Усмонийлар давлати: Урхон ибн Усмон

0

Усмонғозий вафотидан сўнг ўрнини ўғли Урхон эгаллади ва давлатни идора этишда отасининг сиёсатини тутди. Ҳижрий 727, милодий 1327 йилда Анатолиянинг шимоли-ғарбида Истанбулга яқин ерда жойлашган Никомедия (ҳозирги Измит) шаҳрини ишғол этди. Урхон у ерда усмонийларнинг биринчи дорулфунунга асос солди. Дорулфунун идорасини Мисрда таълим олган, усмоний уламолардан бири бўлмиш Довуд Қайсарийга топширди. Ўзи эса қўшинини замонавий талабларга жавоб берадиган мунтазам армияга айлантирди.

Урхон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг башоратларини рўёбга чиқариб, Константинополни фатҳ қилиш учун қаттиқ ҳаракат қилди. Бунинг учун етарлича стратегик режалар тузди. Режа Византия пойтахтини бир вақтнинг ўзида ҳам шарқдан, ҳам ғарбдан қамал қилишдан иборат эди. Мазкур режани амалга ошириш учун ўғли ва валиаҳди Сулаймонни Дарданелл (Чаноққалъа) бўғозидан ўтиб, ғарб томондаги баъзи жойларни қўлга киритиш учун юборди. Ҳижрий 757 йил Сулаймон қирқ суворий билан кечаси Дарданелл бўғозини кесиб ўтди ва ёвнинг ғарбий соҳилдаги қайиқларини шарқий соҳилга олиб ўтди. У вақтларда усмонийлар давлати эндигина ташкил топган бўлиб, ҳарбий кемаларга эга эмас эди. Сулаймон олиб келган қайиқлари билан қўшинини шарқий соҳилдан ғарбий соҳилга олиб ўтди ва Гелиболу (Галлиполи) шаҳрини забт этди. Султон Сулаймоннинг бу юриши кейинги усмоний султонларнинг Константинополни фатҳ қилишлари учун замин яратди.

Диндор янги армия тузиш:

Янги мунтазам армия ташкил этиш Урхонғозий ҳаётидаги энг муҳим ишлардан бири бўлди. У армияни ўн, юз ва мингта аскардан ташкил топадиган бир неча отлиқ ва пиёда тузилмаларга бўлди ва урушда қўлга киритиладиган ўлжаларнинг бешдан бирини армия харажатлари учун ажратди. Бундан олдин қўшин уруш вақтида йиғилган бўлса, янги низомга биноан аскарлар уруш вақтида ҳам, тинчлик вақтида ҳам доим қурролланган ҳолда турадиган бўлди. Аскарлар ўз машғулотларини ўтказишлари учун алоҳида марказлар ташкил этилди.

Шунингдек, “еничери” (“янги қўшин”) номли бошқа бир қўшин ҳам тузди. Бу қўшин эндигина исломни қабул қилган, даъватни тарқатиш учун Аллоҳ йўлида уруш қилишга ошиққанлардан ташкил топган эди. Шаҳарлари мусулмонлар тарафидан фатҳ қилинганидан сўнг исломни қабул қилган, ислом динини тарқатиш ниятида бўлган бу янги мужоҳидлар аввало фикрий ва ҳарбий жиҳатдан исломий тарбия олганларидан сўнг армиянинг турли марказларига қабул қилинар эди. Уламолар султон Урхон ёрдамида аскарлар қалбида жиҳодга нисбатан муҳаббат уруғини экдилар. Ҳатто жанг майдонларида Аллоҳ учун жанг қилиб, ғозий ва шаҳид мартабаларига эришиш аскарларнинг бирдан бир орзуларига айланди.

Немис шарқшуноси Карл Броккелман (1868-1956), инглиз тарихшуноси Эдуард Гиппон (1737-1794) ва инглиз шарқшуноси Гибб (1895-1971) каби баъзи ғайридинлар усмонийлар ташкил этган бу армиянинг аскарларини ёшлик чоғида ота-онасидан зўрлик билан тортиб олинган ва мажбуран исломни қабул қилган насроний болалар ташкил этган, деган фикрни олға суришган. Уларнинг даъволарига кўра, мусулмонлар босиб олган ерларининг бешдан бир сармоясини ўзлаштирганлар. Шунга биноан, босиб олинган минтақа аҳолиси фарзандларининг ҳам бешдан бир қисми давлат томонидан солиқ сифатида олинган. Бу даъво ислом тарихини бутун дунёга ёмон кўрсатиш учун уйдирилган ёлғондан бошқа нарса эмас. Тўғри, бу қўшин ичида христианларнинг фарзандлари ҳам бор эди. Лекин улар ўз оилаларидан зўрлик билан тортиб олинган эмас, балки урушда ота-оналарини йўқотган, қаровсиз ҳолда кўчада қолган болалар эди. Зеро, усмонийларнинг дини бўлмиш ислом дини бировнинг боласини тортиб олишдек қабиҳ ишга мутлақо қаршидир. Усмонийлар бу каби қаровсиз қолган болаларни йиғиб, уларни тарбиялаб, исломни қабул қилишларига сабабчи бўлдилар. Кўчада қаровсиз қолган етимларни ўз қарамоғига олиб, уларни исломга киришларига сабаб бўлиш, уларнинг келажакларини кафолатлашдек улуғ ишни “болаларни тортиб олиш” деб талқин қилиш асло тўғри эмас.

Ғайридинлар тарафидан тўқилган бунингдек ёлғон ва бўҳтон баъзи мусулмон тарихчилари томонидан мусулмон ўлкаларидаги таълим даргоҳларида ва мусулмон фарзандларига ўргатилиши жуда ҳам ачинарли ҳол. Бу туҳматни нафақат оддий тарихшунослар, ҳатто диндорлиги билан танилган фан докторлари ҳам ўз китобларида айтиб ўтишган. Масалан, Муҳаммад Фаридбек ўзининг “Ад-давлатул алийятул усмонийя” китобида, Доктор Али Ҳассун ўзининг “Тарихуд давлатил усмонийя” китобида, Муҳаммад Курд “Хутатуш Шом” китобида, Доктор Умар Абдулазиз “Муҳозарот фий тарихиш шуубил исломийя” китобида ҳамда Доктор Абдулкарим Ғарийба “Ал-арабу вал атрок” китобида исломга нафрати чексиз бўлган ғарб тарихшуносларининг гапларига таянган ҳолда мазкур бўҳтонни айтиб ўтишган.

Масалага далил жиҳатдан ёндашадиган бўлсак, усмонийлар насронийларнинг фарзандларини солиқ сифатида тортиб олгани ва улардан бир армия тузгани ҳақидаги маълумотлар фақат ва фақат юқорида номи тилга олинган шарқшуносларнинг китобларидагина айтилган, холос. Ислом тарихини ёзишда исломга нафрати бўлган ғайридинларнинг китобларига таянилмайди.

Султон Урхон тузган бу мунтазам армиянинг бир қисмини давлат қарамоғига олинган болалар ташкил этган бўлса, қолган қисмларини исломни қабул қилиб, мусулмонларнинг ишончини қозонган христианларнинг болалари, Урхон қабиласидаги аскарлар, олдиндан жиҳодга қатнашиб юрган мусулмон аскарлар, шунингдек, исломни қабул қилган Рим амирлари ҳамда аскарлари ташкил қилган. Зеро, бу армия, юқорида айтганимиздек, доимо султон ёнида тайёр туриши керак эди. Шунинг учун унинг аксарини султоннинг энг ишончли одамлари ташкил этган.

Султон Урхон мазкур армияни тузганидан сўнг тақводор ва олим деб танилган Ҳожи Бектошнинг ҳузурига бориб, аскарлар ҳаққига дуо қилишини сўраган ва унинг кўрсатмасига биноан, бу армияга “еничери”, яъни “янги қўшин” номини берган. Бироқ султон ўзини тақводор кўрсатган Ҳожи Бектош аслида ботинийлик эътиқодида эканидан бехабар эди. Шу тариқа, мазкур армиянинг ичига бектошийлик номи остида ботинийлик эътиқоди кира бошлади.

Ҳожи Бектош қай тарзда султон ишончига киргани ва армия ичида бектошийлик қандай ривожланганини алоҳида бошқа бир мақолада ёритиб ўтишга ҳаракат қиламиз, иншааллоҳ.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг