Жума хутбаси асносида гапириш жоизми?

0

Савол:

Жума куни хутба асносида имомнинг саломига алик олиш, имом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг номини тилга олса, салавот айтиш ва имом дуо қилса, амийн дейиш жоизми. Бу ишлар ҳадисда қайтарилган беҳуда гаплар қабилидан бўлиб қолмайдими?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ.

Жумҳур уламолар (ҳанафий, моликий ва ҳанбалий мазҳаби уламолари) наздида жума хутбасига қулоқ солиш ва жим туриш вожибдир. Ҳаттоки ҳанафий мазҳаби уламолари намозда ҳаром бўлган ишлар хутба асносида ҳам ҳаром бўлади дейишган. Бинобарин, аксирган кишига дуо қилиш, саломга алик олиш, зикр қилиш ва шунга ўхшаш ишлар жоиз эмас дейишган. Хутбага қулоқ солиш вожиб деганлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисни далил қилишади. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Имом хутба қилиб турганида (ҳаттоки) шеригингга (ёхуд бирон инсонга) «жим бўл» десанг, беҳуда гапирган (жума намозининг ажрини камайтирган) бўласан» [Бухорий (892) ва Муслим (851)].

Моликийлар тасбеҳ (субҳаналлоҳ), таҳлил (ла илаҳа иллаллоҳ) ва шунга ўхшаш қисқа зикрларни айтишга бирон сабаб пайдо бўлса, айтиш жоиз дейишган.

Жумҳур фуқаҳолар фикрича, хутба асносида гапириш ҳаромлигидан бирон кишини ҳалокатдан огоҳлантириш учун гапиришгина истисно қилинади.

Шофеийлар мазҳаби ва ҳанбалий мазҳабидаги бир ривоятга кўра, жума хутбаси асносида жим туриш суннатдир. Шунга биноан зарурат бўлмаса, хутба асносида гапириш макруҳ саналади. Улар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган юқоридаги ҳадис билан Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис ўртасини мувофиқлаштириш натижасида жума хутбасига қулоқ солиш суннат, хутба асносида безарурат гапириш макруҳ деган хулосага борганлар. Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида одамларга қурғоқчилик етди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жума куни минбарда хутба қилиб турганларида бир аъробий ўрнидан туриб, шундай деди: «Молларимиз ҳалок бўлди, бола-чақамиз оч қолди, Аллоҳга дуо қилинг, ёмғир ёғдирсин». Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини кўтариб дуо қилдилар… Шундай қилиб ўша куни, эртаси куни, эндинига, ундан кейинги кун, то кейинги жумага қадар ёмғир ёғди. Кейинги жума куни ўша аъробий (ёки бошқа бир одам) ўрнидан туриб, деди: «Эй Расулуллоҳ, иморатлар вайрон бўлди, мол-ҳолимиз сув ичра қолди. Аллоҳга дуо қилинг, (ёмғир ёғишини тўхтатсин)». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини кўтариб, дуо қилдилар…» [Бухорий (891), Муслим (897)].

Шунга биноан, уларнинг фикрича саломга алик олиш вожиб, аксирган одам «Алҳамдулиллаҳ» деса, унга «ярҳамукаллоҳ» дейиш мустаҳаб бўлади. Бунинг ҳеч қандай макруҳлик жойи йўқ, чунки макруҳ гап бирон шаръий сабабсиз содир бўлган гапдир. Шунингдек, уларнинг фикрига кўра масжиднинг хутба эшитилмайдиган узоқ жойларидаги кишилар паст овозда Қуръон ўқиши ёки зикр қилиши ҳам жоиздир.

Хулоса қилиб айтганда, жума намозига келган киши имомнинг хутбасига қулоқ солиши ва хутба асносида жим туриши вожибдир. Бундан фақат далиллар далолат қилган ишларгина истисно қилинади. Яъни бирон кишини ҳалокатдан огоҳлантириш учун гапиришга зарурат туғилса ёки имомни хатосини тўғрилаш, ундан бирон савол сўрашга зарурат туғилса, у ҳолда зарурат миқдорида гапиришга рухсат берилади.

Шунингдек, хутба асносида масжидга кирган инсон одамларга салом бериши, масжиддагиларнинг саломга алик олиши жоиз эмас. Агар бирон киши аксирса, унга ичида дуо қилиш лозим. Чунки бу ишларнинг барчаси хутбага қулоқ солишга халақит беради.

Бироқ жума куни имом хутба олдидан қавмга салом берса, хутба асносида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг исмларини зикр қилса ёки сўзининг охирида дуо қилса, мазкур ҳолатларда паст овозда имомнинг саломига алик олиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловот айтиш ва имомнинг дуосига амийн дейиш жоиздир. Чунки бу ишлар биринчидан, шаръий сабаблари пайдо бўлгани учун қилинса, иккинчидан, сабаби имомдан пайдо бўлгани учун хутбага қулоқ солишга тўсқинлик қилмайди, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг