Жаҳмийликнинг пайдо бўлиши

0

Жаҳмийликнинг пайдо бўлиши

Жаҳмийларнинг асосий фикрлари салафи солиҳларнинг эътиқодига зид бўлган илми каломга асосланган. Бу бидъат эътиқод Жаҳм ибн Сафвоннинг асл ватани бўлмиш Термиз шаҳрида пайдо бўлиб, у ердан бутун Хуросон бўйлаб тарқалган. Бу бузуқ тушунчалар одамлар орасида кенг тарқала бошлагач, уни қўллаб-қувватлайдиган “доно”лар ҳам топилди, бу борада турли хил китоблар ҳам ёзилди. Жаҳмийлик эътиқодидаги инсонларни уч тоифага тақсимлаш мумкин:

Биринчи тоифа: бу тоифа чуқур кетган жаҳмийлар тоифаси ҳисобланишади. Улар Аллоҳ таолонинг барча исм ва сифатларини инкор қилишади. Аллоҳ таолонинг баъзи исмларини эътироф этишса-да, уни мажозий маънодаги исмлар деб эътиқод қилишади.

Иккинчи тоифа: бу тоифа Аллоҳ таолонинг исмларини тан олишади, бироқ У зотнинг барча сифатларини инкор қилишади. Мўътазилийлар ва уларнинг йўлини тутган фирқалар ушбу тоифага мансубдирлар.

Учинчи тоифа: бу тоифа Аллоҳ таолонинг аксар исм ва сифатларига иқрор бўлишиб, улардан айримларинигина инкор қилишади. Бу тоифага мансуб кишиларни жаҳмий эмас, балки жаҳмийлик тушунчаси бор кишилар, дейилса тўғрироқ бўлади. Чунки уларнинг эътиқоди жаҳмийлардан кўра аҳли саннат ва жамоатнинг эътиқодига яқинроқдир.

Жаҳмийлик фикрининг илдизи

Жаҳмийлик фикри Жаҳм ибн Сафвондан олдин яҳудийлар, мушриклар ва файласуфлар каби баъзи бузуқ эътиқоддаги кишиларда бўлган. Бироқ бу фикрни ислом умматида пайдо қилган шахс Жаъд ибн Дирҳам ҳисобланади. Жаъд бу фикрни Абон ибн Самъондан, Абон Толутдан, Толут эса ўзининг яҳудий тоғаси Лабид ибн Аъсамдан олган. Лабид Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни сеҳрлаган яҳудийдир. Жаъднинг бу бузуқ эътиқодини Жаҳм ибн Сафвон ривожлантиргани учун бу ботил эътиқод унинг номи билан машҳур бўлган.

(Давоми бор)

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг