Зулҳижжанинг биринчи ўн кунлигида рўза тутиш

0

(9) Зулҳижжанинг биринчи ўн кунлигида рўза тутиш:

Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Бу кунлар (яъни зулҳижжанинг аввалги ўн куни)да бажарилган солиҳ амалларчалик Аллоҳга суюклироқ бўлган амаллар йўқ”. (Саҳобалар) дедилар: “Эй расулуллоҳ, Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш ҳам (зулҳижжанинг аввалги ўн кунида қилинган амалларга тенг келмайди)ми?”. “Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳам унга тенг келмайди, фақат мол ва жони билан жиҳодга чиқиб, бунинг ҳеч қайси билан уйига қайтмаган (яъни жанг майдонида шаҳид бўлган) киши бундан мустаснодир”, деди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам»[1].

Аллома Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу ҳадис зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунлигида рўза тутиш фазилатига далил қилинади. Чунки рўза ҳам ҳадисда зикр қилинган солиҳ амаллар жумласидандир»[2].

Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу тўққиз кунда рўза тутиш макруҳ эмас, аксинча, бу кунларда ва айниқса зулҳижжанинг тўққизинчи куни бўлмиш Арафа куни рўза тутиш ўта эътиборли мустаҳаб амаллардан»[3].

Нававий роҳимаҳуллоҳ билдирган фикрни «Сунани Абу Довуд» ва бошқа ҳадис тўпламларида келган ҳадис ҳам қўллаб-қувватлайди. Унда келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам зулҳижжанинг тўққизинчи куни, Ошуро куни ва ҳар ойда уч кун рўза тутар эдилар»[4].

Лекин имом Муслим Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадис мавзуга чигаллик киритади. Унда Ойша розияллоҳу анҳо шундай дейди: «Мен ҳеч Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунида рўза тутган ҳолида кўрмадим»[5].

Уламолар бу чигалликни бартараф этиш учун турлича фикрлар билдиришган.

Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Ойша розияллоҳу анҳонинг «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунида рўза тутмадилар», деган гапи «У зот бу кунларда касаллик, сафар ва ундан бошқа узрлик ҳолатлар сабабли рўза тутмадилар» деб талқин қилинади. Ёки бўлмаса Ойша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тутганларини кўрмаган, бироқ бундан аслида ҳам у зотнинг бу кунларда рўза тутмаганликлари келиб чиқмайди»[6].

Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзан умматига фарз бўлиб қолишидан қўрқиб, гарчи бирон амални яхши кўрсалар-да, тарк қилар эдилар. Эҳтимол, шунинг учун бу кунларда рўза тутмагандирлар»[7].

[1] Бухорий (969), Абу Довуд (2438), Термизий (757), Ибн Можа (1727) ривоят қилишган.
[2] «Фатҳул Борий» (2/460).
[3] «Шарҳи Муслим» (3/245).
[4] Албоний саҳиҳ деган. Абу Довуд (2437), Насоий (4/205) ва Аҳмад (6/423) ривоят қилишган.
[5] Муслим (1176), Абу Довуд (2439), Термизий (756), Ибн Можа (1729) ривоят қилишган.
[6] «Шарҳи Муслим» (3/245).
[7] «Фатҳул Борий» (2/460).

Изоҳ қолдиринг