Вадий ва ароқнинг ҳукми

0

Тўққизинчидан: вадий

Вадий – сийдик ортидан чиқадиган лойқа ва қуюқ оқ ранг суюқлик. Вадий нажосат саналиб, унинг олатдан чиқиши таҳоратни бузади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Маний, вадий ва мазий. Манийнинг чиқиши ғуслни вожиб қилади, мазий ёки вадий чиқса олатни ювиш ва таҳорат олиш фарз[1].

Ўнинчидан: Ароқ

Уламолар  ароқнинг нажосат эканида ихтилоф қилганлар. Баъзи уламолар уни нажосат десалар, баъзилари пок дейишган. Ароқни пок деган уламоларнинг фикри далил жиҳатидан қувватлидир. Негаки, модомики нажосат эканига далил бўлмаса аслида барча нарсалар покдир. Ароқнинг ҳаром эканига таяниб, уни нажосат дейиш, тўғри эмас. Зеро, ҳар қандай ҳаром нарса ҳам нажосат бўлавермайди.

Шунингдек, ароқни нажосат деганлар Аллоҳ таолонинг: “Эй мўминлар, ароқ (маст қиладиган ичкилик ичиш), қимор (ўйнаш), бутлар (яъни уларга сиғиниш) ва чўплар (яъни чўплар билан фол очиш) шайтон амалидан бўлган нажас – ҳаром ишлардир”, деган сўзини далил қиладилар. Оятда ароқнинг нажосат эканига далил йўқ. Негаки, ундаги “нажас” сўзидан мақсад ҳиссий нажосат эмас, балки маънавий нажосатдир. Чунки оятда Аллоҳ таоло бутлар, қимор, фол очишда ишлатиладиган чўплар ва ароқ хусусида ягона ҳукм чиқариб, “шайтон амалидан бўлган нажас – ҳаром ишлардир”, дейди. Бинобарин, мазкур нарсаларни ҳиссий нажосат дея сифатлаб бўлмаганидек, ароқни ҳам бундай сифатлаб бўлмайди. Ароқ нажосат эмас деган фикр Лайс ибн Саъд, Рабеа Ар-раъй ва Шофеийнинг шогирди Музанийнинг фикридир. Шунингдек, бу фикрни шайх Албоний “Тамомил минна” китобида ёқлаган бўлса, шайх Ибн Усаймийн “Шарҳул мумтеъ” китобида рожиҳ деган.

Агар идишдаги ароқ тўкиб ташланиб, ароқ асоратини кеткизадиган даражада ювилса, идишдан фойдаланиш жоиздир. Агар идиш ароқ солинадиган махсус идишлар бўлса, бундай идишларни гарчи ювиб бўлса ҳам ишлатмаган маъқул. Бунга сабаб ароқнинг нажосат экани эмас, балки бундай идишларни ишлатган киши хусусида одамлар ёмон гумонга бормаслиги, шубҳа ва туҳматдан йироқ бўлишдир.

Эслатма:

Қусуқ[2], қорин тўқлигида кекирик билан чиққан таом, мишиқ ва тупукнинг нажосат эканига бирон далил йўқ. Рожиҳ фикрга кўра, мазкур нарсалар покдир. Шунингдек, бу нарсаларнинг бадандан чиқиши таҳоратни ҳам бузмайди.

[1] Саҳиҳ. Ибн Абу Шайба (1/89) ва Байҳақий (1/169) ривоят қилишган.
[2] Қусуқ нажосат ёки йўқлиги хусусида уламолар ихтилоф қилишган. Салафлар ва улардан кейингилардан иборат жумҳур уламолар, жумладан, тўрт мазҳаб уламолари, зоҳирийлар, шайх Ибн Таймия, Ибн Қаййим ва бошқа уламоларнинг фикрича, қусуқ нажосатдир. Қусуқни нажосат деган жумҳур уламоларнинг далили қиёс. Улар қусуқни инсон ахлатига қиёс қилиб нажосат деганлар. Негаки, ҳар иккиси ошқозонда сасиб айниган, аслида егулик ва ичгуликдан иборат бўлган нарсадир.
Жумҳур уламоларнинг фикрича, қусуқ ҳатто янги истеъмол қилинган таом шаклида чиқиб, айниб ёки сасиб улгурмаган бўлса ҳам нажосатдир. Моликий мазҳабининг фикрича, бундай ҳолатда чиққан қусуқ пок саналади. Бу борада моликийларнинг фикри рожиҳдир. Чунки сасиб айнимаган таом суратида чиққан қусуқни инсон ахлатига қиёс қилиб бўлмайди.
Аллома Шавконий роҳимаҳуллоҳнинг фикрича, қусуқ мутлақ, яъни айниган бўладими ёки йўқми пок саналади. Бу фикрни замондош уламолардан шайх Албоний ва шайх Ибн Усаймийн роҳимаҳумаллоҳ ҳам қўллаб-қувватлайдилар. Шунингдек, юқорида муаллиф ҳам мазкур фикрни ихтиёр қилган кўринади. Бироқ бу фикр жумҳур уламоларнинг фикрига зиддир.

Изоҳ қолдиринг