Усмонийлар давлати: Султон Боязид Биринчи

0

Султон Мурод шаҳид этилганидан сўнг ўрнига ўғли Боязид ўтирди. Боязид ўта шижоатли, матонатли, саховатли, исломий жиҳодга ғайратли эди. Шунинг учун давлат идорасини қўлга олиши билан армия ишларига қаттиқ эътибор қаратди. Биринчи навбатда Анатолиядаги христиан ҳокимликларга қарши ҳаракат бошлаб, бир йил ичида уларнинг барчасини усмонийлар давлатига бўйсундирди. Боязид Анатолия томонида ҳам, Болқон томонида ҳам худди яшиндек ҳаракат қиларди. Шунинг учун Йилдирим лақабини олганди.

Сербларга нисбатан тутган сиёсати

Усмонийларга қарши болқон иттифоқи ташкил этилишига серблар сабабчи бўлишларига қарамасдан Боязид улар билан дўстлик алоқаларини ўрнатишга ҳаракат қилди. Султон Боязид дўстлик алоқалари ўрнатиш билан Сербияни усмонийлар билан Венгрия ўртасида тўсиқ бўлиб туришини мақсад қилган эди. Чунки султон Кичик Осиёдаги салжуқийларга қарши ҳаракат қилгани учун сиёсат майдонида ўзига бир иттифоқчи танлашга мажбур эди. Шунинг учун Лазар Хребелянович (мил. 1329-1389) Биринчи Косово урушида вафот этганидан сўнг султон Боязид унинг хотини Милицадан (мил. 1335-1405) кўрган Оливера Деспина (мил. 1373-1444) номли қизига уйланди ва Сербияга собиқ қирол Лазарнинг икки ўғли ҳукмронлик қилишига рози бўлди. Иттифоққа кўра, Лазаревичлар Сербияни ўз қонун-қоидалари асосида идора этишлари мумкин, бунинг эвазига султон Боязидга жизя тўлашлари ва унинг армиясидаги махсус гуруҳга маълум миқдорда жангчи беришлари керак эди.

Болгариянинг усмонийларга бўйсуниши

Серблар билан тузилган иттифоқ ортидан султон Боязид ҳижрий 797, милодий 1393 йилда Болгарияга қақшатгич ҳужум қилди, Болгарияни босиб олиб, аҳолисини тўлиқлигича ўзига бўйсундирди. Шу тариқа Болгария сиёсий мустақиллигини йўқотди. Султон Боязид Болгарияни босиб олиши билан бутун европаликларнинг ичида қаттиқ қўрқув пайдо бўлди. Шу боисдан салибчи кучлар усмонийларни Болқон ярим оролидан буткул йўқотиш пайига тушди.

Усмонийларга қарши тузилган салибчи халқаро қўшин

Венгрия қироли Сигизмунд Люксембург (мил. 1368-1437) ва Римнинг 203-папаси Петро Томачелли Бонифаций Тўққизинчи (мил. 1356-1404) Европа давлатларини усмонийлар давлатига қарши салибчи блок тузишга чақирди. Бу блок иштирокчи давлатларнинг сони жиҳатидан сўнгги асрда усмонийлар давлатига қарши тузилган энг катта қўшин ҳисобланади. Германия, Франция, Англия, Шотландия, Швецария, Люксембург ҳамда баъзи Италия қиролликларидан ташкил топган ушбу блок армиясининг сони 120 000 жангчидан иборат эди.

Ҳижрий 800, милодий 1396 йилда мазкур қўшин Венгрия сари йўл олди. Бироқ жанг бошланишидан олдин Венгрия қироли Сигизмунд билан қўшин қўмондонлари ўртасида низо чиқди. Сабаби, Сигизмунд усмонийлар ҳужум қилишини кутиш тарафдори бўлишига қарамай, бошқа қўмондонлар юришни бошлаб юбордилар. Шу тариқа ўзаро бирлигини йўқота бошлаган кўп сонли қўшин Болқон ярим оролидаги Никополь шаҳрига келиб, уни қамал қилдилар. Бу ҳамла ортидан ўзларини ғолиб санай бошлаган салибчилар султон Боязид юз минг жангчи билан уларни қарши олишидан бехабар эди. Султон Боязиднинг қўшини салибчиларникидан сон жиҳатидан бироз кам бўлса-да, тартиб-интизом ва қурол-аслаҳа жиҳатидан устун эди. Уруш бошланганидан сўнг Аллоҳнинг марҳамати билан аксар христианлар уруш майдонини ташлаб қочдилар, салибчиларнинг бир қанча қўмондон ва аскарлари қатл қилинди. Усмонийлар Никополь жангидан жуда катта ўлжалар билан чиқдилар.

Жангда француз зодагонларидан бир қанчаси, ҳатто, Невер графи  Жаннинг (мил. 1371-1419) ўзи ҳам усмонийлар қўлига асир тушганди. Туркларга қарши қаҳрамонларча жанг қилгани даъво қилинган ва шу сабабли халқи томонидан Қўрқмас лақабини олган Жан[1] султон Боязидга бундан сўнг усмонийларга қарши жанг қилмасликка қасам ичди. Шунда султон Боязид унга бу қасамини бузиши мумкинлигини, хоҳлаган вақтида усмонийларга қарши жанг қилишига рухсат беришини, чунки султон учун бутун Европа христианлари билан жанг қилиб, уларни мағлубиятга учратиш энг катта бахт эканини айтган[2].

Қўшинининг сони кўплигидан ўзидан кетган ва: “Агар осмон қуласа найзаларимиз билан ушлаб қоламиз” – деган Венгрия қироли Сигизмунд жанг майдонидан қочиб, азиз жонини ўлимдан қутқариб қолди. Никополь жангида мағлубиятга дучор бўлган Венгрия одамлар наздида ўз ҳайбатини йўқотди. Мазкур жангда ғалаба қозонган султон Боязиднинг эса ислом оламида янада мавқеи ошди. Султон христианлар устидан ғалаба қозонганини хабар бериш учун урушда асир тушган христиан қуллардан бир қанчасини элчилар билан бирга шарқдаги мусулмон ҳокимларга совға қилиб юборди. Боязид салжуқийлар давлатини ҳамда Анатолияни тўлиқ қўлга олгани муносабати билан ўзини Рум Султони деб эълон қилди ва Қоҳирадаги Аббосий халифага бу лақабга розилик беришини сўраб мактуб йўллади. Аббосий халифа султон Боязиднинг талабини бажо келтирди. Зеро, усмонийлар давлати халифанинг ягона иттифоқчиси эди.

[1] Жан франсуз манбаларида Jean sans Peur, рус манбаларида эса Жан Бесстрашный номи билан тилга олинади.

[2] Муҳаммад Фаридбекнинг “Тарихуд давлатил алийятил усмонийя” китобига қаралсин (144-бет).

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг