Витрдан сўнг нафл ўқиш ҳақида

0

Савол:

Витр намозидан сўнг истихора намози ўқиш мумкними? Охирги намоз витр бўлиши кераклиги ҳақида ҳадис эшитган эдим. Шу ҳадис саҳиҳми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;
Кечаси ўқиладиган нафл намозларнинг охиргиси витр билан тугаши мустаҳаб. Чунки Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кечаси ўқиладиган намозларингизни витр билан тугатинглар” – деганлар (Бухорий (998) ва Муслим (749) ривояти). Бироқ витрдан сўнг нафл ўқиш жоиз. Чунки имом Муслим (746) Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам витрдан сўнг икки ракаат нафл ўқиганлари айтилган. Мазкур ривоят билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юқоридаги ҳадисда айтган буйруқлари мустаҳабликка йўйилади. Бинобарин, истихора намозини витрдан олдин ўқиганингиз афзал, бироқ витрдан сўнг ўқишингиз ҳам мумкин, валлоҳу аълам.

Илова: витрдан сўнг нафл намоз ўқилган тақдирда юқоридаги ҳадисга асосан витр қайта ўқилмайди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бир кечада икки марта витр ўқилмайди” – деганлар (Термизий (470), Насоий (1679) ҳамда Абу Довуд (1439) ривояти).

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг