Уйланиш ҳаром бўлган аёллар (2)

0

(3) Эрлик аёллар

Дарҳақиқат, аёл киши ўзганинг никоҳида экан унга уйланиш ҳаромдир. Аллоҳ таоло айтади: «Яна эрлик аёллар (ҳам ҳаром қилинди). (Уруш-жангларда) қўлга киритган чўриларингиз бундан мустаснодир» [Нисо: 24]. Шунингдек, модомики аёл идда сақлаётган бўлса, унга уйланиш ҳаромлиги давом этаверади. Бу борада аёлнинг эри вафот этгани ёки талоқ қилингани сабабли идда ўтиришининг, шунингдек, талоқ сабабли идда сақлаётган бўлса, талоқнинг ражъий ёки катта ёки кичик боин талоқ эканининг аҳамияти йўқ. Ҳар қандай ҳолатда ҳам иддаси тугамаган аёлга уйланиш жоиз эмас.

Аллоҳ таоло айтади: «(Уруш-жангларда) қўлга киритган чўриларингиз бундан мустаснодир». Жангда қўлга киритилган ғаниматлар ичида чўри аёллар ҳам бўлиши мумкин. Маълумки, уларнинг ичида эрлик аёллар бўлади. Бундай аёлларга ҳомиладан холи экани маълум бўлгач, яъни бир ҳайз кўргач, уйланиш жоиз. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Автосга қўшин юбордилар. Қўшин душманга дуч келди ва уларга қарши жанг қилиб, ғалаба қозонди. Қўлга киритилган ўлжалар ичида аёллар ҳам бор эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг баъзи саҳобалари уларнинг ичидаги эрлик аёлларга яқинлик қилишни гуноҳ деб санадилар. Чунки уларнинг мушрик бўлса-да, эрлари бор эди. Шунда Аллоҳ таоло «Яна эрлик аёллар (ҳам ҳаром қилинди). (Уруш-жангларда) қўлга киритган чўриларингиз бундан мустаснодир» оятини нозил қилди. Яъни, эрлик чўри аёлларнинг иддаси тугаган бўлса, сизларга ҳалолдир, дейди Аллоҳ таоло»[1].

Эрлик чўри аёлларнинг иддаси, агар ҳомиладор бўлса, ҳомилани туғиши билан, ҳомиладор бўлмаса, бачадоннинг ҳомиладан холи эканини билиш, яъни бир ҳайз кўриш билан ниҳоясига етади.

Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳунинг «эрлик чўри аёлларнинг иддаси тугаган бўлса», деган сўзидан мақсад ҳомиладор аёл боласини туғиши, ҳомиласиз аёл бир ҳайз кўришидир»[2].

Мавзуга оид мулоҳазалар:

(А) Рожиҳ фикрга кўра, чўри аёлга яқинлик қилиш учун унинг муслима бўлиши шарт эмас. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга яқинлик қилиш учун ҳомиласини туғишини ёки бир ҳайз кўришинигина шарт қилдилар. Қолаверса, Автос жангида қўлга олинган чўри аёллар бутпараст бўлган эдилар[3].

(Б) Шунингдек, кофир эр никоҳида бўлган аёл мусулмон бўлса, мусулмонлиги сабаб улар ўртасидаги никоҳ бузилади ва иддаси тугагач, унга уйланиш ҳалол бўлади. Бундай аёлнинг иддаси худди чўри аёлнинг иддаси билан бир хилдир.

(В) Чўри аёл сотиб олган киши то аёл бир ҳайз кўрмагунча унга яқинлик қилмайди.

(4) Уч бор талоқ қилинган аёл

Эр киши хотинига яқинлик қилгач ёки унга яқинлик қилишидан олдин уч бор талоқ қилса, бундай аёл унга ҳаром бўлиб қолади. Шундан сўнг аёл то бошқа эркакка турмушга чиқиб, улар ўртасида жинсий яқинлик юзага келиб, сўнг эри талоқ қилиб, иддаси тугамагунча биринчи эрига қайтиши ҳалол эмас.

Мазкур ҳолатда иккинчи эркак шунчаки аёлни биринчи эрига ҳалоллаб бериш мақсадида унга уйланган бўлса, бу билан аёл биринчи эрига ҳалол бўлиб қолмайди. Чунки ношаръий ишни четлаб ўтиш учун қилинган бу ҳийла ҳаромни ҳалол қилиб бермайди. Зеро, ҳадисда шундай дейилади: «Аллоҳ таоло (уч бор талоқ қилинган аёлни эрига) ҳалоллаб берувчини ҳам, ҳалоллаб беришни сўраган (собиқ эр)ни ҳам лаънатлади»[4].

(5) Мушрик аёлга уйланиш

Мусулмон эркак мушрик аёлга уйланиши, муслима аёл мушрик эркакка турмушга чиқиши жоиз эмас. Аллоҳ таоло айтади: «То иймонга келмагунларича мушрик аёлларга уйланмангиз! Шубҳасиз, озод мушрик аёлдан — гарчи у сизга ёқса-да, — иймонли чўри яхшироқдир. То иймонга келмагунларича мушрик эрларга (қизларингизни) турмушга бермангиз! Шубҳасиз, озод мушрикдан — гарчи у сизга ёқса-да, — иймонли қул яхшироқдир» [Бақара: 221].

Мусулмон эркак то иймон келтирмагунча аҳли китоблардан бошқа мушрик аёлларга уйланиши ҳалол эмас. Мушрик аёллар деганда бутпараст, худосиз, (ислом динидан қайтган) муртад, даҳрий, шунингдек, қодёнийлар, баҳоийлар, дурузлар ёки алавийлар каби фирқалардан бирига мансуб аёллар назарда тутилади.

Шунингдек, муслима аёл хоҳ аҳли китоблардан бўлсин, хоҳ улардан бошқалардан бўлсин, кофир эркакка турмушга берилмайди. Аллоҳ таоло айтади: «Агар сизлар уларнинг (ҳақиқий) мўмина эканликларини билсангизлар, у ҳолда уларни кофирларга қайтарманглар! У мўминалар кофирлар учун ҳалол эмас, кофирлар мўминалар учун ҳалол эмасдир» [Мумтаҳана: 10].

Мавзуга оид мулоҳазалар:

(А) Муслима аёлни кофир эрга (гарчи аҳли китоблардан бўлса-да) турмушга бериш ман қилинди. Токи кофир эр муслима аёлга хўжайинлик қилмасин. Чунки оила бошчиси бўлмиш кофир эр муслима аёлининг динига путур етказиши мумкин.

  Қолаверса, ислом динини эътироф этмайдиган эр муслима аёлга ёмон муомала қилиши мумкин. Бунинг акси ўлароқ, мусулмон эр аҳли китоб (насроний ёки яҳудий) аёлининг динини эътироф этади, исломий эътиқод ва ахлоқдан келиб чиқиб унга чиройли муомалада бўлади. Валлоҳу аълам.

(Б) Баъзи уламоларнинг фикрича, уйланиш жоиз бўлган аҳли китоб аёлларга араб аёллари кирмайди. Чунки улар «муқаддас учлик» тушунчасини, шунингдек, Исо ва Узайрни Аллоҳнинг боласи деб эътиқод қилишади. Бундай эътиқоднинг куфр эканида шубҳа йўқ. Бироқ жумҳур уламолар фикрича, мазкур куфр эътиқодга қарамай араб аҳли китоб аёлларга уйланиш жоиз. Чунки «Сизлардан илгари китоб берилган кимсалардан бўлган ўзларини ҳаромдан сақлаган (иффатли) аёллар ҳам (ҳалолдир)» [Моида: 5] ояти нозил бўлган пайтдаги яҳуд ва насронийлар эътиқоди ҳам шундай бўлган эди. Бу фикр саҳобалардан Ибн Аббос[5] ва Умар ибн Хаттоб[6] розияллоҳу анҳумларнинг фикридир.

Ибн Усаймийн роҳимаҳуллоҳ айтади: «Хулоса қилиб айтганда, жумҳур уламоларнинг фикрича, аҳли китоблар динида бўлган ва уларга мансуб бўлган аёл, гарчи «муқаддас учлик» тушунчасини эътиқод қилса ҳам, унга уйланиш ҳалолдир»[7].

(В) Аҳли китоб аёлларга уйланиш (иффатли бўлиш шарти билан) жоиз ва ҳалол бўлса-да, мусулмон киши улардан хотин танламагани афзал. Чунки улар мусулмон эр ва унинг фарзандлари динига путур етказиши мумкин. Қолаверса, аҳли китоб аёлга уйланиш унинг ота-онаси ва ақраболарини яхши кўриш ва уларни ўзига яқин олишга олиб боради. Ҳолбуки, мусулмон киши аҳли китобларни яхши кўришдан қайтарилган. Шу боис, аҳли китобларга уйланиш муслима аёллар учрамайдиган юртлар каби хос ҳолатларда ва тор доирада бўлиши мақсадга мувофиқдир.

Қуйидаги ривоят аҳли китобларга уйланиш макруҳ эканига далолат қилса ажаб эмас. Унда келишича, Ҳузайфа розияллоҳу анҳу яҳудий бир аёлга уйланади. Шунда Умар розияллоҳу анҳу «аёлингни талоқ қил», деб Ҳузайфага хат ёзади. Ҳузайфа «Нега? Яҳудий аёлга уйланиш ҳаромми?», деб жавоб ёзади. Шунда Умар розияллоҳу анҳу шундай жавоб ёзади: «Йўқ, ҳаром эмас. Бироқ мен иффатсиз аҳли китоб аёлларга ҳам уйланиб кетишингиздан қўрқаман»[8].

 Аҳли китоб аёллар дорул ҳарбдан бўлса уларга уйланиш макруҳлиги янада ортади. Ҳатто баъзи уламолар уларга уйланишни ҳаром дейишган. Чунки мусулмон эркак дорул ҳарбдан бўлган аҳли китоб аёлга уйланиши натижасида душман сафининг кўпайишига ҳисса қўшган саналади. Дарҳақиқат, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо бу ҳақда сўралганда «(Дорул ҳарбдан бўлган аёл мусулмон эркакка) ҳалол эмас», дея, қуйидаги оятни ўқиди: «Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган, Аллоҳ ва Унинг пайғамбари ҳаром деган нарсани ҳаром деб билмайдиган, ҳақ (яъни ислом) динига эътиқод қилмайдиган аҳли китоблардан иборат бўлган кимсаларга қарши то улар хорланган (мағлуб) ҳолларида ўз қўллари билан (зиммаларидаги) жизя – солиқни тўламагунларича жанг қилингиз!» [Тавба: 29]».

(6) Тўрттадан кўп аёлга уйланиш

Аллоҳ таоло айтади: «Агар етим қизларга адолат қила олмасликдан қўрқсангиз (никоҳи ҳалол бўлган аёллардан) ўзингизга ёққанига иккита, учта, тўрттадан уйланаверинглар. Борди-ю, (улар орасида) адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, бир аёлга (уйланинг) ёки қўл остингиздаги чўрилар билан (кифояланинг)» [Нисо: 3].

Мавзуга оид мулоҳазалар:

(1) Эркак киши бир вақтнинг ўзида тўртта аёлдан кўпини никоҳида жамлаб туриши ҳаромдир. Агар тўртта аёлларидан бирини талоқ қилса, иддаси тугагач, унинг ўрнига бошқасига уйланиши жоиз. Аммо хотинларидан бири вафот этса, ҳеч қандай муддат кутмасдан унинг ўрнига бошқасига уйланиши жоиздир. Мазкур ҳолатда, баъзи авом кишилар ўйлаганидек, эр идда сақлаши ёхуд маълум муддат ўтказиб, сўнг уйланиши шарт эмас.

Ислом динини қабул қилган эрнинг тўрттадан ортиқ хотини бўлса, улардан тўрттасини қолдириб, қолганларининг жавобини беради. Бунинг учун эр энг олдин ёки энг сўнг уйланган хотинларига жавоб бериши шарт бўлмай, балки ўзи хоҳлаган хотинларини қолдириб, хоҳлаганига жавоб беради. Муҳими эрнинг никоҳида тўрттадан ортиқ хотин қолмаслиги лозим.

(2) Аллоҳ таоло Расулига (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тўрттадан ортиқ аёлга уйланишга, шунингдек, аёллар ўзларини у зотга ҳадя қилишларига рухсат берди. Аллоҳ таоло айтади: «(Ўзини ҳадя этган аёлга маҳрини бермасдан уйланиш ижозати) мўминлар учун эмас, холис сиз учундир» [Аҳзоб: 50].

(3) Шиа тоифаси ҳамда баъзи зоҳирийлар бир вақтнинг ўзида то тўққизтагача хотинни никоҳда жамлашни жоиз ҳисоблайдилар. Ҳатто улардан баъзилари бу сонни ўн саккизтага етказганлар. Улар ўз фикрларини қўллаб-қувватлаш учун Аллоҳ таолонинг «ўзингизга ёққанига иккита, учта, тўрттадан уйланаверинглар» деган сўзидаги сонлар ўртасидаги боғловчини «йиғувчи» деб тушунганлар. Бинобарин, мазкур оят «ўзингизга ёққанига иккита, учта, тўртта, яъни бир вақтнинг ўзида мазкур сонлар йиғиндиси бўлмиш жами тўққизтагача уйланинглар», деган маънони ифодалайди деб талқин қилганлар. Албатта бу тушунча араб тилини яхши билмаслик оқибатида пайдо бўлган. Агар оят маъноси улар ўйлагандек бўлганида ундаги «иккита, учта, тўрттадан» деган сўзлар беҳуда гапни чўзиш ҳисобланган, унинг ўрнига Аллоҳ таоло бир сўз билан «тўққизтагача» деган бўлар эди. Зеро, беҳуда гапни чўзиш Қуръоннинг мухтасар ва мўъжизакорлигига зиддир. Аслида мазкур оят Аллоҳ таолонинг фаришталарни васф қилиб айтган «Ҳамду сано осмонлар ва ерни илк яратгувчи ҳамда (Ўзи билан бандалари ўртасида) фаришталарни икки, уч, тўрт қанотли элчилар қилгувчи Аллоҳга хос» [Фотир: 1], деган сўзига ўхшашдир. Яъни, фаришталарнинг икки қанотлиси, уч қанотлиси ва тўрт қанотлиси бор. Муфассирлардан ҳеч бири оятдан фаришталарнинг тўққизта қаноти бор экани келиб чиқади, деб айтишмаган.

Қолаверса, бир вақтнинг ўзида тўрттадан ортиқ аёлга уйланиш жоиз эмаслигини қўллаб-қувватлайдиган ҳадислар ҳам бор. Ҳадисда келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам никоҳида тўрттадан ошиқ аёли бор бўлган ҳолида исломни қабул қилган кишиларни аёлларидан тўрттасини қолдириб, қолганларига жавоб беришга буюрар эдилар[9].

(7) Эҳромдаги шахснинг уйланиши

Ҳаж ёки умра учун эҳром кийган шахс ўзи ёки ўзгалар учун никоҳ ўқиши ҳаромдир. Никоҳ ўқиган шахс хоҳ валий бўлсин, хоҳ вакил бўлсин, ўқилган никоҳ ботил бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Эҳром кийган инсон никоҳланмайди ҳам, никоҳламайди ҳам, совчи ҳам қўймайди»[10]. Шунга кўра, эҳром кийган шахс уйланиши, ўзидан бошқага никоҳ ўқиши, шунингдек, бирон аёлга совчи қўйиши жоиз эмас.

Мавзуга оид мулоҳазалар:

(А) Келин-куёвдан бири ёки валий эҳромдалик пайтида ўқилган никоҳ нодуруст саналиб, уни бекор қилиш учун талоққа ҳожат қолмайди. Чунки аслида бундай никоҳ шартномаси шаръан асоссиз никоҳдир.

(Б) Агар эҳромдаги шахс ҳаромлигини билмасдан никоҳ ўқиб қўйса нима бўлади?

Бундай шахс билмагани учун гуноҳкор бўлмаса-да, бироқ никоҳ дуруст бўлмайди.

(В) Ҳаромлигини билмаган ҳолда эҳромда никоҳ ўқилгач, аёлига яқинлик қилса ва бу никоҳдан фарзанд кўрса нима бўлади?

Ҳар қандай ҳолатда ҳам янгидан никоҳ ўқитиш лозим. Туғилган фарзандлар эса шаръий фарзандлар ҳисобланиб, оталарига нисбат берилади. Чунки эр аёлига «шаръий никоҳдаги хотиним», деган ўй билан яқинлик қилган.

(8) Зинокор аёлга уйланиш

Эр киши тавба қилмаган зинокор аёлга уйланиши, аёл киши эса тавба қилмаган зинокор эркакка турмушга чиқиши ҳаромдир.

Аллоҳ таоло айтади: «Зинокор эркак фақат зинокор ёки мушрик аёлга уйланур. Зинокор аёлга фақат зинокор эркак ёки мушрик уйланур» [Нур: 3]. Оятнинг нозил бўлиш сабаби қуйидаги ҳадисда баён қилинган. Амр ибн Шуайб отасидан, отаси бобосидан ривоят қилишича, «Марсад ибн Абу Марсад деган киши бўлган. У (мушриклар қўлга олган мусулмон) асирларни Маккадан олиб қочиб, Мадинага олиб келар эди. Маккада Аноқ деган бир фоҳиша аёл бор бўлиб, (жоҳилият даврида) Марсаднинг ўйнаши бўлган эди. Марсад Маккадаги мусулмон асирлардан бирини асирликдан халос этишни ваъда қилган эди. Бу ҳақда Марсад шундай ҳикоя қилади: «Ёруғ кечаларнинг бирида Маккага етиб келиб, бир девор соясида яшириндим. Шунда қаердандир Аноқ пайдо бўлиб, мен яширинган девор ёнидаги шарпамни кўриб қолди. Уни олдимга юриб келганида танидим. «Марсадмисан?», деди у. «Ҳа, Марсадман», дедим. «Хуш келибсан, кел, бу кеча бизникида туна», деди Аноқ. «Эй Аноқ, Аллоҳ зинони ҳаром қилган», дедим мен. Шунда Аноқ: «Эй чодир аҳли,огоҳ бўлинглар! Мана бу киши сизларнинг асирларингизни ўғирламоқчи!», дея айюҳаннос солди. Мушриклардан саккизтаси ортимдан тушишди. Мен тоққа қараб қочдим. Бир ғорга етиб бориб, унинг ичида яшириндим. Мушриклар ортимдан қувлаб, ғор оғзига қадар келишди. Аллоҳ уларнинг кўзидан мени тўсиб, ғор оғзига келган мушриклар мени кўрмадилар. Мени тополмай ҳафсаласи пир бўлган мушриклар ғорга қараб сийдилар, ҳатто сийдиклари бошим устидан оқди. Сўнг улар ортларига қайтиб кетишди. Мен бўлсам ваъда қилган биродаримнинг олдига бордим. У жуда оғир инсон эди. Уни «Изхир» (ўсимлиги ўсадиган жой)га қадар кўтариб бордим. Сўнг (қўл-оёқларига солинган) кишанларни ечиб, у билан бирга Мадина сари йўл олдик. Йўлда баъзан уни кўтариб олдим, баъзан ўзи юрди. Шу кўйда Мадинага етиб келдик. Мадинага етиб боргач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига бориб: «Эй Расулуллоҳ, Аноққа уйлансам бўладими?», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам индамадилар, менга жавоб қайтармадилар. Ва ниҳоят қуйидаги оят нозил бўлди: «Зинокор эркак фақат зинокор ёки мушрик аёлга уйланур. Зинокор аёлга фақат зинокор эркак ёки мушрик уйланур. Бу (яъни зинокор аёлларга уйланиш) мўминларга ҳаром қилингандир» [Нур: 3]. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Эй Марсад, зинокор эркак фақат зинокор ёки мушрик аёлга уйланур. Зинокор аёлга фақат зинокор эркак ёки мушрик уйланур. Сен Аноққа уйланмагин»[11].

Мавзуга оид мулоҳазалар:

(А) Чинакам ва холис тавба қилган зинокор аёлга уйланиш, шунингдек, чин дилдан тавба қилган зинокор эркакка турмушга чиқиш жоиздир.

(Б) Зинокор инсоннинг чинакам тавба қилганини унинг зоҳирдаги тақвоси ва мақтовли юриш-туришидан билиш мумкин. Баъзи уламолар зинокор аёлнинг тавбасини билиш учун пинҳона равишда уни зинога таклиф қилиб кўрилади, дейишган. Албатта, бу шариат қоидаларига зид бўлган ботил фикрдир. Зеро, инсон чинакам тавба қилган бўлиши, бироқ пинҳона гуноҳ иш таклиф қилинса, шайтон васвасасига учиши мумкин. Қолаверса, бир инсон тавба қилди дегани, энди у қайта гуноҳ ишга қўл урмайди дегани эмас.

(В) Зинокор аёл тавба қилиб, унга биров уйланмоқчи бўлса, зино сабабли идда сақлайдими, йўқлиги хусусида уламолар ихтилоф қилганлар. Рожиҳ фикрга кўра, бундай аёл идда ўтирмайди. Негаки, идда шаръий никоҳдаги эрнинг ҳаққини ҳимоя қилиш учун ўтирилади, холос. Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзи шунга далолат қилади: «Эй мўминлар, агар сизлар мўминаларни никоҳларингизга олсангизлар-у,  сўнгра уларга яқинлик қилишдан илгари уларни талоқ қилсангизлар, у ҳолда сизлар учун аёллар идда ўтирмайдилар» [Аҳзоб: 49]. Мазкур оят идда ўтириш собиқ эрнинг ҳаққи эканини кўрсатади. Чунки Аллоҳ таоло оятда: «у ҳолда сизлар учун аёллар идда ўтирмайдилар», демоқда.

 Ибн Усаймийн роҳимаҳуллоҳ айтади: «Шундай бўлса-да, бачадонда ҳомила борлиги эҳтимолидан сақланиш учун бир ҳайз кўриб, ҳомила йўқлигини аниқлаш вожибдир. Тўғри фикр шу»[12].

(Г) Мазкур ҳукмлар зинокор аёл билан зино қилган эркакларга ҳам, шунингдек, ундан бошқа эркакларга ҳам тегишлидир. Зинокор эркак ва зинокор аёлнинг ҳар иккиси тавба қилишса, аёл бир ҳайз кўргач ёки ҳомиладор бўлса, бола туққач, икковлари турмуш қуришлари жоиз. Зинодан туғилган бола эрга нисбат берилмай, балки фақат онасига нисбат берилади. Баъзи инсонлар зинокор эркак ўз хатосини тузатиши учун зино қилган фоҳиша аёлига уйланишга мажбур деб ҳисоблайдилар. Бироқ бу фикр эгалари мазкур ҳолатда кишининг зино пайтидаги эркаклик суви шаръий никоҳдан кейинги эркаклик сувига аралашиб кетишига парво қилмайдилар. Албатта бу фикр шариат аҳкомларидан йироқдир. Гарчи зинокор аёлга у билан зино қилган эркак уйланса-да, зино шаҳватидан пайдо бўлган бола зинокор отасига нисбат берилмайди.

(Д) Эрлик аёл зинога қўл урса, шу қилмишининг ўзи биланоқ эр-хотин ўртасидаги никоҳ бузиладими-йўқми?

Рожиҳ фикрга кўра, мазкур ҳолатда никоҳ бузилмайди. Бироқ эр зинога қўл урган аёлини никоҳида қолдириши афзалми ёки талоқ қилганими?

Имом Аҳмад бундай аёлнинг жавобини беришни мустаҳаб санаб, шундай деганлар: «Бундай аёл эрининг тўшагини булғамаслиги, бировлардан бола орттириб, эрига нисбат бермаслигига кафолат йўқ»[13].

Албатта, бундай аёлни талоқ қилиш шарт бўлмай, балки мустаҳаб холос. Зинога қўл урган аёл эрининг никоҳида давом этиши тўғрисида Шавконий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: «Инсон зинога қўл урган хотинини никоҳида қолдириши жоиз. Бироқ у зинокор аёлга уйланиши ҳаромдир»[14]. Демак, эркак кишининг бошиданоқ зинокор аёлга уйланиши билан, уйлангач, зинога қадам қўйган аёли билан яшаши ўртасида фарқ бор. Зинокор аёлга уйланиш ҳаром бўлса, зино қилиб қўйган хотин билан никоҳда давом этиш жоиздир. Шундай бўлса-да, имом Аҳмад айтганларидек, бундай хотинни талоқ қилиш афзалдир.

  • Чўрига уйланиш

Озод эркак қуйидаги муайян шартлар асосида чўрига уйланиши жоиздир:

(А) Уйланмоқчи бўлган чўрининг аҳли китоб эмас, балки фақат муслима бўлиши. Шунга кўра аҳли китоб чўрига уйланиш дуруст эмас. Бироқ аҳли китоб чўрига эгалик қилиши ва унга жинсий яқинлик қилиши жоиз. Аммо мусулмон эркак хотин сифатида фақат муслима чўринигина никоҳига олиши мумкин.

(Б) Хотинсизлик сабабли зарар кўришдан қўрқиши. Яъни инсон уйланмаса фитнага учраб қолишдан, гуноҳга қўл уришдан қўрқсагина чўрига уйланиши жоиз.

(В) Озод аёлга бериладиган маҳрга ёки чўри сотиб олишга қодир бўлмаслик. Бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзи далолат қилади: «Сизлардан кимда-ким озод мўмина аёлларга уйланиш имкониятига эга бўлмаса, у ҳолда қўлларингиздаги мўмина чўрилардан бирига уйланаверсин… Бу (яъни чўриларга уйланиш рухсати) орангиздаги бузилиб кетишдан қўрққан кишилар учундир…» [Нисо: 25].

Мавзуга оид мулоҳазалар:

(1) Қул то озод қилинмагунча ўзининг аёл хўжайинига уйланиши жоиз эмас. Бунга уламолар ижмо қилишган.

(2) Шунингдек, хўжайин, то озод қилмагунча, ўзининг чўрисига уйланиши жоиз эмас. Хўжайин чўрисини озод қилишни унга бериладиган маҳр ўрнида ҳисоблаши жоиз.

(3) Озод аёл фарзандининг қулига турмушга чиқиши жоиз. Аллоҳ таоло айтади: «Мана шулардан бошқа аёлларга зино қилувчи бўлмаган ҳолингизда молларингизни маҳр қилиб бериш эвазига уйланишга ҳаракат қилиш сизлар учун ҳалол қилинди» [Нисо: 24].

(4) Никоҳ шартномаси сабабли жинсий яқинлик қилиш ҳаром бўлган бирон аёлга чўрилиги сабабли жинсий яқинлик қилиш ҳам ҳаром бўлади. Бундан кофир аёллар мустасно бўлиб, озод эркак киши унга уйланиши жоиз бўлмаса-да, бироқ уни чўри қилиб олиши мумкин. Шунингдек, мушрик аёлларни чўри қилиб олиш жоиз. Бироқ уларга уйланиш жоиз эмас.

[1] Муслим (1456), Абу Довуд (2155), Термизий (1132, 3017) мухтасар ҳолда ва Насоий (6/140) ривояти.
[2] «Шарҳи Муслим» (10/35).
[3] Қаранг: «Зодул маод» (5/132-133).
[4] Саҳиҳ: Абу Довуд (2076), Термизий (1119), Ибн Можа (1935) ривояти. Албоний «Саҳиҳул жомеъ»да (5101) саҳиҳ деган.
[5] Қаранг: «Сунани Байҳақий» (9/217).
[6] Шофеий «Ал-ум»да (5/9) ривоят қилган.
[7] «Аш-шарҳул мумтеъ» (5/219).
[8] Саҳиҳ: Саид ибн Мансур (716), Ибн Абу Шайба (3/474), Байҳақий (7/172) ривояти. Албоний «Ал-ирво»да (1889) саҳиҳ деган.
[9] Абу Довуд (2241), Ибн Можа (1952), Дорақутний (3/270) ривояти. Ҳадисни Албоний «Ал-ирво»да (1885) ҳасан деган. Шунингдек, мазкур маънодаги ҳадис Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ҳам келган.
[10] Муслим (1409), Абу Довуд (1841, 1842), Термизий (840), Насоий (5/192), Ибн Можа (1966), Аҳмад (6/30) ривояти.
[11] Ҳасан: Абу Довуд (2051), Термизий (3177), Насоий (6/66) ривояти. Ҳадисни Албоний «Ал-ирво»да (1886) саҳиҳ деган.
[12] «Аш-шарҳул мумтеъ» (5/215).
[13] Қаранг: «Ал-муғний» (6/604).
[14] «Найлул автор» (6/284).

Изоҳ қолдиринг