Ёлғиз шанба куни нафл рўза тутмаслик

0

(4) Ёлғиз шанба куни нафл рўза тутмаслик

Саммо розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Шанба куни фарз рўзадан бошқа рўза тутманглар. Агар инсон бу кунда узум пўчоғи ёки (узум) дарахт(ининг) пўстлоғидан бошқа ейишга ҳеч нарса топмаса, шуни еб бўлса-да (баъзи ривоятларда: «шуни чайнаб бўлса-да), рўзасиз юрсин»[1].

Термизий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Шанба куни рўза тутиш макруҳлигига сабаб, атайин шу куни рўза тутишдир. Чунки яҳудлар шанба кунини улуғлашади».

Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Алоҳида шанба куни рўза тутиш макруҳ. Агар унга қўшиб бир кун олдин ёки бир кун кейин рўза тутилса, у ҳолда макруҳ бўлмайди»[2].

Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ айтади: «Ҳанбалий мазҳаби уламолари айтадилар: «Алоҳида шанба куни рўза тутиш макруҳ. Агар унга қўшиб яна бир кун рўза тутса, макруҳ бўлмайди. Бунга юқорида ўтган Абу Ҳурайра ва Жувайрия розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадислар далилдир. Шунингдек, кишининг шанба куни тутган рўзаси унинг одатда тутиб юрадиган рўзасига тўғри келиб қолса ҳам макруҳ бўлмайди. Абу Абдуллоҳ имом Аҳмад айтади: «Ёлғиз шанба куни рўза тутишга келсак, бу ҳақда Саммодан ривоят қилинган ҳадис бор»[3].

Ибн Муфлиҳ роҳимаҳуллоҳ айтади: «Асрам айтади: «Абу Абдуллоҳ (имом Аҳмад) шанба куни рўза тутишга рухсат беришининг далили шундаки, бу борада келган бошқа барча ҳадислар Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисга қаршидир. Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадис шулар жумласидан. Унда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шанба ва якшанба кунлари рўза тутиб: «Бу икки кун мушрикларга хос икки байрам. Шунинг учун мен (рўза тутиб) бу икки байрамга зид иш қилишни яхши кўраман»[4], деганлар»[5].

[1] Саҳиҳ: Абу Довуд (2421), Термизий (744), Ибн Можа (1726), Аҳмад (6/368) ривояти.
[2] «Ал-мажмуъ» (6/481).
[3] «Ал-муғний» (4/428).
[4] Ҳасан: Аҳмад (6/323), Ҳоким (1/436) ривояти. Ҳадисни Ҳоким саҳиҳ деган ва Заҳабий унинг фикрини маъқуллаган.
[5] «Ал-фуруъ» (3/124).

Изоҳ қолдиринг