга Темурланг номи билан танилган Амир Темур Мовароуннаҳрда 1336 йилда таваллуд топгани, Хуросон ерларига ҳокимлик қилиб, Самарқанд шаҳрини ўз салтанатининг пойтахти этиб тайинлагани барчамизга аён. Амир Темур ўзининг кучли аскарлари билан нафақат Моворауннаҳрни, балки ислом оламининг жуда ҳам катта қисмини қўлга олди. Осиёда Деҳлидан Дамашққача, Орол денгизидан Араб Ярим оролигача бўлган минтақалар унинг қўл остида эди. Шунингдек, Амир Темур Форс давлати, Арманистон, Фурот ва Дажланинг юқори қисми ҳамда Каспий ва Ўрта Ер денгизлари орасидаги минтақаларни ҳам қўлга киритган эди. Россияда эса Волга, Дон ва Днепр дарёлари ўртасини эгалаганди. Амир Темур бутун ер юзини эгаллашини эълон қилганди. Унинг фикрича, осмонда ягона илоҳ бўлганидек, ер юзини ягона ҳоким бошқариши керак эди[1]. Амир Темур шижоати, ҳарбий тактикаси ва сиёсий моҳирлиги билан машҳур эди. Бир қарор қабул қилишдан олдин шу мавзуни атрофлича ўрганарди. Бирон жойга юриш қилишидан олдин у ерга жосусларини юборар ва у ерга оид барча маълумотларни шошмасдан кўздан кечирарди. Темур шу даражада ҳайбатли эдики, бирон буйруқ берса, қандай буйруқ бўлишидан қатъий назар, қўшини унинг буйруғини сўзсиз бажарарди. У мусулмон бўлгани учун ҳам диндор ва уламоларни, хусусан, нақшбандия тариқатидаги шайхларни қаттиқ ҳурмат қиларди. Амир Темур билан Боязид ўртасида уруш чиқишининг ўзига хос сабаблари бор эди. Қуйида шу сабабларни қисқача келтириб ўтамиз:

1) Амир Темур Ироқни босиб олгач у ердаги амирлар Боязиднинг ҳузурига қочиб келишди. Боязид Кичик Осиёни қўлга олганида у ердаги амирлар эса Амир Темурнинг ҳузурига қочиб боришган эди. Айнан шу амирларнинг бир қисми ҳар икки султонни бир-бирларига қарши уруш қилишларига етарлича “хизмат” қилишган;
2) Боязиддан қутилиш учун христианлар ҳам Амир Темурни унга қарши қайрашган;
3) Ҳар икки томон ўзаро хатлашишганларида қарши томонни менсимасдан ерга ургани ўзаро бир-бирларига нисбатан нафрат уйғотганди. Амир Темур бир мактубида Боязиднинг оиласи асли қаердан келиб чиққани номаълумлигини айтиб, уни зимнан ҳақорат қилган ва усмонли хонадони исломга ҳамда мусулмонларга катта хизматлар қилганини инобатга олган ҳолда Боязидни кечиришини айтиб мактубига якун ясаган. Бу эса султонга оғир ботган ва Темурдан бу қилмиши учун ўч олишини ошкор айтган[2].

Усмонийлар давлатининг парчаланиши

Амир Темур қўшини билан келиб, Анатолиядаги Сивас шаҳрини қўлга олди ва у ердаги усмонийлар амири, Боязиднинг ўғли Эртуғрулни қўшини билан бирга қириб ташлади: аскарларнинг калласини танасидан жудо қилиб, жасадларини бир чуқурликка ташлаб кўмиб юборди. Амир Темур билан Сивасда жанг қилиш мақсадида йўлга чиққан султон Боязид Темурнинг тутган моҳирона тактикаси натижасида уларни Анқарада қарши олишга мажбур бўлди.

Ҳижрий 804 йил зулқаъданинг 19 куни, милодий 1402 йил 20 июл кунида икки буюк турк султонлар бир-бирларига қарши жанг қилиш мақсадида Анқарада учрашишди. Амир Темурнинг қўшини саккиз юз минг жангчидан ташкил топса, султон Боязиднинг қўшини атиги юз йигирма минг атрофида эди. Шунга қарамай, Темур Боязиднинг қўл остидаги мўғулларга мактуб йўллади. Темур ўз мактубида мўғулларни унга қўшилишларини, бу истакни бажарган тақдирларида жангдан сўнг Рим ерларини уларга топширишини ваъда қилди. Мўғуллар Темурнинг мактубини ижобий қабул қилишди ва уруш бошланган заҳоти султон Боязид қўшинини тарк этиб, Амир Темур томонига ўтиб олишди. Шу сабабли ҳали бошланиб улгурмаган жанг усмонийлар мағлубияти билан ниҳоясига етди. Жангда султон Боязид Амир Темур қўлига асир тушди[3]. Султон боязид мағлуб бўлишининг талайгина сабаблари бор эди. Қўшинлар сонидаги тафовут, саратоннинг жазирама иссиғи, вақт қисқалиги боис усмонийлар шошилинчда қулай ерга жойлаша олмаганлари ҳамда қўшиннинг бир қисми сотилиб кетиши шулар жумласидан эди[4]. Султоннинг шижоатидан ўзга таянадиган қуроли қолмаган эди  ва айнан мана шу қуролини ишга солиб жанг қилди ва асирга тушиши билан жанг ниҳоясига етди.

Давоми бор

[1] “Усулут тарихил усмонийЦ” китоби, 56-бетга қаралсин.
[2] “Усулут тарихил усмонийЦ” китоби, 58-бетга қаралсин.
[3] “Ад-давлатул усмония фит тарихил исломиййил ҳадис” китоби, 2-3-бетлар.
[4] Доктор Солим Рашийдийнинг “Муҳаммад Фотиҳ” китоби, 35-бетга қаралсин.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг