Жаҳрий намозларни овоз чиқармай ўқиса бўладими?

0

Савол:

Ёлғиз намоз ўқиган инсон жаҳрий намозларни овоз чиқармай ўқиса бўладими?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Жумҳур уламоларнинг фикрича, имом бомдод, шом ва хуфтон каби жаҳрий намозларда овоз чиқариб қироат қилиши, шунингдек, пешин ва аср каби сиррий намозларда овоз чиқармай қироат қилиши суннатдир. Ҳанафий мазҳаби уламоларининг фикрича, имом жаҳрий намозларда овоз чиқариб қироат қилиши, сиррий намозларда эса овоз чиқармай қироат қилиши вожибдир. Шунингдек, ҳанафий мазҳабига кўра бунга хилоф иш қилган киши саждаи саҳв қилиши лозим. Моликий мазҳаби уламолари бундай ҳолатда саждаи саҳв қилиш лозимлигида ҳанафий мазҳаби билан ҳамфикр бўлишсада, бироқ овоз чиқариб ёки махфий қироат қилиш вожиблигида ҳанафийларга қўшилмайдилар. Шофеий ва ҳанбалий мазҳабларига кўра имом адашиб қироатни жаҳрий ёки махфий қилиб қўйгани учун саждаи саҳв қилмайди.

Энди саволда айтилган ёлғиз кишига келсак, у моликий ва шофеий мазҳабларига кўра, шунингдек, имом Аҳмаддан келган бир нақлга кўра жаҳрий намозларда овоз чиқариб қироат қилиши суннатдир. Ҳанафий мазҳабининг фикри ҳамда ҳанбалий мазҳабидаги мўътамад фикрга кўра ёлғиз намоз ўқиган киши жаҳрий намозларда хоҳласа овоз чиқариб, хоҳласа овоз чиқармай ўқийди.

Хулоса қилиб айтганда, ҳар қандай мазҳабга кўра ёлғиз намоз ўқиган киши жаҳрий намозда овоз чиқармай қироат қилиши намознинг дуруст бўлишига таъсири йўқ. Бинобарин, инсон мазкур ҳолатда овоз чиқариб ёки овоз чиқармай қироат қилишидан қай бири унга муносиброқ бўлса, намозда хушуъ билан туришига ёрдам берувчироқ бўлса шуни ихтиёр қилгани мақсадга мувофиқдир, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг