Юлдузлардан ёмғир сўраш

0

Саккизинчидан: юлдузлардан ёмғир сўраш:

Юлдузлардан ёмғир сўрашдан мақсад, жоҳилият аҳли эътиқод қилишганидек, ёмғир ёғишини бирон юлдузнинг чиқиши ёки ботишига нисбат беришдир. Жоҳилият аҳли юлдузнинг чиқиши ёки кунботар томонга ғойиб бўлиши ёмғир ёғишига таъсир қилади, деб эътиқод қилишарди. Шу боис, “фалон юлдуз чиқиши сабаб ёмғир ёғди”, дер эдилар. Улар юлдузларнинг чиқиши деганда ойнинг йигирма саккиз ҳолатини назарда тутишар, ҳар ўн уч кечада субҳ пайтида бир юлдуз ботиб, унинг ўрнига бошқаси кўринар эди. Қамарий йил тугаши билан мазкур 28 юлдуз (ойнинг ҳолатлари)нинг барча кўриниб бўлар эди. Араблар жоҳилият даврида фалон юлдуз субҳ пайтида кўриниши ва унинг муқобилида бошқасининг ботиши туфайли ёмғир ёғади, деб эътиқод қилар эдилар. Юлдузлар ёхуд ойнинг турлича ҳолатларидан ёмғир сўраш дейилганда шу назарда тутилади. Бу дегани ёмғир ёғишини мазкур ёлдузларнинг чиқишига нисбат бериш демак. Ислом келиши билан жоҳилиятга оид бу эътиқодни ботилга чиқарди ва ундан қайтарди. Негаки, ёмғир ёғиш ёки ёғмаслиги ёлғиз Аллоҳнинг хоҳиш-иродаси, тақдири ва ҳикматига боғлиқ бўлиб, бирон ёлдуз кўриниши ёки ботишининг бунга мутлақ алоқаси йўқ. Аллоҳ таоло айтади: “Мен юлдузларнинг ботар жойларига қасам ичурман. Ҳолбуки, бу (қасам) агар билсангизлар, улуғ бир қасамдир. Албатта, у (яъни Қуръон сеҳр ёки уйдирма эмас, балки) асралган Китобдаги (Лавҳул-Маҳфуздаги) Улуғ Қуръондир! Уни фақат пок зотларгина ушларлар. (У) барча оламлар Парвардигори томонидан нозил қилингандир. Бас, (эй кофирлар), сизлар мана шу Сўз — Қуръонга бепарволик қилурмисизлар (яъни сизлар шундай улуғ Китобни назарларингизга илмасдан инкор қилмоқдасизларми)?! Шунингдек, сизлар ёлғон гапиришни ўзларингизнинг ризқ-насибаларингиз қилиб олурсизларми?!” [Воқеа: 75-82]. Юқоридаги охирги оят Аллоҳ томонидан нозил бўлган ризқ бўлмиш ёмғирни юлдузларга нисбат бериш ва “фалон юлдуз кўриниши сабаб ёмғир ёғди”, дейиш билан тафсир қилинган. Албатта, бундай эътиқод қилиш катта ёлғон ва бўҳтондан ўзга нарса эмас. Имом Аҳмад ва Термизий Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Шунингдек, сизлар ёлғон гапиришни” яъни, “фалон ва фалон юлдуз кўриниши сабаб ёхуд фалон ва фалон юлдуз сабаб ёмғир ёғди”, дейишни ”ўзларингизнинг ризқ-насибаларингиз”, яъни (Аллоҳ берган неъматларга) шукр келтиришингиз “қилиб олурсизларми?!” [Ибн Жарир ва Ибн Абу Ҳотим, шунингдек, Зиё “Ал-мухтора”да ҳасан деган].

Шайх Абдураҳмон ибн ҳасан роҳимаҳуллоҳ айтади: “Бу – оят тафсирида айтилган энг муносиб фикр. У Али, Ибн Аббос, Қатода, Заҳҳок, Ато Ал-хуросоний ва бошқалардан ривоят қилинган жумҳур муфассирлар фикридир” [Иқтибос тугади].

Абу Молик Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Умматимда жоҳилият ишларидан бўлган тўрт хислат борки, улар бу хислатларни тарк қилмаслар: насл-насаб билан фахрланиш, бировларнинг насабини камситиш, юлдузлардан ёмғир сўраш ва (ўлган кишининг яхши хислатларини айтиб овоз чиқариб) йиғлаш”. Ҳадисдаги жоҳилиятдан мақсад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар қилиб юборилишларидан олдинги давр. Шунингдек, суннатга зид бўлган ҳар қандай ишлар жоҳилиятга оид ишлардир.

Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ  юқоридаги ҳадис шарҳида шундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хабар беришларича, жоҳилият ишларини ҳамма одамлар ҳам тарк қилишмас экан. Бу билан у зот жоҳилият ишларини тарк қилмаганларни қоралаяптилар. Бинобарин, жоҳилият ишлари ва хатти-ҳаракатларидан бўлган ҳар қандай иш исломда қораланган. Акс ҳолда, мазкур ножўя ишларни жоҳилиятга нисбат бериш уларни қоралаш бўлмас эди. Маълумки, бу ишларни қоралаш учун жоҳилиятга нисбат берилган. Бу Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзига ўхшайди: “Илгариги жоҳилият (даври)даги ясан-тусан каби ясан-тусан қилманглар!” [Аҳзоб: 33]. Албатта, бу (номаҳрам эркакларга зийнатини кўрсатиб) ясан-тусан қилишни ҳам, шунингдек, илгариги жоҳилият даврининг ҳолатларини қоралашни ҳам ўз ичига олади ва шунингдек, ўз навбатида умумий тарзда жоҳилият аҳлига ўхшамаслик лозимлигини тақозо қилади”. (Иқтибос тугади).

Ҳадисдаги “юлдузлардан ёмғир сўраш”дан мақсад “фалон-фалон юлдуз сабабли ёмғир ёғди”, дея ёмғир ёғишини юлдузнинг ғойиб бўлишига нисбат беришдир.

Юлдузлардан ёмғир сўраш ҳукми:

Ёмғир ёғишида юлдузларнинг таъсири бор деб эътиқод қилиш катта ширк ва катта куфрдир. Жоҳилият аҳли ана шундай эътиқод қилар эдилар. Агар инсон ёмғир ёғишида юлдузнинг таъсири бор деб эътиқод қилмаса, балки бу борада таъсир қилувчи ёлғиз Аллоҳ деб билса, бироқ одатда фалон юлдуз ғойиб бўлганида ёмғир ёғади деса, бундай эътиқод катта ширк эмас, балки кичик ширк бўлади. Чунки ширкнинг олдини олиш мақсадида гарчи мажозий маънода бўлса ҳам ёмғир ёғишини юлдузга нисбат бериш ҳаромдир. Дарҳақиқат, имом Бухорий ва Муслим Зайд ибн Холид розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда у шундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳудайбияда кечаси билан ёғиб чиққан ёмғирдан сўнг бомдод намозини ўқиб бердилар. Намоз тугагач, одамларга юзланиб шундай дедилар: “Раббингиз нима деганини биласизларми?”. Саҳобалар айтишди: “Аллоҳ ва Расули билувчидир”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Бандаларим  ичидан (баъзилари) Менга мўмин бўлиб ва (баъзилари) кофир бўлиб тонг оттирдилар. Кимда ким “Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан ёмғир ёғди” деган бўлса, ана ўша Менга иймон келтирган ва юлдузларга кофир бўлган. Аммо кимда ким “фалон-фалон юлдузлар кўриниши сабаб ёмғир ёғди” деган бўлса, ана ўша Менга кофир бўлган ва юлдузларга иймон келтиргандир”.

Кўриб турганингиздек, ҳадисда аввало “Бандаларим  ичидан (баъзилари) Менга мўмин бўлиб ва (баъзилари) кофир бўлиб тонг оттирдилар” деб, сўнг мўмин кишини ёмғир ёғишини Аллоҳнинг фазли ва раҳматига нисбат берган киши дея, кофирни эса ёмғир ёғишини юлдузларга нисбат берган киши билан изоҳланди. Бу шуни кўрсатадики, Аллоҳнинг ишларини Унинг ўзидан бошқага нисбат бериш жоиз эмас, балки бундай қилиш куфр экан. Кимда ким ёмғир ёғишида юлдузларнинг таъсири бор деб эътиқод қилса, диндан чиқарадиган катта ширк қилган бўлади. Негаки, бу Аллоҳнинг рубубиятида ширк келтиришдир. Мушрик эса кофирдир. Борди-ю, ёмғир ёғишида юлдузларнинг таъсири бор деб эътиқод қилмаса, балки бу ишни мажозий маънода юлдузларга нисбат берса, у ҳолда ҳаром ишни қилган, кичик ширкка қадам қўйган саналади. Чунки у Аллоҳнинг неъматини ўзгага нисбат берди.

Қуртубий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Араблар агар машриқ томондан бир юлдуз кўриниб, мағриб томондан бошқаси ғойиб бўлса ва шу пайтда ёмғир ёғса ёки шамол эсса, баъзилар бу ишнинг пайдо бўлишини кўринган юлдузга, баъзилар эса ғойиб бўлганига нисбат беришар ва ҳадисда зикр қилинган гапни айтишар эди. Шу боис, шариатда токи бирон кимса жоҳилият аҳлининг эътиқодида бўлиб қолмаслиги ва шунчаки гап-сўзда ҳам уларга ўхшаб қолмаслик учун бундай дейишдан қайтарилди”. (Иқтибос тугади).

Дарҳақиқат, имом Муслим “Саҳиҳи”да Аллоҳ таолонинг “Мен юлдузларнинг ботар жойларига қасам ичурман” деган сўзининг нозил бўлиш сабаби хусусида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг сўзини ривоят қилади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Баъзи одамлар: “Фалон-фалон юлдузлар ишига содиқ бўлди!”, дейишганида Аллоҳ таоло ушбу оятларни нозил қилди:Мен юлдузларнинг ботар жойларига қасам ичурман…””.

Зеро, ёмғир Аллоҳнинг хоҳиш-иродаси, бошқаруви ва қуввати билан ёғади, бирон мавжудотнинг бунга дахли йўқ. Аллоҳ таоло айтади: “Сизлар ўзларингиз ичадиган сув ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингларми? Уни булутлардан сизлар ёғдирдингларми ёки Биз ёғдиргувчимизми?!” [Воқеа: 68-69]. Демак, кимда ким ёмғир ёғишини юлдузларга ёки ҳарорат пасайиши ва иқлим ўзгариши каби табиат ҳодисаларига нисбат берса, ёлғон гапирган, бўҳтон қилган бўлади. бу катта ширкдир. Агар инсон ёмғир ёғдирган Аллоҳ деб эътиқод қилса-ю, бироқ мажозий маънода мазкур нарсаларга нисбат берса, ҳаром ишга қадам қўйган ва кичик ширк содир этган бўлади. Чунки бундай деган инсон худди “фалон-фалон юлдузлар сабаб ёмғир ёғди” деганга ўхшаш неъматни Аллоҳдан ўзгага нисбат берган бўлади. Таассуфки, фалакшунослар, журналистлар ва матбуотчилар тилида бундай иборалар кўп учрайди ва улар бу мавзуга жуда енгил қарайдилар. Ҳолбуки, мусулмон киши бунга эътиборли бўлиши лозим. Аллоҳнинг Ўзи муваффақ қилувчидир. Зотан, олий ва буюк зот Аллоҳнинг хоҳиши ва тавфиқисиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди.

Изоҳ қолдиринг