Уйқу ёки унутиш сабабли қазо бўлган намознинг ҳукми

0

Уйқу ёки унутиш сабабли қазо бўлган намознинг ҳукми

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Кимда ким намозни унутиб қўйса, эсига тушганда ўқисин. Унутилган намознинг ундан бошқа каффорати йўқ”. Имом Муслимга оид бир ривоятда шундай дейилади: “Агар биронтангиз намоздан ухлаб қолса ёки намоз эсидан чиқиб қолса, эслаган пайтида ўқисин. Зеро, Аллоҳ таоло: “Мени эслаш учун намоз ўқинг” [Тоҳа: 14], дейди”.

Ушбу ва бошқа бир қанча ҳадислар уйқу ёки унутиш сабабли ўқилмай қолган намозни адо қилиш фарз эканига, шунингдек, бундай намозни эслаган заҳоти ва ҳар қандай вақтда, ҳатто намоз ўқиш макруҳ бўлган вақтда ҳам ўқиш лозимлигига далолат қилади. Агар инсон бу намозни эслаган заҳоти ўқиса, гуёки ўз вақтида ўқиган, қазо қилмаган бўлади ва бунинг учун гуноҳкор бўлмайди, чунки ухлаб қолиш ёки унутиш инсон хоҳиш-иродасидан ташқаридаги иш.

Эслатмалар:
(1) Шуни билиш лозимки, “уйқуда камчиликка йўл қўйиш йўқ”. Бироқ инсон намозни тарк қилиш ёки кечиктиришга сабабчи бўладиган даражада қасддан ухласа, албатта, гуноҳкор бўлади. Шунингдек, бир киши намоз вақти чиқишига оз вақт қолганда ухласа ҳам гуноҳкор бўлади.
(2) Инсон намоз ўқиш учун уйғонишга ёрдам берадиган воситаларни қўллаши лозим. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбар ғазотидан қайтар эканлар кечаси юрдилар. У зотни мудроқ тута бошлагач, кечанинг охирида тунаб хордиқ чиқариш учун тўхтадилар. Билолга қарата: “Бу кеча бизга қўриқчилик қил”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳоблари ухладилар. Билол эса Аллоҳ насиб қилгунича намоз ўқиди. Бомдод вақти яқин қолганда Билол субҳи содиқ томонга юзланиб, туясига суянди ва шу кўйда кўзларига уйқу ғолиблик қилди. То қуёш чиқиб, одамларга иссиғи тегмагунча на Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, на Билол ва на саҳобалардан биронтаси уйғонмадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам биринчи бўлиб уйғондилар. У зот ҳайрон бўлиб: “Эй Билол! (Нега шу пайтгача уйғотмадинг!)”, дедилар. Билол деди: “Ота-онам сизга фидо бўлсин, сизга уйқу устунлик қилганидек, менга ҳам устунлик қилибди”. “(Туяларни) етакланглар”, дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Одамлар туяларини етаклаб озроқ юрдилар. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳорат олдилар ва Билолга буюрдилар: намозга иқомат (такбир) айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга бомдод намозини ўқиб бердилар. У зот намозни тугатгач шундай дедилар: “Кимда ким намозни унутиб қўйса, эслаганида ўқисин. Зеро, Аллоҳ таоло: “Мени эслаш учун намоз ўқинг” [Тоҳа: 14], деган[1].

Кўриб турганингиздек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозга уйғотиши учун Билолни кечаси қоровуллик қилишга буюрдилар. Бинобарин, бефойда ишлар билан кечани бедор ўтказиб, сўнг намозга уйғониш учун бирон эҳтиёт чорасини кўрмай ухлаган кимса узрли бўлмайди!
(3) Уйқу ёки унутиш сабабли намозни ўтказиб юборган киши бу намозни ўқир экан, намозга азон айтиши, худди намозни ўз вақтида ўқигандек суннатларни ҳам ўқиши ва иқомат айтиши мустаҳабдир.
(4) Уйқу ёки унутиш сабабли бир неча намозни ўтказиб юборган киши худди ўз вақтида ўқигандек, тартиби билан ўқийди ва ҳар бир намоз учун алоҳида иқомат айтади. Агар намозни ўтказиб юборганлар кўпчилик бўлсалар жамоат бўлиб намоз ўқийдилар. Агар қазо бўлган намоз жаҳрий намоз бўлса, гарчи сиррий намоз вақтида қазосини ўқиса ҳам жаҳрий тарзда, аксинча, қазо бўлган намоз сиррий бўлса, гарчи жаҳрий намоз вақтида қазосини ўқиса ҳам сиррий тарзда ўқилади. Юқоридаги Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиснинг баъзи ривоятларида “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (бомдодни) ҳар кунги ўқиганларидек ўқидилар” дейилган.

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Хандақ жангида намоз ўқишдан тўсилиб қолдик. Қуёш ботиб, кечадан бир мунча вақт ўтгачгина жанг машаққати бизлардан кўтарилди. Аллоҳ таоло қуйидаги оятда шуни назарда тутди: “Аллоҳ мўминлардан жанг машаққатини кўтарди (яъни осмондан шамол ва фаришталар юбориб,  мўминларни жангсиз ғолиб қилди).  Аллоҳ кучли ва  қудратли бўлган зотдир” [Аҳзоб: 25]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Билолни чақирди ва у пешинга иқомат айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пешинни (шу пайтгача) ўз вақтида қандай ўқисалар ўшандай чиройли  тарзда ўқидилар. Сўнг у зот буюрдилар, Билол асрга иқомат айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асрни (шу пайтгача) ўз вақтида қандай ўқисалар ўшандай чиройли  тарзда ўқидилар. Сўнг буюрдилар, Билол шомга иқомат айтди. У зот шомни ҳам ўшандай тарзда ўқидилар. Бу воқеа Аллоҳ таоло хавф намози тўғрисида: “Агар (душман ҳужумидан) хавф-хатарда қолсангиз, пиёда ёки отлиқ ҳолингизда (ибодат қилаверингиз!)” [Бақара: 239], деган оятни нозил қилишидан илгари юз берган эди[2].
(5) Агар инсон бирон намозни ўтказиб юборган бўлса-ю, масжидга кирса ва кириши билан навбатдаги намозга иқомат айтилса, дастлаб имом билан жорий намозни ўқийди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Агар намозга иқомат айтилса, фарздан бошқа намоз ўқилмайди[3]. Ҳадиснинг бошқа бир ривоятида шундай дейилади: “Агар намозга иқомат айтилса, иқомат айтилган намоздан бошқаси ўқилмайди[4]. Мазкур ривоятда гарчи бироз заифлик бўлсада, бироқ биринчи ривоятдан ҳам шу маъно тушунилади. Чунки биринчи ривоят шуни кўрсатадики, банда иқомат айтилган намоздан бошқа бирон нафл ҳам ёки фарз ҳам ўқиши жоиз эмас, валлоҳу аълам. Имом билан жорий намозни ўқигач, қазо бўлган намозни ўқийди. Қазо намозни ўқигач, тартибга риоя қилиш мақсадида имом билан ўқиган намозини қайтадан ўқимайди. Чунки бундай қилишга бирон далил йўқ.

  Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтади: “Бу фикр Ибн Аббос ва Шофеийнинг фикри, шунингдек, Аҳмад мазҳабидаги бошқа бир фикрдир”. Шундан сўнг роҳимаҳуллоҳ қуйидаги сўзлари билан мазкур фикрнинг тўғри эканини айтади: “Зеро, банда модомики имкон қадар Аллоҳдан тақво қилган бўлса, Аллоҳ унга бир намозни икки бор ўқишни фарз қилмайди”[5].

Шунингдек, вақт тиғиз бўлиб, қазо намозни ўқиса жорий намоз ҳам қазо бўладиган бўлса, рожиҳ фикрга кўра, аввало жорий намозни ўқийди. Жума намози қазо бўлишидан қўрққан тақдирда ҳам шундай йўл тутади, валлоҳу аълам[6]. Бироқ жума хутбаси асносида қазо намозни эслаб қолса, гарчи хутбага қулоқ солмасликка олиб борса ҳам жума намозини ўтказиб юбормаслик шарти билан қазо намозни ўқиб олиши лозим.
(6) Юқорида айтилган ҳукм ва эслатмалар уйқу ёки унутиш сабабли намозни ўтказиб юборган кишиларга тааллуқлидир. Чунки бундай кишилар камчиликка йўл қўйишмаган. Аммо қасддан намозни тарк қилган кишига келсак, бундай намозни қазосини ўқиш фарзлиги хусусида уламолар ихтилофлашганлар.

Бир гуруҳ уламоларнинг фикрича, бундай намознинг қазоси ўқилмайди, балки қасддан намозни тарк қилган инсон тавба қилиши лозим, ўқиган тақдирда ҳам намози дуруст бўлмайди. Чунки Аллоҳ таоло шундай дейди: “Албатта, намоз мўминларга (вақти) тайинланган фарз бўлди” [Нисо: 103]. Зеро, вақтидан олдин ўқилган намоз дуруст бўлмаганидек, вақти чиққандан кейин ўқилган намоз ҳам дуруст эмас.

Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтади: “Намозни қасддан тарк қилган инсон унинг қазосини ўқиши жоиз эмас, борди-ю, ўқиса ҳам дуруст бўлмайди. Балки бундай кимса кўпроқ нафл намозлар ўқиши, шунингдек, нафл рўзалар тутиши лозим. Бу фикрга хилоф келган бирон далил бўлмай, аксинча, далиллар шуни кўрсатади”[7].

Қасддан тарк қилинган намознинг қазосини ўқиш фарз деган бошқа уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Зеро, Аллоҳнинг қарзи ўталишга ҳақлироқдир[8] деган сўзларини далил қиладилар. Уларнинг фикрича, намоз банданинг зиммасидаги қарз бўлиб, адо қилмагунча соқит бўлмайди.

Шавконий роҳимаҳуллоҳ мазкур масаладаги ихтилофни баён қилиб бўлгач шундай дейди: “Буни билгач, мазкур масаланинг чигал масалалардан бири эканини англаб етасиз”[9].

Шайх Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ қасддан тарк қилинган намознинг қазоси ўқилмайди, деган фикрни рожиҳ деб билган[10].
(7) Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ёнида суви бўлмаган мусофир намоз вақти чиққач сув топишини билса, намозни вақтидан кечиктириши жоиз эмас, балки таяммум қилиб ўз вақтида намоз ўқишида ҳеч қандай хилоф йўқ.

Шунингдек, рукуъ, сажда ва қироат қилишдан ожиз инсон вақт чиққандан сўнг рукуъ, сажда ва қироатларни тўлиқ бажариб ўқишини билса ҳам намозни ўз вақтида имконият даражасида ўқиши фарздир”[11].

Самолёт ёки поездга минган инсон тик туриб намоз ўқишга имкони бўлмаса, имконият доирасида эгилиб, имо-ишора билан намоз ўқийди.

Шунингдек, нажас кийимдан бошқасини топмаган ёки баданига теккан нажосатни вақт чиқишидан олдин тозалаш имконини топмаган инсон шу ҳолатида намоз ўқийди, вақт чиққач покланиб қайтадан намоз ўқиши шарт эмас. Ҳайз кўрган аёл ёки жунуб инсон вақт чиқишидан олдин ғусл қилиш учун сув топа олмаса, таяммум қилиб намоз ўқийди.

Бироқ инсон вақт чиқишидан бир оз олдин уйғонса, сув ҳам бор бўлса, агар ғусл қилса қуёш чиқадиган бўлса, бу ҳолатда тўғрироқ фикрга кўра, гарчи қуёш чиқса ҳам ғусл қилиб, сўнг намоз ўқийди. Бу фикр имом Абу Ҳанифа, имом Шофеий ва имом Аҳмаднинг фикри бўлиб, шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ[12] ҳам шу фикрни ихтиёр қилган. Лекин эслатиб ўтиш лозимки, мазкур ҳолатда инсон ғусл ва намоздан бошқа бирон иш билан машғул бўлмаслиги лозим. Борди-ю, бошқа ишлар билан машғул бўлиб, ғусл ва намозни кечиктирса, гуноҳкор бўлади.
(8) Агар инсон бир вақт намозни унутиб ўтказиб юборган бўлса-ю, бироқ унинг қайси намоз эканини билмаса, бу ҳолатда нима қилиши хусусида уламолар турлича фикрлар билдиришган:

Бир фикрга кўра, бундай инсон беш вақт намознинг қазосини ўқиши лозим.

Бошқа бир фикрга кўра, бундай инсон ўтказиб юборган биргина намозини ният қилиб икки ракатли, уч ракаатли ва тўрт ракатли намоз ўқиши лозим. Негаки, ўтказиб юборган намози пешин, аср ёки хуфтондан бири бўлса ўқиган тўрт ракаатлик намоз уларнинг ҳар бирига тўғри келади. Икки ракаатлик намоз бомдоднинг ўрнини босса, уч ракаатлик намоз эса шомнинг ўрнини босади.
(9) Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар инсон жума куни хутба асносида, хутбани эшитиш ёки эшитмаслигидан қатъий назар, зиммасида ўқиши фарз бўлган қазо намози борлигини эслаб қолса, агар қазо намозни ўқиб, жума намозига ҳам улгуриш имкони бўлса, қазони ўқиши жоиз, балки жумҳур уламолар фикрича, бундай ҳолатда унга қазо ўқиш фарздир”[13].

Аммо қазо намоз эсига тушса-ю, бироқ жума намозига улгурмай қолишдан қўрқса, тўғри фикрга кўра, аввал жума намозини ўқиб, сўнг қазони ўқийди ((5) рақамли эслатмага қаранг).
(10) Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтади: “Кимда ким бирон касб-ҳунарни деб, овни деб, устозга хизмат қиламан деб ёки ундан бошқа бирон ишни деб намозни кечиктирса, ҳатто қуёш ботса (аср намозида), уни жазолаш вожибдир. Балки жумҳур уламолар наздида ундан тавба қилиши талаб қилингач қатл қилиш вожиб”[14].

[1] Муслим (680), Абу Довуд (435), Термизий (3163), Насоий (2/296) ва Ибн Можа (697) ривоят қилишган.
[2] Саҳиҳ. Насоий (2/17), Аҳмад (3/49) ва Ибн Хузайма (1703) ривоят қилишган.  Ҳадис матни Ибн Хузаймага оид.
[3] Муслим (710), Абу Довуд (1266), Термизий (421), Ибн Можа (1151) ва Насоий (2/116) ривоят қилишган.
[4] Ҳасан. Ушбу ҳадисни мазкур лафз билан имом Аҳмад (2/352), Табароний “Авсат”да (8/286) ва Таҳовий “Маонил осор”да (1/372) ривоят қилишган.
[5] “Мажмуул фатово” (22/106). Дарҳақиқат, Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ бу масаладаги иккинчи фикрни ҳам нақл қилади. Унга кўра, инсон намозни қайтадан ўқийди. У бу фикрни Ибн Умар розияллоҳу анҳумога нисбат берар экан, шунингдек, бу фикр имом Молик ва имом Абу Ҳанифанинг фикри ҳамда имом Аҳмад мазҳабидаги машҳур фикр эканини айтади.
[6] Қаранг: “Аш-шарҳул мумтеъ” (139-142-бетлар). Шунингдек, (9) сонли эслатмага қаранг.
[7] “Ал-ихтиёрот ал-фиқҳийя” (16-бет).
[8] Бухорий (1953) ва Муслим (1148) ривоят қилишган.
[9] “Найлул автор” (2/3).
[10] Қаранг: “Аш-шарҳул мумтеъ” (2/135).
[11] “Ал-ихтиёрот ал-фиқҳийя” (64-бет).
[12] “Мухтасарул фатовол мисрийя” (43-бет).
[13] “Мажмуул фатово” (22/107).
[14] Собиқ манба (22/38).

Изоҳ қолдиринг