Закот: Тижорат молларидан чиқариладиган закот шартлари

0

Тижорат молларидан чиқариладиган закот шартлари

Тижорат молларидан закот чиқариш учун қуйидагилар шарт қилинади:

1. Инсон тижорат молларини сотиб олиш, ҳадя олиш, мерос ва ҳоказо йўллар билан қўлга киритган бўлиши.

2. Тижорат молларини савдо-сотиқ мақсадида олган бўлиши. Агар инсон бу молларни ўзи ишлатиши учун олган бўлса, у ҳолда тижорат моллари саналмайди.

3. Тижорат моллари нисобга етган бўлиши.

4. Тижорат моллари нисобга етган пайтдан бошлаб орадан бир йил ўтиши.

Мавзуга оид мулоҳазалар:

(1) Агар инсон тижорат ниятида эмас, балки ўзи ишлатиши учун автоулов ёки иморат қуриш учун ер сотиб олса-ю, кейинчалик бирон фойдани кўзлаб ёки бу молдан қутулиш учун уни сотса, бу моллар тижорат молига айланиб қолмайди. Чунки у бу молларни аслида тижорат учун олмаган ва шу боис ундан закот чиқариши вожиб эмас.

(2) Агар инсон юқоридаги ҳолатда бу молларни ўзи ишлатиши учун сотиб олса-ю, кейинроқ унда тижорат қилиш нияти пайдо бўлса, у ҳолда бу моллар нияти ўзгарган вақтдан бошлаб тижорат молларига айланади ва орадан роппа-роса бир ўтгач закот чиқариш вожиб бўлади[1].

(3) Ҳар йил учун алоҳида закот чиқариш вожиб. Бу Абу Ҳанифа, Аҳмад, Шофеий, Саврий, Исҳоқ ва Абу Убайдларнинг фикридир. Имом Моликнинг фикрича, тожир газламачи, баққол, хўжалик моллари сотувчиси ва шуларга ўхшаш йил давомида савдо-сотиқ қилувчи тожирлардан бўлса, унда аксар уламолар айтганидек, ҳар йили закот чиқаради. Борди-ю, тожир кўчмас мулклар тижорати билан шуғулланувчилар каби товарни сотиб олиб, бозордаги нархни кузатиб ўтирадиган, фойда бўлса сотадиган «муҳтакир» (монополиячи) тожирлардан бўлса, у ҳолда орадан қанча йил ўтишидан қатъий назар товарни сотганда бир йиллик закот беради. Бироқ бу тариқа оддий тожирлар билан муҳтакир тожирлар ўртасини ажратиш хусусида бирон далил йўқ. Бинобарин, рожиҳ фикр ҳар йили закот чиқаради деган жумҳур уламолар фикридир.

(4) Тижорат молларининг қиймати кишида мавжуд бўлган бошқа пулларга қўшиб ҳисобланади. Агар бир кишида ярим нисоб миқдорида тилла (42.5 грам) ва ярим нисоб миқдорида тижорат моллари бўлса, демак, унга закот вожиб бўлади. Бироқ бир кишида ярим нисоб миқдорида тилла ва ярим нисоб миқдорида кумуш (297.5 грам) бўлса, тилладан ҳам, кумушдан ҳам закот чиқариш вожиб бўлмайди. Чунки тилла билан кумуш бир-биридан фарқли икки жинс ҳисобланиб, закот вожиб бўлиши учун бир-бирига қўшилмайди. Тижорат молларидан кўзда тутилган нарса эса унинг қиймати бўлиб, шу боис тилла ёки кумушга қўшиб ҳисобланади.

(5) Инсон муайян товарда тижорат қилиб келиб, йил ўртасида бошқа бир товар билан тижорат қилиш фикри туғилса, у ҳолда бир йил муддат биринчи товардан бошлаб ҳисобланадими ёки иккинчисиданми?

Тўғри фикрга кўра, бир йил муддат биринчи тижоратдан бошлаб ҳисобланади. Негаки, тижорат молларида эътиборга молик жиҳат унинг қиймати бўлиб, товар турининг аҳамияти йўқ.

(6) Тижоратчи закот чиқариш учун тижорат молларини қай тариқа ҳисоблайди?

Аввало тижоратчи бисотидаги тижорат молларини рўйхатга олиши (инвентаризация амалиёти ўтказиши) лозим. Бунинг учун тижорат моллари нисобга етган кундан бошлаб орадан ҳижрий ҳисобда бир йил ўтгач бисотидаги молларни жорий вақтдаги улгуржи нархда ҳисоблаб чиқади. Сўнгра унга мавжуд нақд пулларни ҳам қўшиб, умумий маблағнинг қирқдан бири ёхуд 2.5 фоизини закотга чиқаради.

Қарзларга келсак, улар икки турдан иборат:

А – инсоннинг бошқаларга қарзга берган пул ёки мол-мулклари. Бундай мол-мулклардан олдин айтиб ўтганимиздек, рожиҳ фикрга кўра закот берилмайди.

Б – инсон зиммасидаги бировларга бериши лозим бўлган қарзлар. Бундай қарзларни тўлаш вақти келган бўлса, тўланади ва тўланган маблағдан закот чиқарилмайди. Агар бу қарзларнинг тўлаш вақти ҳануз келмаган бўлса, у ҳолда бу қарзлар закот молларидан чиқариб ташланмайди, балки инсон қўлида мавжуд барча моллардан закот чиқариши вожиб бўлади.

В – солиқ, божхона тўловлари, ишчиларга берилган маошлар, дўкон ижараси, шахсий харажатлар ва ҳоказо харажатлар асл сармоядан чиқариб ташланади. Мазкур тўлов ва харажатлардан закот чиқарилмайди.

Шуни яхши билиб олиш лозимки, тижорат учун ишлатиладиган асбоб-ускуналар, техникалар, автоуловлар ва шунга ўхшаш воситалардан закот берилмайди.

Бинобарин, киракашлик учун қўлланиладиган автоулов эгаси автоулов қийматидан закот бермай, балки киракашлик ортидан келган даромаддан (агар нисобга етиб, бир йил ўтса) закот беради.

(7) Тижорат молларидан чиқариладиган закотни шу молларнинг ўзидан бериш ҳам, шунингдек, унинг қийматидан бериш ҳам жоиз. Бу фикрни шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ ихтиёр қилган[2].

(8) Олдинги мавзуларимизда айтиб ўтганимиздек, чорва молларидан бошқа мол-мулкларда бир неча кишига оид мол-мулкларнинг бир-бирига аралашувининг закотга таъсири йўқ. Шунга кўра, икки киши тижоратда шерик бўлса, улардан ҳар бирининг тижоратдаги улуши нисобга етмаса (баъзан иккисининг улушини қўшиб ҳисоблаганда нисобга етиши мумкин), то ҳар бирининг улуши мустақил тарзда нисобга етмагунча иккисига ҳам закот вожиб бўлмайди. Агар улардан бирининг улуши нисобга етса, фақат унга закот вожиб бўлади, шеригига эмас.

(9) Икки киши шерикчиликка (музораба) тижорат қилса, бири нисобга етадиган миқдорда тижорат моли берса, иккинчиси эса бу моллар билан тижорат қилса, орадан бир йил ўтиб тижоратдан фойда кўришса, бу ҳолатда мол эгаси асл сармоядан ва унга қўшимча фойдадаги улушидан закот чиқариши вожиб бўлади. Чунки унинг моли нисобга етиб, орадан бир йил ўтди. Аммо унинг ишчи шеригига келсак, агар кўрган фойдаси нисобга етган бўлса, унда бир йилдан сўнг закот чиқариши вожиб бўлади. Борди-ю, фойдадаги улуши нисобга етмаса, у ҳолда унга закот вожиб бўлмайди[3].

[1] Қаранг: «Аш-шарҳул мумтеъ» (6/144).
[2] «Ал-ихтиёротул фиқҳийя» (101-бет).
[3] Қаранг: «Ал-муғний» (3/38-39-бетлар).

Изоҳ қолдиринг