Замахшарий ким?

0

Савол:

Замахшарий деган инсон ўтган экан. Шу киши ҳақида маълумот берсангиз?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Аллома Замахшарийнинг тўлиқ исми: Абулқосим Маҳмуд ибн Умар ибн Муҳаммад Замахшарий Хоразмийдир. У Хоразмнинг Замахшар қишлоғида ҳижрий 538 йилда таваллуд топган. Замахшарий араб тили, Қуръон тафсири ва ҳадисдаги нотаниш луғатлар борасида тенги йўқ олим бўлган. У “Кашшоф” ҳамда “Муфассал” китобларининг муаллифи. Бироқ Замахшарий мўътазилий эътиқодида бўлган. Маълумки, мўътазилийлар аҳли суннат ва жамоат остига кирмайдиган бидъатчи тоифа ҳисобланади. Уларнинг аҳли суннат ва жамоатдан фарқли эътиқодлари қуйидагилардир:

1) Қуръони каримни Аллоҳнинг каломи эмас, балки Аллоҳ томонидан яратилган сўз деб билишади;
2) Қиёмат куни мўминлар Аллоҳ таолони кўришлари мумкинлигини инкор этишади;
3) Аллоҳ таолонинг бир қанча сифатларини инкор этишади;
4) Гуноҳи кабира қилган мусулмон тавба қилмай вафот этса, дўзахда абадий қолади деб эътиқод қилишади;
5) Банда ўз ишларини ўзи пайдо қилади, Аллоҳ таоло тақдирда банданинг барча ишларини битиб қўйган бўлиши адолатга зид, деб билишади.

Замахшарийнинг мўътазилий эътиқодида бўлгани ҳақида имом Заҳабий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “У мўътазилийликка даъват қиларди, Аллоҳ уни кечирсин!” (“Сияру аъломин нубало”, 20-жилд, 156-бет). Хулоса шуки, Замахшарий араб тили, Қуръон тафсири ва ҳадисдаги нотаниш луғатлар борасида тенги йўқ олим бўлган. Бироқ эътиқоди нотўғри бўлгани ва китобларида ҳам шу эътиқодга тарғиб қилгани учун аҳли суннат ва жамоат эътиқодини мустаҳкам ўрганмаганлар унинг китобларини ўқишлари мумкин эмас. Мутахассислар эса унинг эътиқоди нотўғри бўлгани боис илмий асарларидан бутунлай юз ўгиришлари ҳам дуруст эмас, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг