Усмонийлар давлати: Султон Муҳаммад Фотиҳ

0

 

Султон Муҳаммад Фотиҳ (Муҳаммад Иккинчи, халифалик даври ҳижрий 855-886, мелодий 1451-1481 йиллар)

Султон Муҳаммад Иккинчи усмоний султонларнинг еттинчиси бўлиб, “фотиҳ” ва “яхшиликлар отаси” лақабини олган эди. У ўттиз йилга яқин ҳукмдорлик қилди ва мусулмонларга азизлик ва яхшиликлар келишига сабаб бўлди.

Усмонийлар тахтига отаси Султон Мурод Иккинчининг вафотидан сўнг ҳижрий 855 йил 16 муҳаррамда (мелодий 1451 йил 18 февралда) чиқди. Ўшанда ёши йигирма иккида эди.

Султон Муҳаммад Фотиҳ куч-қудрат ва адолатни ўзида бирлаштирган беназир шахсияти билан ажралиб туради. У ёшлик пайтидан кўпгина илмларда ўз тенгдошларидан ўзиб кетган, бир неча тилларни пухта ўзлаштирган, тарих китобларини севиб ўқир эди. Бу эса кейинчалик унинг давлат бошқарувида ва уруш майдонларида улкан шахсиятининг намоён бўлишига ёрдам берди, ҳатто у Константинополни[1] фатҳ қилгани сабабли тарихда Муҳаммад Фотиҳ номи билан шуҳрат топди.

Фатҳларида отаси ва боболарининг тутган йўлларидан юрди. Салтанат тахтига ўтирганидан сўнг усмонийлар давлатининг турли бошқарув тартиботларини янгидан тузиб чиқди, молиявий жиҳатларга кўп эътибор қаратди, давлатнинг кирим-чиқимларини исрофга йўл қўймайдиган шаклда қатъий қонун-қоидаларга бўйсундирди. Шунингдек, қўшинлар ички тузилмаларини ривожлантириб, янги тартибларни амалга оширди, армия учун хос қайд дафтарларини йўлга қўйди. Аскарларнинг маошларини оширди, қўшинларни ўша даврнинг энг янги қурол-аслаҳалари билан таъминлади. Ўлкалар бошқарувига ҳам янгиликлар киритди, айрим волийларни мансабларида қолдирди, камчиликлар содир этган ва вазифаларини сидқидилдан бажармаган деб билган айрим волийларни ишдан бўшатди. Давлатнинг ички бошқарувини йўлга қўйиб, салтанатда барқарорликни тиклаб олганидан сўнг султон Европанинг масиҳий ўлкалари сари юзланди, уларни фатҳ этишга ва уларда Исломни ёйишга киришди. Бу борада унинг мақсадлари рўёбга чиқишида бир неча омиллар, шу жумладан, Византия империяси бошқа Европа давлатлари билан олиб борган жанг-жадаллари ва мамлакат ичкарисидаги нотинчликлар ва ички низолар туфайли заифлик ҳолига тушиб қолгани ҳам унга ёрдам берди. Султон Муҳаммад Фотиҳ бу ғалабалари билан кифояланмади, балки Византия империясининг пойтахти ва узоқ асрлардан бери Ислом давлатига қарши уюштириб келинган салбчилик ҳаракатларининг энг муҳим стратегик маркази бўлмиш Константинопол фатҳини ўз ғалабаларига тож қилишни ва уни усмонийлар салтанатининг пойтахтига айлантиришни ҳамда ота-боболарининг амалга ошмай келаётган асрий орзуларини рўёбга чиқаришни истади[2].

Константинопол фатҳи

Константинопол (Қустантиния) дунёнинг энг кўзга кўринган шаҳарларидан бири эди. У мелодий 330 йили Византия императори Константин Биринчи томонидан барпо этилган бўлиб, дунёда ўз ўрнига эга бўлган, ғоят муҳим бир шаҳар эди. Ҳатто у ҳақда шундай гап бор эди: “Агар дунё бир мамлакат бўлса эди, шубҳасиз, Константинопол унинг пойтахти бўлишга энг лойиқ бўларди”[3]. Асос солинганидан бошлаб византияликлар уни ўзларига пойтахт қилиб келишарди ва у дунёнинг энг катта ва энг муҳим шаҳарларидан эди. Мусулмонлар Византия давлатига қарши жиҳодга кирар эканлар, шубҳасиз, Қустантиния шаҳрининг бу курашларда ўзига хос ўрни бор эди. Шунинг учун бўлса керак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг фатҳ этилиши ҳақида бир неча ўринларда, шу жумладан, Хандақ ғазоти асносида асҳобларига башорат берганлар[4]. Шунинг учун ҳам мусулмонларнинг халифалари ва фотиҳлари асрлар мобайнида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларида айтилган кишилар бўлиш умидида бу шаҳарни фатҳ қилиш орзусида ҳаракат қилиб келганлар: “Қустантиния бир кишининг қўлида, албатта, фатҳ этилажакдир. Қўмондони нақадар яхши қўмондон ва у қўшин нақадар яхши қўшиндир[5].

Шу боис мусулмон ҳарбий кучлари илк дафъа Муовия ибн Абу Суфён халифалиги даврида, ҳижрий 44 йили уни фатҳ этиш учун исломий ҳамлаларни амалга оширишни бошлаган, бироқ бу ишга муваффақ бўлмаган эди. Кейин ҳам унинг халифалиги даврида бир неча бор бу шаҳарни фатҳ этишга уринишлар бўлди, бироқ бунинг имкони бўлмади.

Умавийлар давлати ҳам Қустантиния фатҳи учун бир неча бор ҳарбий ҳаракатларни амалга оширди, бу ҳамлаларнинг энг кучлиси ҳижрий 98 йили Сулаймон ибн Абдулмалик халифалиги даврида бўлиб ўтди.

Шунингдек, аббосийлар халифалиги даври ҳам Византияга қарши кўплаб жиҳодий ҳаракатларга шоҳид бўлди. Ушбу урушлар ва хусусан, Ҳорун Рашид даврида, ҳижрий 190 йили олиб борилган уруш Византияни анча кучсизлантиришга, уни ички ва ташқи тарафидан беқарорлаштиришга эришса-да, ҳеч бир қўмондон Қустантинияга етиб боришга ва уни қўлга киритишга муваффақ бўла олмади [6].

[1] Константинопол – арабча Қустантиния, ҳозирги Истанбул шаҳри.
[2] «Усмонийлар давлати ташкил топиши» (43-бет).
[3] Д-р Мажид Мустафо, «Қустантиния фатҳи ва султон Муҳаммад Фотиҳ шахсияти» (36-46-бетлар).
[4] «Муснади Аҳмад» (4/335).
[5] Аввалги манба.
[6] «Тарихи Халифа ибн Хайёт» (458-бет). «Тарихи Табарий» (1/69). Ибн Асир, «Ал-комил» (6/185).

Изоҳ қолдиринг