Зиммийлар ҳуқуқи

0

Зиммийлар ҳуқуқи[1]

Аввало шуни билиш лозимки, зиммийлар билан муомала қилиш борасидаги умумий қоидага кўра, биз мусулмонларга бериладиган ҳуқуқлар зиммийларга ҳам берилади, шунингдек, бизларга юклатилган мажбуриятлар уларга ҳам юклатилади. Қуйида зиммийларга бериладиган айрим ҳуқуқларни келтириб ўтамиз:
(1) Зиммийларни ташқи тажовуздан ҳимоя қилиш:

Ибн Ҳазм ўзининг “Ижмо даражалари” номли китобида зикр қилишича, кофир давлат аҳолиси ислом давлатига қарашли зиммийларга ҳужум қилиш учун мусулмон юртига келишса, мусулмонлар уларга қарши қурол-аслаҳа билан жанг қилишлари, керак бўлса Аллоҳ ва Расулининг ҳимоясида бўлган зиммийларни мудофаа қилиш йўлида жон беришлари фарз бўлади.

(2) Уларни ички зулмдан ҳимоя қилиш:

Ислом халифаларининг зиммийларга эътибор бериш хусусидаги ўз амирларига айтган васиятлари маълум ва машҳурдир. Фуқаҳолар китобларда зиммийларни зулмдан ҳимоя қилиш ва уларни асраб-авайлаш лозимлигини очиқ айтиб ўтганлар.
(3) Уларнинг жон ва баданларини ҳимоя қилиш:

Ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Ким зиммийни қатл қилса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламайди. Унинг ҳиди (ундан) қирқ йиллик масофа узоқда бўлади[2]. Фуқаҳолар итифоқ қилишича, зиммийни ўлдириш гуноҳи кабиралардандир.

(4) Уларнинг мол-мулкларини ҳимоя қилиш:

Мусулмон киши зиммийнинг молини ноҳақ олиши, шунингдек, ундан олган қарзини қайтармай пайсалга солиши ҳам жоиз эмас. Ҳатто ислом дини аслида мол-мулк деб эътиборга олмаган, бироқ зиммийлар наздида мол-мулк саналмиш тўнғиз каби уларга хос мол-мулкларни ҳам ҳимоя қилади.
(5) Уларни зарур эҳтиёжлар билан таъминлаш:

Зиммийлар ожизлик, кексалик, фақирлик ёки касаллик сабабли ёрдамга муҳтож бўлиб қолсалар, ислом давлати уларга моддий ёрдам кўрсатади. Дарҳақиқат, Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу Ироқдаги насоролардан бўлмиш Ҳайра аҳолиси билан тузган зиммийлик аҳдномасида шундай дейилади: “Қайси бир кекса одам меҳнатга яроқсиз бўлиб қолса ёки бирон касалликка чалинса ёки олдин бой бўлган бўлса-ю, сўнг камбағаллашиб, ўз диндошлари унга садақа берадиган даражага бориб қолса, жизя (тўлови)дан озод қилиниб, мусулмонлар байтулмоли (давлат хазинаси)дан ўзи ва бола-чақасига нафақа берилади”.
(6) Эътиқод эркинлиги:

Мусулмонлар томонидан зиммийларга эътиқод эркинлиги таъминланади, ўз динларини ташлаб исломни қабул қилишлари учун уларга бирон босим ва зўровонлик қилинмайди. Аллоҳ таоло айтади: “Динга зўрлаш йўқдир. (Зеро), ҳақ йўл залолатдан ажраб бўлди” [Бақара: 256]. Мусулмонларнинг зиммийлар билан тузган аҳдномаларини кузатар экансиз, уларнинг барчасида зиммийлар мол-мулки ва ибодатхоналарини ҳимоя қилиш тўғрисидаги бандларни учратасиз.
(7) Меҳнат ва даромад эркинлиги:

Шунингдек, зиммийлар ислом давлатида савдо-сотиқ қилиш, турли касб-ҳунарлар ва тижорат билан шуғулланиш, турли шартномалар тузиш эркинлигига эга бўладилар.
(8) Давлат муассасаларида ишлаш эркинлиги:

Модомики давлат муассасаларидаги вазифалар диний (ва стратегик) характерга эга бўлмаса, зиммийлар бундай вазифаларда ишлаши жоиз. Бинобарин, зиммийларнинг давлат раҳбари ёхуд халифа, қўшин қўмондонлиги, қозилик (суд органлари), закот йиғувчи ташкилот раҳбарлиги каби мансабларни эгаллаши жоиз эмас.

Ислом дини зиммийлар учун мазкур ҳуқуқларни кафолатлар экан, бошқа тизим ва давлатлардан фарқли ўлароқ қўл остидаги камчилик ғайридинларни ҳимоя қилади ва уларга бағрикенглик билан муомала кўрсатади.

[1] “Аш-шарҳул мумтеъ”
[2] Бухорий (3166), Абу Довуд (2760) ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Изоҳ қолдиринг