Ёлғиз жума куни рўза тутмаслик

0

(3) Ёлғиз жума куни рўза тутмаслик:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Жумага қўшиб бир кун олдин ёки бир кун кейин рўза тутиш ниятингиз бўлмаса ёлғиз жума куни рўза тутмангиз[1].

Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Бошқа кечаларни қўйиб фақат жума кечаси таҳажжуд ўқиманг ёки бошқа кундузларни қўйиб фақат жума кундузи рўза тутманг. (Жума куни тутган рўзангиз) одатда тутиб юрган рўзангизга тўғри келиб қолиши бундан мустаснодир[2].

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жума куни рўзадор бўлган Жувайрия бинти Ҳорис розияллоҳу анҳонинг олдиларига кириб, ундан: “Кеча рўза тутибмидинг?”, деб сўрадилар. “Йўқ”, деди у. “Эртага ҳам рўза тутмоқчимисан?”, дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. “Йўқ”, деди у яна. “Ундай бўлса, рўза тутма”, дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам[3].

Юқоридаги ҳадислардан билинадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фақат жума куни рўза тутишдан қайтарганлар.

Уламолар ёлғиз жума куни рўза тутиш макруҳ ёки ҳаромлиги хусусида ихтилофлашганлар.

Рожиҳ фикрга кўра, фақат жума куни рўза тутиш ҳаромдир. Агар жумага қўшиб бир кун олдин ёки бир кун кейин рўза тутилса, у ҳолда бу кунда рўза тутиш жоиз. Қолаверса, жума куни тутилган рўза арафа ёки ошуро куни рўзаси, ёруғ кечалар кундузларида  тутилган рўза, кунора тутилган рўза ва ҳоказо мустаҳаб рўзаларга тўғри келиб қолса, у ҳолда ёлғиз жума куни рўза тутиш жоиз бўлади.

Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ҳадисдан маълум бўладики, «Зайд сафардан қайтган кун ёки фалончи касалдан тузалган кун рўза тутаман», деб назр қилган киши жума куни рўза тутиши жоиздир”[4].

[1] Бухорий (1985), Муслим (1144), Абу Довуд (2420), Ибн Можа (1723), Термизий (743) ривояти.
[2] Муслим (1144), Аҳмад (6/444), Ибн Ҳиббон (8/376) ривояти.
[3] Бухорий (1986), Абу Довуд (2422), Аҳмад (6/430), Ибн Хузайма (2161) ривояти.
[4] «Фатҳул Борий» (4/234).

Изоҳ қолдиринг