Воқеликнинг Қуръон зикр қилган илоҳий суннатларга мослиги (5)

0

Воқеликнинг Қуръон зикр қилган илоҳий суннатларга мослиги

Кофирлар Раббимизнинг китобига, балки унча-мунча ғайбга оид масалаларга ишонмасликлари сабабли Аллоҳ таоло Ўз суннатларига далолат қилувчи талай мангу моддий аломатлар қолдирди. Од ва Самуд қабилаларидан қолган осори-атиқалар кўпчиликка маълум. Бу осорлар Аллоҳ таоло уларни қай тариқа ҳалок қилганига ёрқин далилдир. Улардан қолган харобалар ва устахоналар башарият учун ибрат бўлиб қолган. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларини бу харобаларда узоқ қолишдан қайтардилар, у жойдан фақат йиғлаган ва ибрат назари билан боққан ҳолда ўтишга рухсат бердилар. Улар бу қабилалар бошига тушган илоҳий суннат – азоб-уқубатларни яхши билишар ва шу сабаб ундан четланишар эдилар.

Шунингдек, бугунги кунда дунё музейларини кезиб юрган Миср фиръавнининг жасади ҳам илоҳий суннатлар учун бир оят-нишонадир. Зеро, бу Аллоҳ таолонинг қуйида сўзларининг тасдиғидир: “Мана бугун ўзингдан кейинги кишиларга оят — ибрат бўлишинг учун сенинг жасадингни қутқарурмиз. Дарҳақиқат, кўп одамлар оятларимиздан ғофилдирлар (яъни улардан ибрат олмайдилар)” [Юнус: 92].

Помпейдан ибрат

Помпей – Италянинг Неапол шаҳридаги Визувий вулқонига яқин жойда жойлашган кичик тепаликнинг исми. Помпей аслида аҳоли сони юз мингга етган бир шаҳар бўлган. У Римлик аслзодалар ва бой-бадавлат инсонлар айши-ишрат қиладиган, турли бузуқликлар авжига чиққан бир маҳалла эди. Милоддан олдинги 79 йилда бу шаҳар Визувий вулқонининг лавалари билан қопланиб қолади ва то милодий 1748 йилга қадар ер остида қолиб кетади. Ушбу санага келиб маҳаллий деҳқонлардан бири бу шаҳарнинг баъзи қолдиқларини топиб олади ва шу даврдан бошлаб у ерда қазилма ишлари бошланади. Натижада, шаҳарнинг аксар қолдиқлари кашф этилади.

Тарих саҳифалари бизга маълум қилишича, ушбу шаҳар аҳолиси қўққисдан саноқли дақиқалар асносида Визувий вулқони лавалари остида қолиб ҳалок бўлган. Помпей Италия санъатининг маркази бўлган деган маълумотни ҳисобга олмаганда бу шаҳар ҳақида тарих саҳифаларида айтарли бирон маълумот йўқ. Бироқ Аллоҳ таоло бу шаҳар ибратини ошкор қилишни хоҳлади ва уни харобалар остидан чиқариш учун инсонни қазилмалар сари бошлади. Қазилмалар мобайнида ажойиб ва айни пайтда даҳшатли манзараларга дуч келинди. Бутун бошли шаҳар аҳолиси гуёки мўмиёланган жасадларга айланган, бу жасадлардан ҳеч нарса чиримаган ва ҳатто инсонларнинг ҳалокатдан олдинги ҳолатлари ҳам сақланиб қолган эди. Новвойнинг қўлида нон узиш учун ишлатадиган ёғоч рапидани, сархушларнинг қўлларида лабларига қўндирган ароқ қадаҳларини, фосиқ фоҳишабозларни энг жирканч шаҳвоний ҳолатларда кўриш мумкин эди…

Помпей қазилмаларини томоша қилиш асносида сайёҳлар эътиборини тортган энг ажабланарли манзаралардан бири у ердаги айрим қасрлар дарвозаларининг пештоқидаги расмлар эди. Тошга ўйиб чизилган бу расмларда тарози акс эттирилган бўлиб, унинг бир палласида бир уюм жавоҳирлар бўлса, иккинчи палласида Помпей аҳолиси фоҳишабозлик аломати деб қабул қилган рамз турар эди. Ажабланарли томони шундаки, тарозининг фоҳишабозлик рамзи акс этган палласи жавоҳирлар палласидан оғир эди. Бу сурат Помпей аҳолиси учун айши-ишрат барча нарсадан устун экани, шаҳвоний ҳисни қондириш ҳаётдаги энг олий ғоя эканини ифода этарди.

Дарҳақиқат, тақдирнинг азоб-уқубатлари ҳануз ниҳоясига етгани йўқ. Ўтмишда баъзи золим умматлар ер юттириш, вайронагарчилик, очлик ёки бирон махлуққа айлантириб қўйиш ва ҳоказо жазо ва азоб-уқубатлар билан ҳалок қилиндилар. Аллоҳнинг жазолаш борасидаги бу суннатлари то қиёматга қадар давом этаверади, тугамайди. Дунёнинг турли жойларида инсоният бошига тушаётган фожеали зилзилалар, дунёнинг шарқи ва ғарбида шаҳар ва қишлоқларни вайрон қилаётган сел ва сув тошқинлари, жаҳоннинг у ер-бу ерида тез-тез тарқалиб турган касаллик ва ваболар илоҳий суннатларнинг бир кўриниши эмасми?! Замонавий илм-фан мазкур касалликлар илдизини қуритишдан ожиз қолмоқда. Бир касалликка қарши курашдан нафас ростлади дегунча, навбатдаги касаллик учун оммавий сафарбарлик эълон қиладиган бўлиб қолди[1].

Тарих Қуръон ва ҳадисларда келган бу суннатларни тасдиқлайди. Мазкур илоҳий суннатлар фақат кофирларга тааллуқли бўлиб, мўминларни четлаб ўтган эмас. Мисол учун Андалусдаги исломий давлат охирларида мусулмонлар бошига тушган мусибатларга бир назар солинг. Мусулмонлар ўзлигини унутиб ҳолатларини ўзгартириб юборган эдилар, Аллоҳ таоло ҳам уларнинг ҳолатини ўзгартириб қўйди. “Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас” [Раъд: 11]. Бу Аллоҳнинг умматлар ҳаётига тааллуқли ўзгармас суннати – қонун-қоидасидир.

Яна бир мисол, фақат бу гал шахслар ҳаётидан, яъни шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ ҳаётидан бир мисол:

Муаррихлар ҳикоя қилишича, Султон Малик Ан-Носир ислом лашкари билан муғулларга қарши курашга отланар экан шайх уни шижоатлантириб, собитқадамликка чақирди. Муғул-татар қўшинининг кўплигини кўрган султон “Ё Холид ибн Валид” дея нидо қилди. Шайх: “Ундай деманг, аксинча, “Ё Аллоҳ”, денг, якка-ёлғиз Раббингиз Аллоҳдан мадад сўранг, ўшанда У сизга ёрдам беради. “Эй жазо (яъни қиёмат) кунининг эгаси, Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз” денг”, деди. Шундан сўнг шайх бир султоннинг олдига, бир халифанинг олдига бориб уларга ваъз-насиҳат қилди, уларни сабр-матонат ва собитқадамликка даъват қилди. Оқибатда Аллоҳнинг зафари ва ғалабаси келди. Ҳикоя қилишларича, шайх халифага қарата: “Бардам бўлинг, сиз ғалаба қозонасиз!”, дейди. Шунда амирлардан бири: “Иншааллоҳ”, денг, шайх”, дейди. Шайх бўлса: “Иншааллоҳ” дейман, фақат бунга иймоним комил”, деб жавоб беради. Чиндан ҳам шайх башорат бергандек бўлди, мусулмонлар ғалаба қозонди[2].

[1] Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Муқаддим, “Авдатул ҳижоб” (2/18).
[2]  Абул Маоний Маҳмуд Шукрий Ал-Алусий, “Ғоятул амоний фир-радди алан Набаҳоний” асари (2/2177).

Изоҳ қолдиринг