Усмонийлар давлати: Султон Мурод Иккинчининг бошқа фаолиятлари ва вафоти

0

Тарихда тахтидан воз кечган, инсонлардан алоқасини узиб, узлатга чекинган бир қанча ҳукмдорлар бўлган, улардан баъзилари яна тахтга қайтганлар. Аммо Султон Муроддан бошқа тахтдан икки бор воз кечиб, зоҳидлик ҳаётига чекинган бирон ҳукмдор номи тарихда маълум эмас. Бироқ Султон Муродга узлат ҳаёти насиб этмаган экан. У Кичик Осиёдаги узлатгоҳ этиб танлаган шаҳрига етиб бормасидан Эдирнада яничарлар[1] исён кўтариб, ҳар ерда тартибсизлик ва бузғунчилик ҳаракатларини бошладилар. Аъёнлар Султон Муҳаммад Фотиҳ ҳали ёш бўлгани боис иш кучайиб, ёмонлик каттайиб кетишидан ва оқибати ёмон бўлишидан қўрқиб, Султон Муродга салтанат тизгинини қўлга олишини сўраб, одам юбордилар. Шундай қилиб, Султон Мурод яна салтанатга қайтди ва яничарлар исёнига барҳам бериб, уларни бўйсундирди. Ўғли Муҳаммадни Онадўлига ҳоким қилиб тайинлаб, Манисага юборди. Шундай қилиб, Султон Мурод Иккинчи умрининг охиригача тахтда қолди, умрини ғазотлар ва фатҳлар билан ўтказди.

Султон Мурод Иккинчининг шоирлар ва олимларга меҳри ҳамда яхши ишлар қилишга мойиллиги

Султон Мурод Иккинчи гарчи ўзи кўп шеър ёзмаган ва ёзганлари ҳам у қадар кўп сақланиб қолмаган бўлса-да, адабиёт ва шеър аҳлига инкор этиб бўлмас фазл соҳиби эди, шоирларга мўл-кўл инъомлар берарди, ҳафтада икки кун мажлисига шоирларни чорлаб, шеърларини тингларди, улар билан адабий суҳбатлар қурарди, шароити оғирроқ бўлганларига инъом-эҳсонлар қиларди ёки уларни тирикчиликларини ўнглаб олишларига ёрдам берадиган бирор ишга йўллаб қўярди. Унинг даврида кўплаб шоирлар етишиб чиқди[2].

Султон саройи қайсидир маънода илмий академияга айланиб қолган, ҳатто жиҳодларида шоирлар унга ҳамроҳлик қилар эди.

“Келинглар, Аллоҳни зикр қилайлик, зеро, биз дунёда мангу эмасмиз”, деган мисралар унинг шеъридан олингани айтилади.

Султон олим, оқил, одил ва шижоатли эди, икки ҳарам аҳолисига ва Қуддус халқига шахсий бойлигидан ҳар йили уч минг беш юз динор юборарди. Илм ва уламоларни қадрлар, машойихлар ва солиҳ зотларга эътибор қаратар, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатар, уларнинг бутун таъминотларини давлат зиммасига олган эди. Шариат ва динга тўла амал қиларди, кофирлар ва динсизларни хорликка гирифтор этганди.

Юсуф Осаф у ҳақда шундай деган эди: “У тақводор, солиҳ, қаҳрамон ва жўмард эди, хайрни севарди, эҳсон ва марҳамат қилишга мойил эди”[3].

Вафоти ва васияти

“Ан-нужум аз-зоҳира” китоби муаллифи “Ҳижрий 855 йили вафот этган кишилар” номли бобда Султон Мурод Иккинчи ҳақида шундай ёзади: “Ўз замонасининг машриқу мағрибдаги энг яхши подшоҳларидан эди. Ақл, ирода, азм, саховат, шижоат, олижаноблик жиҳатидан ғоят устун шахс эди. Умрини Аллоҳ таоло йўлидаги жиҳодда ўтказди. Кўплаб ғазотларга чиқди, бир неча фатҳларга бош бўлди, мустаҳкам қалъаларни, метин ҳимояли шаҳарларни қўлга киритди. Шу билан бирга, у нафс истак-хоҳишларидан ҳам ўзини бутунлай маҳрум этмаган эди. Эҳтимол, унинг ҳоли баъзи улуғлар дини ҳақида сўралганида айтгани каби эди: “Уни гуноҳлар билан синдираман, истиғфор билан ямайман (чегалайман)”. У Аллоҳнинг афви ва карамига энг лойиқ инсондир. Зеро, Исломга ва мусулмонларга жуда кўп хизматлари сингди, Ислом душманларига шиддатли ва беаёв бўлди, уни Ислом ва мусулмонларнинг қалқони деб айтишарди, Аллоҳ уни афв қилсин ва жаннатга дохил этсин”[4].

Султон 47 ёшида Эдирна шаҳрида вафот этди ва васиятига кўра Бурсадаги Муродия жомеси ёнига дафн қилинди. У қабри устига ҳеч нарса қурилмаслигини, қабри атрофига супалар қилиниб, уларда қорилар Қуръон тиловат қилиб ўтиришларини ва жума куни дафн этишларини васият қилди. Унинг васияти бажо қилинди.

Султон Мурод кўплаб масжидлар, мадрасалар, қасрлар, кўприклар қурдирган. Эдирнада уч қаватли жоме масжиди қурдириб, ёнида мадраса ҳамда фақир-мискинлар ва мусофирлар учун такя ва емакхона ҳам бино қилдирган эди[5].

 

[1] Яничарлар (туркча – янги қўшин) – Усмонийлар давлатида хазинадан маош олиб турган мунтазам пиёда қўшинлар.
[2] “Усмонийлар тарихи ва маданияти” (246-бет).
[3] “Усмоний султонлар тарихи” (55-бет).
[4] Жамолиддин Абул Маҳосин, “Ан-нужум аз-зоҳира” (3/16).
[5] “Усмоний султонлар” (43-бет).

Изоҳ қолдиринг