Ёш болалар олдинги сафларда намоз ўқиши жоизми?

0

Савол:

Ассалому алайкум! Балоғатга етмаган бола масжидга чиқадиган бўлса, охирги сафда туриши керакми? Шунингдек, ундан кейинги сафда балоғатга етган киши намоз ўқиса бўладими?

Жавоб:

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли оиласи, саҳобалар ва уларга эргашган солиҳ инсонларга салавот ва саломлар бўлсин!

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳли илм ва ҳурматли кишилар олдинги сафларда у зотга яқинроқ туришларига буюриб: “Балоғатга етган ва эс-хушини таниган кишилар (намозда) менга яқинроқ турсин. Кейинги ўринда ақл-заковатда уларга яқини сўнгра уларга яқини турсин”, деганлар [Муслим: 432]. Мулла Алий Қори роҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадисни: “Яъни, улардан сўнг ўспирин йигитлар, улардан сўнг эса ёш болалар”, деб изоҳлаган. [“Мирқотул мафотиҳ”, 3/850].

Бироқ Пайғамбаримиз мазкур ҳадисда балоғатга етган ва эс-хушини таниган кишилардан ўзгалар олдинги сафларда туришидан қайтармаганлар. Балки бундай кишилар имомнинг ортидаги биринчи сафда туришлари учун намозга эртароқ келишларига рағбатлантирганлар. Бордию улар дангасалик қилиб, намозга кеч келса ва аввалги сафда ўрин қолмаган бўлса, у ҳолда биринчи саф ёки имомнинг ортидаги ўринни эгаллаган киши, гарчи ёш бола бўлса ҳам бу ўринга ҳақлироқ бўлади.

Ибн Ҳажар Ҳайтамий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ёш болалар биринчи сафга катталардан илгари келса, катталар уларни (ортги сафларга) четлатишлари жоиз эмас” [“Фатово”, 1/229].

Мирдовий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Мажд ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ “ёш бола аввалаги сафга бошқалардан олдин келса, уни ортги сафларга четлатилмайди”, деган фикрни ёқлаган. Албатта, мазкур фикр бу масаладаги тўғри фикр саналади” [“Инсоф”, 2/41].

Шайх Ибн Боз роҳимаҳуллоҳ айтади: “Бу масаладаги тўғри фикр шуки, ёш болалар биринчи ё иккинчи сафни қолганлардан эратароқ келиб эгалласалар, уларни ортги сафларга четлатиш жоиз эмас. Чунки улар бу ҳуқуққа қолганлардан эрта келганлари боис эришдилар. Бу борада келган умумий ҳадисларга биноан уларни ортги сафларга четлатиш жоиз бўлмайди. Қолаверса, бу иш уларни жамоат намозидан ва унга эртароқ боришга интилишдан узоқлаштиради. Бинобарин бундай қилиш тўғри эмас.

Лекин инсонлар сафар ёки бошқа сабаб туфайли бир ерда жамланган бўлсалар, сафнинг аввалида балоғатга етган кишилар сўнг ёш болалар сўнгра аёллар турадилар. Аммо бундан бошқа ўринларда ёш болалар аввалги сафлардан четлатилиниб, ўринларига улардан кейин келган кишилар туришлари жоиз эмас.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: (Намозда) балоғатга етган ва эс-хушини таниган кишилар менга яқинроқ турсин”, деган сўзларидан мурод балоғатга етган ва эс-хушини таниган кишилар ўзларидан илгари келган инсонларни ортга четлатиш эмас, балки аввалги сафларда туришлари учун жамоат намозига эртароқ боришларига рағбатлантиришдир” [“Мажму фатово Шайх Ибн Боз”, 12/400].

Шайх Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Шариатимизда ким бирон жойга аввал борса, у ўша жойга қолганлардан ҳақлироқ бўлишини кўрсатувчи далиллар бор. Шунга биноан ёш бола бирон жойга биринчи борса, у ўша жойга ўзгалардан ҳақлироқ бўлади. Дарҳақиқат, масжид Аллоҳ таолонинг уйи бўлиб, унда барча бандалар баробардир. Агар ёш бола масжидга эрта келиб, биринчи сафга ўтирса, ўша жой унинг ўрни саналади. Бордию биз ёш болаларни бу каби фазилатли ўриндан четлатиб, барчаларини бир ерга қўйсак, бу иш улар бир бирлари билан ўйнашга олиб боради. Бироқ сафларда туришлари улар бир биридан алоҳида туришга сабаб бўлади” [“Шарҳи мумтеъ”, 3/4].

Шайх бошқа бир ўринда шундай дейдилар: “Ёш болалар катталар билан бирга бир сафда туришлари жоиз. Зеро, улар сафни узиб қўядиган тош ёки устун эмас, балки одамдирлар. Шунга кўра улар бирон сафда турсалар, ўша саф тўлиқ бўлиб, узилган саналмайди. Ёш болалар эгаллаган ўринларидан (бирон узрсиз) четлаштириш жоиз эмас. Ҳатто биринчи сафда имомнинг ортида турсалар ҳам уларни ўз ўринларидан четлатиш ҳаром бўлади” [“Лиқоу бобул мафтуҳ”, 24/106].

Хулоса қиладиган бўлсак, ёш бола жамоат намозларида охирги сафда туриши шарт эмас, балки у биринчи сафга ёки имомнинг ортидаги жойга қолганлардан аввал келса, ўша жойга ҳақлироқ бўлади. Шунингдек, бирон сафда турса, ўша саф тўлиқ бўлиб, узилган саналмайди ва унинг ортида катта кишилар намоз ўқиса бўлади. Бироқ Шайх Ибн Боз айтганларидек, инсонлар сафар ёки бошқа сабаб туфайли бир ерда жамланган бўлсалар, сафнинг аввалида балоғатга етган кишилар сўнг ёш болалар сўнгра аёллар турадилар. Шунингдек, Пайғамбаримизнинг: “Балоғатга етган ва эс-хушини таниган кишилар (намозда) менга яқинроқ турсин”, деган ва бундан бошқа ҳадисларига биноан аҳли илм ёки ҳурматли кишиларга олдинги сафлардан жой берилиши афзалдир. Зеро, гоҳида имом намоз ёки тиловатда хато қилиши ёки ўрнига ўринбосар қўйишга мажбур бўлиб қолиши мумкин. Бундай ўринларда аҳли илм ва ёши катталар ҳолатга муносиб иш тута оладилар. Албатта, буни ёш болаларга ширин сўз ва насиҳат тарзида тушунтиришимиз лозим.

Шуни эсалатиб ўтиш лозимки, ёш бола деб эс-хушини таниган ва масжид одобларига риоя қиладиган ўспирин ёшлар назарда тутилган. Аммо эс-хушини ҳануз таниб улгурмаган гўдаклар ўтган фатвомизда айтиб ўтганимиздек, ҳожат бўлмаса уларни масжидга олиб келмаган афзал. Зеро, улар кўпинча ё масжиддагиларга ёки ота-оналарига халақит берадилар, валлоҳу аълам.

Бу фатвони тайёрлашда https://islamqa.info/ar/127781 саҳифасидан фойдалинилди.

Изоҳ қолдиринг