Закот: Тижорат молларидан закот чиқариш ҳукми

0

Бешинчидан: тижорат моллари закоти

Тижорат молларидан закот чиқариш ҳукми:

Жумҳур илм аҳли тижорат молларидан закот бериш фарз дейишган. Бунга закотнинг фарзлиги тўғрисидаги бир қанча умумий далилларни ҳужжат қилишган.

Жумладан:

(1) Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад), мусулмонларнинг молларидан уларни (гуноҳлардан) поклайдиган ва (хайр-барака ва ҳасанотларини) ўстирадиган закотни олинг» [Тавба: 103].

(2) Аллоҳ таоло айтади: «Уларнинг молларида (муҳтожлигини ошкор қилиб садақа) сўраган ва (ор-номус қилиб, одамлардан ёрдам сўраманлиги боис садақадан) маҳрум кишилар учун (бериладиган) ҳақ (закот) бор» [Зориёт: 19].

(3) Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жумладан шундай дейдилар: “...Агар улар бу нарсага итоат этсалар, у ҳолда Аллоҳ таоло уларга бойларидан олиниб камбағалларига бериладиган садақа (закот)ни фарз қилганини билдиргин…[1].

Абу Бакр ибн Арабий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳ таолонинг «Уларнинг молларидан (садақа) закот олинг», деган сўзи тури, номи, нима мақсадда олинган бўлишидан қатъий назар ҳар қандай мол-мулкларни ўз ичига олади. Кимда ким бу оятдан муайян мол-мулклар назарда тутилган деса, далил келтирсин»[2].

(4) Аллоҳ таоло айтади: «Эй иймон келтирганлар, ўзингиз қўлга киритган мол-мулкларнинг покиза-ҳалолидан, шунингдек, сизлар учун ердан (ундириб-ўстириб) чиқариб қўйган экинлардан нафақа-садақа қилингиз» [Бақара: 267].

Жассос роҳимаҳуллоҳ «Аҳкомул Қуръон»да шундай дейди: «Бир гуруҳ салаф уламоларидан оятдаги «қўлга киритган мол-мулклар»дан тижорат моллари назарда тутилганлиги ривоят қилинган. Ҳасан (Басрий) ва Мужоҳид шулар жумласидан. Мазкур оятдан (тижорат молларидан) бошқа ҳар қандай мол-мулклардан ҳам закот бериш вожиблиги келиб чиқади. Чунки ундаги «қўлга киритган» деган сўз уларни ҳам ўз ичига олади»[3].

Абу Бакр ибн Арабий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Уламоларимиз айтишади: «Аллоҳ таолонинг «қўлга киритган» деган сўзидан мақсад тижорат бўлса, «сизлар учун ердан чиқариб қўйган» деган сўзидан мақсад экинлардир»[4].

5) Шунингдек, уламолар тижорат молларидан закот бериш вожиблигига Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг қуйидаги сўзини ҳам далил қилишган: «Аллоҳга қасамки, агар улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бериб келишган биргина арқонни беришдан бош тортсалар, албатта бунинг учун уларга қарши уруш очаман»[5].

Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Хаттобий баъзи уламолардан нақл қилишича, (Сиддиқ сўзининг) маъноси қуйидагича: «Агар тижорат молларидан бўлган бир арқонни менга беришдан бош тортсалар…». Албатта бу тўғри таъвил-изоҳдир»[6].

(6) Шунингдек, Умар, Абдуллоҳ ибн Умар ва Ибн Аббос каби саҳоба розияллоҳу анҳумлардан нақл қилинган сўзлар ҳам тижорат молларидан закот чиқариш вожиблигига далолат қилади.

Абдураҳмон ибн Абдулқорийдан ривоят қилинади: «Умар ибн Хаттоб замонасида байтилмолда бошлиқ бўлган эдим. Умар розияллоҳу анҳу одамларга ҳадя улашиш учун чиқса, тожирларнинг мол-мулкларини кўздан кечириб, бу мол-мулклардан тожирларнинг қўлидагисини ҳам, бошқа ердагиларини ҳам ҳисоб-китоб қилиб, ҳаммасини закотини уларнинг қўлидаги моллардан олар эди»[7].

Ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтади: «Тижорат учун ҳозирланган ун ёки газламалардан закот чиқарилади»[8]. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан яна шундай дегани нақл қилинган: «Тижорат қилиш мақсадида олинган тижорат молларидангина закот чиқарилади».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: «(Тожир) тижорат молларини сотгунга қадар кутишнинг зиёни йўқ. Тожирга тижорат молларидан закот бериши вожибдир»[9].

Ибн Мунзир ва Абу Убайднинг нақл қилишича, уламолар тижорат молларидан закот чиқариш вожиблигига ижмо қилишган. Бу борада зоҳирийлар бошқа уламоларга хилоф қилишган.

Ибн Мунзир роҳимаҳуллоҳ айтади: «Уламолар тижорат учун олинган тижорат молларига бир йил ўтиши билан закот вожиб бўлишига ижмо қилишган»[10].

Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ айтади: «Тижорат молларидан закот чиқариш вожиб деган фикр Умар ва Абдуллоҳ ибн умар ҳамда Ибн Аббосдан ривоят қилинган. Шунингдек, бу фикрни «етти фақиҳлар»[11], Ҳасан (Басрий), Жобир ибн Зайд, Маймун ибн Миҳрон, Товус, Нахаий, Саврий, Авзоий, Шофеий, Абу Убайд, Исҳоқ ва «асҳоби раъй» (ҳанафийлар) ҳам айтишган»[12]. Ибн Қудома «Ал-муғний»да айтишича, бу ҳанбалийларнинг ҳам фикридир.

Демак, бу жумҳур уламолар фикридир. Зоҳирийларнинг фикрича, тижорат молларидан закот берилмайди. Шундай бўлса-да, Ибн Ҳазмнинг айтишича, тижоратчилар зиммасида тижорат молларидан бериладиган закот бор бўлиб, бироқ унинг миқдори белгиланмаган. Уни ҳар бир тожирнинг ўзи кўнглидан чиқариб бермоғи керак. Ибн Ҳазм роҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу чекланмаган фарз закотдир. Уни ҳар ким кўнглидан чиқариб беради ва у беҳуда сўзлар ва қасамлар сингари савдо-сотиққа аралашиб қолган ножўя ишлар учун каффорат бўлади»[13].

[1] Бухорий (1458), Муслим (19), Абу Довуд (1584), Термизий (625), Насоий (2\5) ва Ибн Можа  (1783) ривояти.
[2] «Шарҳи Термизий» (3/104). Мазкур оятни далил қилиш унчалик тўғри келмайди. Чунки сабзавотлар, от, қуллар ва бошқа шу каби мол-мулклар борки, улардан закот берилмайди.
[3] “Аҳкомул Қуръон” (1/345).
[4] “Аҳкомул Қуръон” (1/235).
[5] Бухорий (1399, 1456), Муслим (20), Абу Довуд (1556), Термизий (2606), Насоий (5/14, 7/77) ривояти.
[6] «Шарҳи саҳиҳи Муслим» (1/209).
[7] Ибн Абу Шайба (2/407), Ибн Ҳазм (5/347) ва Абу Убайд (“Ал-амвол”, 429-бет) ривояти. Ибн Ҳазм саҳиҳ деган.
[8] Байҳақий (4/147) ривояти.
[9] Ибн Ҳазм “Ал-муҳалло”да (5/348) ривоят қилган. Шайх Албоний “Тамомул минна”да (364-бет) саҳиҳ деган.
[10] “Ал-ижмоъ” (14-бет).
[11] “Етти фақиҳлар” – Мадинаи Мунавварада бир вақтда яшаб ўтган еттита тобеин уламолар: Саид ибн Мусайяб, Урва ибн Зубайр, Қосим ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр, Убайдуллоҳ ибн Утба ибн Масъуд, Хорижа ибн Зайд ибн Собит ва Сулаймон ибн Ясорлардир.
[12] “Ал-муғний” (3/30). Қаранг: Абу Убайд, “Ал-амвол”, (33-бет).
[13] “Ал-муҳалло” (5/349).

Изоҳ қолдиринг