Закот: Садақага оид айрим масалалар ва ҳукмлар (2)

0
  1. Садақага энг ҳақли инсонлар

Инсон ўзига ва бола-чақасига қилган сарф-харажати ҳам садақа саналади. Бинобарин, у аввало ўз қарамоғидагиларнинг моддий эҳтиёжларини қондириши, уларни бировларга муҳтож қилиб қўймаслиги лозим.  Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Инсоннинг гуноҳкор бўлиши учун қарамоғидагиларни қаровсиз қолдириши кифоядир»[1]. Муслимга оид бир ривоятда «…қарамоғидагиларни озуқасидан маҳрум қилиши», дейилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Садақа қилингиз». Бир киши деди: «Ё Расулуллоҳ, бир динорим бор». У зот айтдилар: «Уни ўзингга садақа қил». «Яна бир динор бор». «Уни фарзандингга садақа қил», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. «Менда яна бир динор бор», деди киши. «Уни аёлингга садақа қил», дедилар. «Яна бир динорим бор», деди. «Уни хизматкорингга садақа қил», дедилар у зот. «Яна бир динор бор», деди ҳалиги киши. «Уни кимга садақа қилишни ўзинг яхшироқ биласан», дедилар»[2].

  1. Аёл эрининг молидан садақа қилиши жоизми?

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Агар аёл уйидаги таомлардан ҳаддан ошмаган ҳолда эҳсон қилса, эҳсон қилгани учун аёлга, ишлаб топгани учун эрига савоб бўлади. Хизматчига ҳам шунча савоб бўлади. Биттасининг савоби бошқасиникини камайтирмайди»[3].

Ушбу ҳадис аёл киши эрининг уйидаги таомлардан садақа қилиши жоизлигига далилдир.

Санъоний раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ҳадисдан аёл киши эри ёки эрига алоқадор кишиларники бўлган, уй бекаси сифатида ишлатиши жоиз бўлган таомлардан эҳсон бериши мақсад қилинган. Фақат аёлнинг эҳсони эрига зарар келтирмаслиги, оила таъминотига путур етказмаслиги шарт»[4].

Асмо бинти Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шундай дейди: «Дарҳақиқат, Зубайр қаттиққўл одам. Уйга мискинлар тиланиб келишади. Шунда мен Зубайрдан сўрамай, унинг уйидан мискинларга садақа қилиб юбораман». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Урф-одатга риоя қилган ҳолда озроқ бўлса ҳам эҳсон қил. Мол-мулкингни уйингга ғамлаб қўймаки, Аллоҳ сенга шунга яраша муомала қилмасин»[5].

Ибн Арабий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Дарҳақиқат, салаф уламолар бу борада ихтилоф қилишган. Баъзи уламоларнинг фикрича, аёл арзимас, уйдаги мол-мулкка таъсир қилмайдиган нарсаларни садақа қилиши жоиз. Айримларнинг фикрича, аёл гарчи умумий тарзда бўлса ҳам, эри рухсат берган нарсаларнигина садақа қилиши жоиз. Буниси Имом Бухорий ихтиёр қилган фикрдир. Имом Муслим ва Термизий Абу Умома розияллоҳу анҳудан келтирган ҳадис шунга далолат қилади. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Аёл эрининг уйидан фақат унинг рухсати билангина садақа қилиши жоиз». Дейилди: «Ё Расулуллоҳ, озиқ-овқатлардан ҳамми?» Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «У энг афзал молимиз-ку (Шундай экан, қандай қилиб уни эридан берухсат эҳсон қилсин?!)»[6].

Бироқ Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадис юқоридаги ҳадисга қарама-қаршидир. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Агар аёл эри топган молдан унинг бўйруғисиз эҳсон қилса, эрига ёзиладиган савобнинг ярми унга ҳам ёзилади…»[7]

Юқорида келтирилган ҳадислардан қуйидагиларни хулоса қилиш мумкин:

а) аёл киши эрининг камбағаллиги ёки бахиллигини билса, унинг молидан берухсат эҳсон қилиши жоиз эмас;

б) эри камбағал ёки бахил бўлмаса, аёл ҳаддан ошмаган, эрининг молига зарар етказмаган ҳолда унинг рухсатисиз ҳам эҳсон қилиши жоиз. Бу ҳолатда қилинган эҳсоннинг ярим савоби унга ёзилади;

в) юқоридаги ҳолатда аёл эрининг рухсати билан эҳсон қилса, унга тўлиқ савоб ёзилади, валлоҳу аълам.

Ёхуд айтиш мумкинки, аёл эрининг молидан қилган садақасига тўлиқ савоб олиши учун, гарчи берухсат бўлса ҳам, озиқ-овқатлар каби эри тасарруфини унга топшириб қўйган молдан эҳсон қилиши, эҳсони сабабли оила таъминотига зарар етказмаслиги ҳамда эри камбағал ёки бахил бўлмаслиги керак.

[1] Саҳиҳ. Абу Довуд, 1692. Албоний «Мишкот»да (3346) саҳиҳ деган. Шу маънодаги ҳадисни Муслим (996) ҳам ривоят қилган.
[2] Ҳасан. Абу Довуд (1691), Насоий (5/62), Ҳоким (1/415) ривояти. Ҳоким ҳадисни Муслим шартига кўра саҳиҳ деган ва Заҳабий унинг фикрини маъқуллаган.
[3] Бухорий (1425), Муслим (1024), Абу Довуд (1685), Термизий (672), Ибн Можа (2294) ривояти.
[4] «Субулус-салом», 627-бет.
[5] Бухорий (2590), Муслим (1029), Термизий (1960), Насоий (5/74) ривояти.
[6] Ҳасан. Термизий ривояти, 670. «Саҳиҳул жомеъ», 1789.
za[7] Санъонийнинг «Субулус-салом» (2/628) китобидан нақл қилинди.

Изоҳ қолдиринг