Жоҳиллик бир дарддир

0

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Инсон танасини соғ-саломат сақлаш учун қўлидан келганича ҳаракат қилади. Ҳатто, бедаво дардга чалинганлар ҳам тузалиш умидида ҳар турли дори-дармонларни истеъмол қилишади. Албатта, бу табиий ҳол. Аслида шариатимиз нуқтаи назарида бедаво дард йўқ. Чунки Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло ҳар бир дарднинг давосини тушурган” – деганлар[1]. Усома ибн Шариш розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда эса: “Аллоҳ таоло ҳар бир дарднинг шифосини тушурган. Уни билганлар билади, билмаганлар билмайди” – деганлар[2]. Лекин бу ҳадислардаги “дард” сўзи фақат бадандаги ҳиссий касалликларни эмас, балки қалбдаги, эътиқоддаги, дунёқарашдаги маънавий хасталикларни ҳам ўз ичига олади. Масалан, жоҳиллик – билмаслик ҳам бир дард ва унинг давоси уламолардан сўрашдир. Жобир розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Биз сафарга чиққан эдик. Сафарда бир шеригимизнинг бошига тош тегиб, боши ёрилди. Кейин у эҳтилом бўлиб қолди ва шерикларидан таяммум қилишга рухсат борми, деб сўради. Шериклари эса йўқ, деб жавоб беришди. Чунки унинг олдида сув бор эди. Бемор шерикларининг гапига кириб совуқ сувга ғусл қилгани сабабли вафот этди. Биз сафардан қайтиб келганимиздан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган воқеани айтиб бердик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Улар шерикларини ўлдиришибди-ку! Аллоҳ уларни ҳалок қилсин, билмас эканлар, сўрасалар бўлмайдими?! Ахир, билмасликнинг давоси сўраш-ку!” – дедилар”. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “билмасликнинг давоси” деганларидан билмаслик бир дард экани тушунилади.

Қалбдаги шубҳа ва нотўғри тушунчалар, нодонлик, ҳақиқатни билмаслик, ҳатто танадаги касалликлар – бу дардларнинг барчасига Қуръони Карим шифо бўлади. Қуръон танадаги тиббий касалликларга ҳам шифо эканини қуйидаги ҳадис тасдиқлайди: Абу Саид розияллоҳу анҳу айтадилар: “Бир гуруҳ саҳобалар сафарга чиқишган эди. Улар бир маҳалланинг олдидан ўтишар экан, улардан меҳмон қилишларини сўрадилар. Маҳалла аҳли саҳобаларни меҳмон қилишмади. Шу маҳалланинг бошлиғини илон чақиб олди ва бутун маҳалла елиб-югуриб уни даволашга ҳаракат қилишди, лекин фойдаси бўлмади. Шунда улар бир-бирларига: “Бироз олдин келган мусофирлардан сўрайлик, уларда бирон бир дори бордир” – дейишди ва саҳобаларнинг олдига келишди.

-Бошлиғимизни илон чақиб олди. Биз қўлимиздан келганини қилдик, фойдаси бўлмади. сизларда бирон нарса борми? – деди элчилар.

-Ҳа, мен ўқиб қўйишим мумкин. Лекин биз сизлардан бизни меҳмон қилишингизни сўраган эдик, меҳмон қилмадинглар. Шунинг учун менга пул бермасаларинг, дам солмайман, – деди саҳобалардан бири.

Шундай қилиб, саҳобалар бир тўда қўй эвазига маҳалла оқсоқолига дам солишга келишишди. Ҳалиги саҳобий Фотиҳа сурасини ўқиб дам сола бошлаган эди, қабила бошлиғи худди ҳеч нарса кўрмагандек ўрнидан туриб кетди. Шунда улар саҳобаларга ваъда қилинган нарсани беришди. Саҳобалар бу қўйларни ўрталарида бўлиб олмоқчи бўлишганида дам солган саҳобий олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган воқеани айтиб беришни, кейин эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларига биноан иш тутишни маслаҳат берди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, бўлган воқеани айтиб беришганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дам солган саҳобийга қарата: “Бу сура руқя эканини қаердан билдинг? Тўғри қилибсизлар, қўйларни ўртада тақсимлаб олинглар ва менга ҳам бир улуш ажратинглар” – дедилар”[3].

Шу ва шу каби дардлар учун энг яхши даво Қуръони Каримдир. Аллоҳ таоло Қуръон шифо экани ҳақида Фуссилат сурасининг 44-оятида шундай деган: “Агар биз бу (Қуръон)ни бошқа тилда тиловат қилинадиган қилиб нозил қилганимизда улар: “Бу (китоб)нинг оятлари (бизга тушунарли қилиб) баён қилинса бўлмасмиди?! (Бу китоб) арабча, (тингловчилар эса) араб-ку!” – дейишар эди. Айтинг: Бу (Қуръон) иймон келтирганларга ҳидоят ва шифодир”.

Илмсизлик ҳам бир дард бўлиб, уни даволаш учун инсон қўлидан келганича ҳаракат қилиши керак. Зеро, танадаги ҳиссий хасталиклардан кўра маънавий касалликлар инсон учун янада хатарли. Чунки илмсизлик танага зарар бермаса-да, инсоннинг охирати куйишига сабаб бўлиши ҳеч гап эмас. Ҳазрати Навоий бежиз: “Билмаганни сўраб ўрганган олим, орланиб сўрамаган ўзига золим” – демаган.

Аллоҳим, бизларга билмаган нарсаларимизни ўргат, жоҳиллигимиз сабабли содир этган хатоларимизни Ўзинг кечир![4]

[1] “Саҳиҳи Бухорий”, тиббиёт боби, 5678-ҳадис.

[2] Имом Аҳмаднинг “Муснад” китоби, 18456-ҳадис.

[3] Бухорий ва Муслим ривояти.

[4] Мақолани ёзишда Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳнинг “Дард ва даво” китобидан фойдаланилди.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг