Жанобатдан ғусл қилиш боби (2)

0

Йигирма тўққизинчи ҳадис

عَنْ عَائِشَةَ رضي الله عنها قَالَتْ: ((كَانَ النَّبِيُّ – صلى الله عليه وسلم – إذَا اغْتَسَلَ مِنَ الْجَنَابَةِ غَسَلَ يَدَيْهِ  ثُمَّ تَوَضَّأَ وُضُوءَهُ لِلصَّلاةِ  ثُمَّ يُخَلِّلُ بِيَدَيْهِ شَعْرَهُ حَتَّى إذَا ظَنَّ أَنَّهُ قَدْ أَرْوَى بَشَرَتَهُ أَفَاضَ عَلَيْهِ الْمَاءَ ثَلاثَ مَرَّاتٍ ثُمَّ غَسَلَ سَائِرَ جَسَدِهِ)) .

وَكَانَتْ تَقُولُ: ((كُنْتُ أَغْتَسِلُ أَنَا وَرَسُولُ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم – مِنْ إنَاءٍ وَاحِدٍ نَغْتَرِفُ مِنْهُ جَمِيعاً)) .

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанобат туфайли чўмилсалар, аввал қўлларини ювар, сўнг намозга таҳорат олгандек таҳорат олар, сўнг қўллари билан сочлари орасини ишқалар, сув бош терисигача етиб борганига кўзлари етса, устидан уч марта сув қуяр, сўнг таналарининг қолган жойларини ювар эдилар” [Бухорий: 272 ва Муслим: 316].

Ойша розияллоҳу анҳо айтади: “Мен ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир идишдан, иккаламиз ҳам ундан сув олиб чўмилардик” [Бухорий: 273 ва Муслим: 321].

Шарҳ:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанобат туфайли чўмилсалар”, яъни чўмилмоқчи бўлсалар.

“Сўнг қўллари билан сочлари орасини ишқалар”, яъни сув сочнинг остигача, бош терисигача етиши учун хўл бармоқлари билан сочларининг орасини ишқалардилар.

“Сув бош терисигача етиб борганига кўзлари етса”, ушбу жумла ғуслда сув тананинг барча қисмига етганини аниқ билиш шарт эмаслиги, балки сув етгани эҳтимоли кўпроқ бўлиши етарли эканига далолат қилади.

“Устидан уч марта сув қуяр”, яъни сочларининг устидан уч марта сув қуярдилар.

Ойша розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг чўмилишларини васфлаб айтадики, у зот жанобатдан покланиш мақсадида чўмилмоқчи бўлсалар, идишга қўл солганларида қўллари тоза бўлиши учун дастлаб қўлларини ювар, сўнг худди намозга таҳорат олгандек таҳорат олардилар. Сочлари қалин бўлгани сабабли хўл қўллари билан улар орасини ишқалар, сув сочнинг илдизигача етиб, бош териси намланганидан сўнг бошларига уч маротаба сув қуярдилар. Сўнгра қолган жойларини ювардилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур комил кўринишда ғусл қилишларига қарамай, у зот ва Ойша розияллоҳу анҳога бир идиш сув етарди, иккалалари ҳам бир идишдан сув олиб чўмилар эдилар.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Жанобатдан покланиш учун чўмилиш лозим. Жинсий алоқада уруғ суви (маний) тўкиш билан тўкмаслик ўртасида фарқ йўқ. Ҳар иккала ҳолатда ҳам одам жунуб саналади ва ундан покланиш учун чўмилиш керак бўлади. Келгусида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадисида бу ҳақда батафсил маълумот келади.

2 –  Ушбу ҳадисда ғуслнинг комил кўриниши зикр қилнган. Унга биноан, аввал икки қўл ювилади, сўнг таҳорат олинади, сўнг қалин сочлар ораси хўл бармоқлар билан ишқалаб, бош терисига сув етказилади, сўнгра тананинг қолган қисми ювилади.

3 – Ойша розияллоҳу анҳонинг: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанобат туфайли чўмилсалар”, деган сўзлари Пайғамбаримиз ҳар сафар жанобатдан ғусл қилганларида мазкур ишларни қилишларига далолат қилади.

4 – Эр-хотин бир-бирларининг авратларига қарашлари ва бир идишдан чўмилишлари жоиз.

5 – Жанобатдан ғусл қилинганда дастлаб таҳорат аъзолари ювилади, фақат оёқлар ғуслнинг охирида ювилади. Бу ҳақда келгусида сўз юритилади.

6 – Ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғуслдан олдин таҳорат олганлари зикр қилинган. Бу эса таҳорат аъзоларини ювиш ўша аъзолардаги катта ва кичик бетаҳоратликни кетказишига далолат қилади. Зеро, ғуслни ҳам, таҳоратни ҳам фарз қилган сабаб биттадир.

Изоҳ қолдиринг