Закот: Фитр закоти (1)

0

Фитр закоти

Биринчидан: фитр закоти ҳукми

Фитр закоти катта ёки кичик, эркак ёки аёл, озод ёки қул бўлишидан қатъи назар, ҳар бир мусулмонга вожибдир.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эркагу аёл, ҳуру қул ҳамда каттаю кичик бўлишидан қатъи назар, барча мусулмонларга хурмо ёки арпадан бир соъ миқдорича фитр садақаси беришни фарз қилдилар»[1].

Шавконий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Ҳадисдаги Ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг «фарз қилдилар» деган сўзи фитр садақасини чиқариш фарз амаллардан эканига далилдир. Дарҳақиқат, Ибн Мунзир бунга уламолар ижмо қилганини нақл қилган».

Бироқ ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ фитр садақаси фарз эканига уламолар ижмо қилган деган даъвога эътироз билдирган. Негаки, фитр садақаси чиқариш суннат эканини айтган уламолар ҳам бор. Шундай бўлса-да, рожиҳ фикрга кўра, фитр садақаси чиқариш вожибдир.

Иккинчидан: фитр садақаси жорий қилинган сана

Фитр садақаси ҳижрий иккинчи йилнинг шаъбон ойида жорий қилинди.

Учинчидан: фитр садақаси жорий қилиниши ҳикмати

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўзадорлар беҳуда ва фаҳш сўзлардан покланиши ва мискинлар учун озиқ-овқат бўлиши учун уларга фитр закотини фарз қилдилар»[2].

Мазкур ҳадис фитр садақаси жорий қилиниши ҳикматига далолат қилди:

  • Фитр садақаси рўзадорларни беҳуда ва фаҳш сўзлар гуноҳидан поклайди.

  •  Фитр садақаси мискинлар учун озиқ-овқат, бой-бадавлат мусулмонлар қатори ҳайит шодиёнасини ҳис қилишлари учун уларга кўрсатилган ғамхўрликдир.

Тўртинчидан: фитр садақаси кимларга вожиб?

Юқорида Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эркагу аёл, ҳуру қул ҳамда каттаю кичик бўлишидан қатъи назар, барча мусулмонларга хурмо ёки арпадан бир соъ миқдорича фитр садақаси беришни фарз қилдилар» дейилди.

Шунга кўра, фитр садақаси ўзи ва қарамоғидагиларнинг зарур эҳтиёжларидан ортиқча бир соъ таомга эга бўлган ҳар бир мусулмонга вожибдир. Бу мавзуга оид бир неча масалалар бор:

Биринчи масала: аёл кишига фитр садақаси чиқариш вожибми?

Абу Ҳанифа ва зоҳирийларнинг фикрича, аёл киши ҳам фитр садақаси чиқариши вожиб. Чунки ҳадисдаги «эркагу аёл, ҳуру қул» деган сўз зоҳиридан шу келиб чиқади ва у фитр садақасини ўзининг хусусий мол-мулкидан чиқаради.

Қолган уч имомларнинг наздида эркак киши аёлининг номидан фитр садақасини чиқариши лозим. Чунки фитр садақаси нафақага боғлиқ бўлиб, модомики аёлнинг нафақаси эрнинг зиммасида экан, фитр садақаси ҳам унга вожиб бўлади. Жумҳур уламолар ўз фикрларини исботлаш учун Ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг ишини далил қилишган. Собит бўлишича, «Ибн Умар розияллоҳу анҳумо оиласидаги барча каттаю кичик номидан, шунингдек, қарамоғидаги кишилар, қуллари ва қулларининг хотинлари номидан фитр садақаси чиқарар эди»[3].

Яна бир далил: Ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қарамоғингизда (таъминоти сизнинг зиммангизда) бўлган катаю кичик, ҳуру қуллар номидан фитр садақаси беришга буюрдилар»[4]. Бироқ бу асар заифдир.

Шайх Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ биринчи фикрни рожиҳ деб санар экан, шундай дейди: «Лекин инсон фитр садақасини қарамоғидагилар номидан уларнинг розилиги билан чиқарса, бунинг ҳеч зиёни йўқ»[5].

Агар саҳиҳ деб фараз қилинса, юқорида Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан нақл қилинган асардан ҳам шу назарда тутилган бўлади.

Қулларга келсак, уларга фақат хўжайинларининг мол-мулкидан фитр садақаси чиқариш вожиб бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Қулларга тааллуқли (хўжайинлар зиммасида) фитр садақасидан бошқа бериладиган закот йўқ».

Иккинчи масала: ёш болага фитр садақаси вожибми?

Тўғри фикрга кўра, ёш болага фитр садақаси вожибдир. Агар ёш боланинг хусусий мол-мулки бўлса, шундан берилади. Агар мол-мулки бўлмаса, у ҳолда нафақаси кимнинг зиммасида бўлса, фитр садақасини ҳам ўша беради. Бу жумҳур уламолар фикридир.

Учинчи масала: ҳомиладан фитр садақаси чиқариладими?

Жумҳур фуқаҳолар фикрича, ҳомила номидан фитр садақаси чиқариш вожиб эмас. Ибн Ҳазмнинг фикрича, ҳомила бир юз йигирма кунлик бўлса, унга фитр садақаси вожиб бўлади. Ибн Ҳазм ўз фикрини исботлаш учун саҳоба ва тобеинларнинг айрим сўзларини келтиради.

Тўғри фикр жумҳур уламолар билдирган фикрдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитр садақаси вожиб бўлган кишиларни баён қилар эканлар, ҳомилани тилга олмадилар, «кичик» сўзи эса ҳомилани ўз ичига олмайди.

Шавконий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Ибн Мунзир ҳомилага фитр садақаси вожиб эмаслиги хусусида уламолар ижмосини нақл қилган. Имом Аҳмад ҳомила номидан фитр садақаси беришни мустаҳаб санар, вожиб демас эди».

Тўртинчи масала: фитр садақаси чиқариш учун нисобга эга бўлиш шартми?

Ҳадисдаги «эркагу аёл, ҳуру қул ҳамда каттаю кичик» деган сўз зоҳиридан фитр садақаси бой ёки камбағал бўлишидан қатъи назар, ҳар бир мусулмонга вожиблиги тушунилади. Шу боис, жумҳур уламолар фитр садақаси вожиб бўлиши учун кишининг мусулмон бўлиши ва фитр закоти учун бериши лозим бўлган таом миқдори ҳайит кечаси ва кундузи ўзи ва бола-чақасининг кундалик зарур эҳтиёжларидан ортиқча бўлишидан бошқа шарт қўймаганлар.

Шавконий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Ҳақ шу, зеро, ҳадислар умумий тарзда келган, бой ёки камбағал деб ажратмаган»[6].

Шунингдек, фитр садақаси вожиб бўлиши учун шахснинг рўзадор бўлиши ҳам шарт эмас. Бунга ҳадисдаги «каттаю кичик» деган сўз далилдир. Негаки, ҳар қандай ёш бола ҳам рўза тутишга қодир бўлмайди. Бинобарин, аёл киши рамазон ойининг бошидан охиригача ҳайз ҳолатида бўлса ҳам фитр садақаси чиқариши вожибдир.

Бешинчидан: фитр садақаси миқдори

Фитр садақаси ҳадисда айтилганидек, ҳар бир ўлкада озиқ-овқат саналган нарсалардан бир соъ миқдорида чиқарилади. Бинобарин, фитр садақасини арпа, майиз, хурмо, қурут ёки маккажўхори ва гуруч каби озиқ-овқатлардан бир соъ миқдорида чиқариш лозим.

Бунга Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳунинг қуйидаги сўзи далил бўлади: «Биз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида фитр (ҳайит) куни бир соъ таом (озиқ-овқат) чиқарар эдик… (Ўша даврда) таомимиз арпа, майиз, қурут ва хурмодан иборат эди»[7].

Абу Саид розияллоҳу анҳунинг сўзидан маълум бўладики, фитр садақаси сифатида бериш лозим бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари гарчи ҳадисда айтилмаган бўлса-да, гуруч, маккажўхори, буғдой ва шу каби ҳар бир ўлканинг ўзига хос озиқ-овқатларидан иборат бўлади.

Дарҳақиқат, уламолар буғдойдан бериладиган фитр садақаси миқдори хусусида ихтилофлашганлар. Айрим уламоларнинг фикрича, ярим соъ буғдой бир соъ арпа ўрнида туради. Бу Усмон, Али, Абу Ҳурайра, Жобир, Ибн Аббос, Ибн Зубайр ва унинг онаси Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳумлардан собит бўлган фикрдир. Шунингдек, бу фикрни Ибн Таймия ва шогирди Ибн Қаййим ҳамда шайх Албоний («Тамомул минна»да) рожиҳ деб санашган.

Бошқа уламоларнинг фикрича, буғдойдан чиқариладиган фитр садақаси миқдори бир соъдир. Чунки фитр садақаси хусусида келган ҳадислар бир соъни умумий ўлчов деб қабул қилган, озиқ-овқат турлари ўртасидаги тафовутга назар қилмаган. Биринчи гуруҳ уламолар далил қилишган айрим саҳобаларнинг фикрларига бошқа саҳобалар, жумладан, Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу хилоф қилган. Мазкур иккинчи фикр имом Аҳмад, Шофеий ва Моликнинг фикридир.

Менимча, рожиҳ фикр ярим соъ буғдой бошқа озиқ-овқат турларидан бир соъ миқдорининг ўрнини босади деган биринчи фикрдир. Дарҳақиқат, бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган марфуъ ҳадис мавжуд бўлиб, у билан мазкур ихтилофга чек қўйиш мумкин. Мазкур ҳадисни Таҳовий, Ибн Абу Шайба ва имом Аҳмад саҳиҳ санад орқали Урва ибн Зубайрдан ривоят қилишган. Унда келишича, «Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида (ҳар бир) оила (аъзо)си номидан – ҳур ёки қул бўлишидан қатъи назар – (фитр садақаси сифатида) ўша даврда озиқ-овқатларни ўлчашда жорий бўлган ҳовуч ёки соъ билан икки ҳовуч (ярим соъ) буғдой ёки бир соъ хурмо чиқарар эди».

Шайх Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ айтади: «Фитр садақаси ва ғуслдаги соъдан, таҳоратдаги муд (бир ҳовуч миқдор)дан, шунингдек, (ҳажда) озор етиши сабабли сочини қирган киши тўлаши вожиб бўлган таомдаги ярим соъдан мақсад Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам замоналаридаги соъ ва муд ўлчовларидир»[8].

Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ айтади: «Мен бир соъни ўлчаб кўрдим. Бир соъ ўрта навли буғдойдан 2.4 кг миқдорга тенг келди»[9].

Умуман олганда бир соъ ўртача гавдали эркак кишининг тўрт ҳовучига тўғри келади[10].

[1] Бухорий (1504), Муслим (984), Абу Довуд (1611), Термизий (676), Ибн Можа (1826), Насоий (5/48) ривояти.
[2] Ҳасан: Абу Довуд (1609), Ибн Можа (1827), Ҳоким (1/162), Байҳақий (4/162) ривояти.
[3] Мавқуф саҳиҳ хабар. Дорақутний (2/141), Ибн Абу Шайба (4/37) ривояти.
[4] Заиф: Дорақутний (2/141), Байҳақий (4/161) ривояти. Асар мазмунини қўллаб-қувватловчи Байҳақий (4/161) Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилган бошқа бир асар ҳам мавжуд. Шайх Албоний «Ал-ирво»да (835) юқоридаги асарни унинг мазмунини қўллаб-қувватловчи бошқа асарлар йиғиндиси ила ҳасан деган. Бироқ Дорақутний ва Байҳақий асарни заиф дейишган. Қаранг: «Насбур роя» (2/413). Рожиҳ фикрга кўра, асар заифдир. Чунки мазкур асар билан Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган асар бир йўлдан ривоят қилинган. Шунингдек, асарни ҳофиз Ибн Ҳажар «Ат-талхисул ҳабийр»да (2/184) заиф деган.
[5] «Аш-шарҳул мумтеъ» (6/156).
[6] «Найлул автор» (4/251).
[7] Бухорий (1510) ривояти.
[8] «Аш-шарҳул мумтеъ» (6/176).
[9] Собиқ манба.
[10] Баъзи аҳли илмлар фитр садақасида бериладиган турли озиқ-овқат маҳсулотларининг ўлчовларини қуйидагича аниқлаганлар
1. Гуруч: 2.75кг
2. Хурмо: 1.75 кг
3. Ловия: 2.4 кг
4. Майиз: 1.6 кг
5. Қора ясмиқ: 2.75 кг
6. Сариқ ясмиқ: 2 кг.

Изоҳ қолдиринг