Усмонийлар давлати: Султон Мурод Иккинчи

0

Султон Муҳаммад Чалабий вафоти

Султон Муҳаммад Биринчи усмонийлар давлати бошига ёпирилган фитналар ва талотўплар асоратини ўчиришга бор кучини сарфлади, сўнг келажакда шу каби ҳодисаларнинг олдини олишга кафил бўладиган янги ички тартиб-қоидаларни жорий қилишга киришди. Султон шу ишлар билан машғул экан, бир куни ажали яқинлашиб қолганини сезди ва вазири Боязид Пошони ҳузурига чорлаб: “Ўғлим Муродни ўрнимга халифа этиб тайинладим, унга итоат эт ва менга қандай садоқат кўрсатган бўлсанг, унга ҳам шундай садоқатли бўл! Муродга чопар юборинглар, мен унинг имкон қадар тезроқ етиб келишини истайман, чунки бу тўшакдан қайта туришимга кўзим етмай қолди. Агар илоҳий амр Мурод улгурмасдан туриб келса, то у етиб келгунига қадар ўлимим хабарини зинҳор эълон қилманглар!” деб амр этди.

Шундай қилиб, султон ҳижрий 824 (мелодий 1421) йили Урфа шаҳрида руҳини Ҳаққа таслим этди, у ўшанда қирқ уч ёшда эди.

Марҳум султоннинг амрини бажо келтириш ва нохуш воқеалар содир бўлиши олдини олиш мақсадида султоннинг икки вазири Иброҳим ва Боязид то шаҳзода Мурод етиб келгунига қадар унинг вафотини халқдан яширдилар. Султоннинг беморлиги ҳақида гап тарқатдилар ва ўғли Муродга чопар йўллаб, зудлик билан етиб келишини сўрадилар. Мурод қирқ бир кун деганда етиб келди ва салтанат бошқарувини ўз қўлига олди[1].

Султон Муҳаммад Биринчи илм-фанга меҳр қўйган, дин олимларини ўзига яқин тутган инсон эди. Шу боис пойтахтни ғозийлар шаҳри Эдирнадан фақиҳлар шаҳри Бурсага кўчирган эди. Юксак ахлоқ, кучли ирода, тенгсиз ҳилм соҳиби эди, дўсту душманларига муомаласида даҳо сиёсатчи эди.

Султон Мурод Иккинчининг тахтга ўтириши

Султон Муҳаммад Чалабий вафотидан сўнг ҳижрий 824 (мелодий 1421) йили Султон Мурод Иккинчи салтанат тахтига ўтирди. Ўшанда унинг ёши ҳали ўн саккиздан ўтмаган эди. Унинг Аллоҳ йўлида жиҳод қилишга ва Исломни Европа ичкариларига ёйишга иштиёқи баланд эди.

Янги султон раият ичида тақвоси, одиллиги ва меҳр-шафқати билан танилганди.

Султон Мурод Иккинчи усмонийлар давлати душманлари тарафидан қўллаб-қувватланиб, моддий жиҳатдан мадад бериб турилган амакиси Мустафо бошчилигидаги исён ҳаракатини бартараф этишга муваффақ бўлди. Византия императори Мануэл Иккинчи Султон Муродга қарши кўтарилган исён ҳаракатлари ва уни тахтдан йиқитиш учун тадбир қилинган барча макр-ҳийлалар ортида турар, султоннинг амакиси Мустафони айни шу император моддий ёрдам билан таъминлар эди. Унинг ёрдами билан Мустафо султондан тортиб олиш ва ўз бошқаруви марказига айлантириш мақсадида Гелиболу шаҳрини қамал қилди. Бироқ Султон Мурод амакисини қўлга тушириб, дор остига келтиришга муваффақ бўлди. Шундан кейин ҳам император Мануэл фитналарни давом эттирди. У энди Муроднинг укасини ўз тарафига оғдирди ва уни Анадолудаги Никея шаҳрини истило этган қўшинга бошлиқ қилди. Мурод унга қарши юриш бошлади ва унинг кучларини парчалаб ташлади, ўзини қўлга тушириб, қатл эттирди. Шундан сўнг Султон Мурод Император Мануэлга амалий сабоқ бериб қўйишга қарор қилди ва зудлик билан Салоникига юриш қилди. Ҳижрий 833 (мелодий 1431) йили март ойида шаҳарга ҳужум қилиб, уни қўлга киритди. Салоники шаҳри ўшандан бери усмонийлар давлатининг ажралмас қисмига айланди.

Султон Мурод Болқон ўлкаларидаги исён ҳаракатларига шиддатли зарбалар берди ва бу ерларда усмонийлар ҳукмронлигини мустаҳкамлашга қаттиқ эътибор қаратди. Усмонийлар қўшини Валахия князлигини қўлга киритиш мақсадида шимолга йўл олди, князлик усмонийларга жизя тўлашга рози бўлиб, унинг ҳукмронлиги остига ўтди. Серб қироли Стефан Лазар усмонийларга таслим бўлиб, улар ҳукми остига киришга мажбур бўлди ва султон билан тинчлик шартонмасини янгилади.

Усмонийлар қўшини жануб тарафга йўл олди ва юнон ўлкаларида усмонийлар ҳукмронлигини ўрнатди.

Сўнг Султон Мурод юришларини давом эткизиб, Албания ва Можаристонни Ислом халифалиги остига киритишга азм қилди.

Усмонийлар ҳижрий 834 (мелодий 1431) йили Албанияни фатҳ қилдилар ва ўлканинг жанубий қисмини ишғол этдилар. Сўнг улар Албаниянинг шимолий тарафида урушга кирдилар, бу урушлар узоқ давом этди. Шимолликлар Албания тоғларида усмонийлар қўшинини икки бор мағлубиятга учрата олди. Улар усмонийларнинг Султон Мурод бошчилигидаги кетма-кет икки ҳамласини қайтардилар, усмонийлар қўшинида чекиниш асносида жуда катта йўқотишлар бўлди. Христиан давлатлари албанлар ортида, уларни усмонийларга қарши қурол-яроғ ва моддий ёрдамлар билан қўллаб-қувватлаб турди, хусусан, Венедик ҳукумати катта ёрдам берди. Чунки венедиклар минтақани Ўрта ер денгизи орқали ташқи олам билан боғлаб турувчи ўз денгиз портлари билан ўта муҳим бу ўлкага бўлган усмонийларнинг хатарини ва уларнинг Адриятик денгизи ичкарисида Венедикка қарашли кемалар йўлини тўсиб қўйишга қодирлигини яхши англар эди. Нима бўлганда ҳам Султон Мурод Иккинчи ушбу юришлари орқали Албанияда усмонийлар ҳукмронлигини тўла-тўкис ўрната олмади[2].

[1] “Тарихуд-давла ал-алийя ал-усмония” (152-бет).
[2] «Янги ислом тарихида усмонийлар давлати» (46-бет).

Изоҳ қолдиринг