Валюта айирбошлаш иши билан шуғулланиш мумкинми?

0

Савол:

Валюта айирбошлаш иши билан шуғулланиш мумкинми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;
Сиз сўраётган валюта айирбошлаш иши шариатимизда “сарф” деб аталади. Валютачилик аслида ҳалол касб. Бироқ шу касбга оид баъзи ножўя ишлар бор. Модомики, сиз шу касб билан шуғулланар экансиз, бу ҳаром ишларни ўрганиб олинг ва ризқингизга ҳаром аралашмаслиги учун у ҳаром ишлардан сақланинг. Қуйида валютачиликка оид баъзи ножўя ишларни санаб ўтамиз:

1) Валюта алмаштиришда савдо қўлма-қўл бўлиши шарт. Ҳатто саноқли дақиқалар бўлса ҳам, орадан вақт ўтмаслиги лозим. Масалан, олдиндан сўмни олиб, кейин доллар бериш ёки бунинг аксини қилиш мумкин эмас;

2) Бир жинсдаги валютанинг бирини иккинчисидан арзон ёки қиммат ҳисоблаш мумкин эмас. Масалан, долларни долларга алмаштиришда янги ва бир бутун 100 долларни майда ёки эски бўлгани сабабли 101 ёки ундан ортиқ долларга ҳисоблаш мумкин эмас;

3) Маълум сабабларга кўра, курсни ўтган кунлардаги нарх бўйича ҳисоблаш мумкин эмас. Масалан, қўлингизда талаб қилинган миқдорда доллар бўлмагани учун бугунги кунда курсни белгилаб, шу келишувдаги нарх асосида эртаси куни ёки ундан кейин валютани қўлма-қўл алмаштириш ҳам мумкин эмас. Яна бир мисол, сиздан доллар ёки сўм қарз олган кишидан қарзни ундириб олишда қарз олинган кундаги курс бўйича бошқа валютада олиш ҳам мумкин эмас. Агар бошқа валютада оладиган бўлсангиз ўша кунги курс бўйича ҳисоблашингиз керак. Бу ҳақда тўлиқроқ маълумот олиш учун “Қарзни бошқа валютада қайтариш ҳақида” номли фатвога мурожаат қилинг.

4) Савдода ёлғон гапирмаслик керак. Бу фақат валюта алмаштиришга эмас, барча савдо турларига тегишли. Ёлғон гапириш ҳаром, бу тариқа топилган пул кўпайиши мумкин, лекин баракаси бўлмайди. Шуни унутманг, сизнинг ризқингиз белгиланган. Ёлғон гапириш шу ризқни ҳаром қилиб беради, холос. Ёлғон гапирмаганингиз учун эриша олмаган “фойдангиз”га кўзингиз учмасин. Агар у тақдирингизда бўлса, сиз ростгўй бўлганингиз учун Аллоҳ уни қўлингизга етказади, валлоҳу аълам.

Аллоҳ таоло ҳалолдан ризқ топишга интиладиган ва ҳаромдан ҳазар қиладиган бандалари қаторида қилсин!

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг