Сийрат: ваҳий келишидан олдинги диний аҳвол

0

Ваҳий келишидан олдинги диний аҳвол

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий келишидан олдин инсоният ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий, ҳам диний томондан таназзулга юз тутган эди. Жаҳолат ва бебошлик башарият ҳаётидаги асосий муаммолардан бири эди. Жоҳиллик кенг тус олгани боис одамларда тўғри эътиқодлар қарийб бутунлай йўқолиб кетган эди.

Самовий динлар ўзгартириб юборилгани боис, одамлар бу динлар Аллоҳнинг дини эканини эътиборга олмай қўйган ва одамлар ҳаётида ўз аҳамиятини йўқотган эди. Шунинг учун ҳам бу динларнинг ҳаётга таъсири деярли йўқолиб кетган. Диндорлар эса ўзаро тортишувлар билан овора эдилар. Бу тортишувларнинг асосий сабаби самовий динларга инсонларнинг бузуқ фикрлари аралашиб кетгани эди. Ҳатто бу тортишувлар оқибатида халқлар ўртасида қонли урушлар чиқди.  Динини ўзгартирмай сақлаб қолган диндорлар эса жуда ҳам нодир бўлиб, одамларни ислоҳ қилишдан умиди узилгани сабаб ёлғиз ўзи бўлса ҳам нажот топиш мақсадида инсонлардан узоқлашган, хилват ва узлат ҳаётига кириб кетган эди. Фисқу фасод ҳеч бир истисносиз ҳаётнинг барча соҳаларини қамраб олган эди. Диний соҳага қарасангиз, инсонлар ё диндан чиқиб кетган, ё умуман динга кирмаган, ё самовий динларни ўзгартириб юборишган эди. Қонунчилик соҳасида эса, одамлар Аллоҳ таолонинг шариатини бутунлай ташлаб юбориб, на ақлга ва на фитратга тўғри келадиган қонунларни тузиб олишган эди.

Халқнинг ичидаги раҳбар, роҳиб, поп, оқсоқол ва подшоҳлар бу фасоднинг бошида турар эдилар. Бутун олам жаҳолат зулматига кўмилган, Аллоҳнинг дастуридан бениҳоят узоқлашган эди.

Яҳудийлик урф-одат ва расм-русумлардан иборат бўлиб қолган эди. Яҳудийларда на диний руҳ ва на диний ҳаёт бор эди. Қўшни халқлар уларни босиб олишгани боис яҳудийлар уларнинг ақидаларидан таъсирланган, уларнинг жоҳилий ва ширкий урф-одатлари яҳудийликка кириб кетган эди. Буни ҳатто яҳуд тарихчилари ҳам эътироф қилганлар. Жумладан, “Яҳудийлар қомуси”да бу тўғрида шундай дейилади:

“Уларда (яъни яҳудийларда) тўқима ва ширкий эътиқодлар бор эди. Яҳудийларнинг бутпарастликка қаттиқ берилгани Талмудда ҳам айтилган”.

Ваҳий келишидан олдин яҳудийлар жамиятида ақл савияси пасайиб, диний иштиёқ ҳам бузилиб кетган эди. Яҳудийлар жуда ҳам муқаддас деб санайдиган, милодий олтинчи асрда яҳудлар ўртасида жуда ҳам машҳур бўлган Бобил Талмудини ўқисангиз, унда турли-туман бемаъни сўзлар, Аллоҳнинг номидан қўрқмай ёлғон гапириш, ҳақиқатни тан олмаслик, дин ва ақлга қарши ҳийла-найранг ишлатиш каби жуда ҳам ғаройиб мисоллар борлигига гувоҳ бўласиз.

(Давоми бор)

Изоҳ қолдиринг