Жанобат ва жума учун битта ғусл қилиш жоизми?

0

Савол:

Агар эр-хотин жума куни бомдод намозидан сўнг бирга бўлиб ғусл вожиб бўлса, буёғи жумага ҳам ғусл қилиш керак, жанобатдан покланиш учун қилинган ғусл жума учун қилинган ғуслнинг ҳам ўрнига ўтадими?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Агар инсонга жанобат ва жума учун ғусл қилиш жамланиб қолса иккиси учун бир бор ғусл қилиши кифоя. Бу ҳолатда инсон ҳар иккиси учун ғусл қилишни ният қилиши лозим. Зеро, “Албатта амаллар(нинг солиҳ ёки яроқсизлиги, мақбул ёки номақбуллиги) фақат ниятларга боғлиқдир. Ҳар бир кимса учун (амали ила) ният қилган (яхшиликнинг савоби ёки ёмонликнинг жазос)и  насиб қилур” [Бухорий (1) ва Муслим (1907)].

Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар инсон бир ғусл билан жанобат ва жума учун ғусл қилишни ният қилса ҳар икки ғусл ҳосил бўлган бўлади. Тўғри фикр шудир” [“Мажмуъ” (1/368)].

Шайх Ибн Боз роҳимаҳуллоҳдан “Жанобат учун қилинган ғусл жума куни учун қилинган ғуслнинг ўрнига ўтадими?”, деб сўралганда шундай жавоб беради: “Агар кундузи (қуёш чиққандан сўнг) ғусл қилган бўлса бир бор ғусл қилиш кифоя. Бир ғусл билан ҳар иккиси, яъни жанобат ва жума учун ғусл қилишни ният қилиши афзалдир. Шу тариқа унга жума учун ғусл қилиш ажр-савоби ҳам ҳосил бўлади, иншааллоҳ” [“Ибн Боз фатволари тўплами” (12/406)].

Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳдан “Жума ва жанобат учун бир марта ғусл қилиш ҳукми нима?” деб сўралганида шундай жавоб қилган: “Бунинг зиёни йўқ. Агар инсон жунуб бўлса, сўнг ғусл қилаётиб ҳам жанобатни кетказиш, ҳам жума учун ғусл қилишни ният қилса, бунинг зиёни йўқ. Бу худди масжидга кириб намоздан олдинги суннатни, айни пайтда таҳийятул-масжидни ният қилиб икки ракаат намоз ўқиган кишининг ҳолатига ўхшайди. (Яъни мазкур икки ракаат намоз фарз намоздан олдинги икки ракаат суннат ва икки ракаат таҳийятул-масжид намозининг ўрнига ўтганидек, жанобат ва жума нияти билан қилинган бир ғусл ҳам жанобатни кетказиш, ҳам жума учун ғусл қилиш ўрнига ўтади).

Ушбу масала уч қисмнинг биридан холи бўлмайди:

  1. Ғуслдан фақат жанобатни кетказишни ният қилиш;

  2. Ғуслдан жанобатни кетказиш ва жума учун ғусл қилишни ният қилиш;

  3. Ғуслдан фақат жума учун ғусл қилишни ният қилиш.

Агар ғуслдан фақат жанобатни кетказишни ният қилган бўлса қаралади: агар қуёш чиққандан сўнг ғусл қилган бўлса, у ҳолда ҳар иккисининг ўрнига ўтади. Агар ғуслдан ҳар иккисини ният қилган бўлса, унда ҳар иккиси учун ажр-савобга эришади. Борди-ю, ғуслдан фақат жума учун ғусл қилишни ният қилган бўлса жанобат учун ғуслнинг ўрнига ўтмайди. Негаки, жума учун ғусл қилиш суннат бўлса, жанобат учун ғусл қилиш фарздир. Бинобарин, жанобат кетиши учун ғуслда ният бўлиши лозим. Баъзи уламолар (гарчи ҳар иккисини ният қилган бўлса ҳам жанобат учун алоҳида ва жума учун алоҳида) икки марта ғусл қилиши лозим дейишади. Бироқ бу тўғри фикр эмас” [“Ибн Усаймин фатволари тўплами” (16/137)]. Валлоҳу аълам.

(IslamQA саҳифасидан олинди).

Изоҳ қолдиринг