Истихора ҳақида нималар биласиз?

0

Истихора ўзи нима дегани?

Истихора сўзи араб тилида “бир нарсанинг яхшилигини сўраш”, деган маънони англатади. Шунга кўра, Аллоҳга истихора қил дегани Аллоҳдан яхшисини сўра, деганидир.

Шариатимизда эса истихора деб инсон намоз ёки истихора дуосини ўқиш орқали Аллоҳдан Ўзи суйган ишга йўллаб қўйишини сўрашга айтилади.

Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: “Истихора – икки ишдан бирини қилишга иккиланиб турган киши иккисидан яхшироғини сўраши демакдир[“Фатҳул Борий”, 11/183].

Шариатимизда истихоранинг ҳукми қандай?

Барча уламолар истихора қилиш суннат эканига бир овоздан иттифоқ қилишган. Бунга имом Бухорий Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган қуйида келтириладиган ҳадис далил бўлади.

Банда истихора қилишга қачон муҳтож бўлади?

Дарҳақиқат, инсон бу дунёда уни ҳайратга туширадиган, иккилантирадиган талай масалаларга дуч келади. Шундай ўринларда у осмону ерларни, барча инсонларни яратган зот Аллоҳ таолога мурожаат қилишга, қўлларини кўтариб, ўзини иккилантирган ишнинг қай бири яхшироқ эканини сўраб дуо қилишга муҳтож бўлади. Зеро, бундай қилиши унинг кўнглини хотиржам қилади. Масалан, инсон уйланмоқчи ёки автоулов сотиб олмоқчи ёки бир ишга кирмоқчи бўлса, Аллоҳ таолодан яхшисини сўраб, истихора қилади.

Тўрт мазҳаб уламоларининг барчаси банда қай бири тўғрироқ ва яхшироқ эканини билмайдиган ишларда истихора қилишига иттифоқ қилганлар. Аммо яхши ёки ёмон томони аниқ бўлган ишларда эса истихора қилинмайди. Масалан, тоат-ибодатлар, яхши амаллар, гуноҳ-маъсиятлар, бундай ишларда истихора қилишга ҳожат йўқ. Бироқ муайян вақтда айрим тоат-ибодатларни қилиш мавридими ёки йўқлиги хусусида истихора қилса бўлади. Масалан, йўлда бирон хавф-хатар ёки фитна борлиги боис бу йил ҳаж қилмаганим афзалми ёки қилганимми, деб истихора қилса бўлади. Демак, истихора шариатимиз фарз, ҳаром ёки макруҳ деб санаган ишларда қилинмайди, балки мустаҳаб ва мубоҳ ишларда қилинади. Мустаҳаб ишлардаги истихора амалнинг шунчаки мустаҳаб эканлиги учун қилинмай, балки мустаҳаб амал бошқа манфаатларга зид келиб қолган пайтда қилинади. Негаки, мустаҳаб шариатимиз тарғиб қилган амалдир. Аммо мубоҳ ишлар эса бирон манфаатга зид келиш-келмаслигидан қатъий назар истихора қилинаверади.

Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтади: “Яратган зотдан истихора қилган – яхшисини сўраган, одамлар билан маслаҳат қилган ҳамда қадам қўймоқчи бўлган ишида қатъиятли бўлган одам ҳеч пушаймон бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади:(Эй Муҳаммад) Аллоҳ томонидан бўлган бир марҳамат сабабли сиз уларга (саҳобаларингизга) юмшоқ сўзли бўлдингиз. Агар қўпол, бағритош бўлганингизда эди, албатта улар атрофингиздан тарқалиб кетган бўлар эдилар. Бас, уларни афв этинг, улар учун Аллоҳдан мағфират сўранг ва ишларингизда уларга маслаҳат солинг! Энди (маслаҳат қилгач, бирон ишни) қасд қилсангиз, Аллоҳга суянинг — таваккал қилинг! Албатта Аллоҳ Ўзига суяниб (иш қилгувчиларни) севади[Оли-Имрон: 159].

Қатода роҳимаҳуллоҳ айтади: “Аллоҳнинг юзини истаб маслаҳат қилган қавм (одамлар), албатта, тўғри йўлга муваффақ қилингайлар”[“Ал-вобилус соййиб”, 1/112].

Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ “Истихора ва истишора (маслаҳатлашув) ҳақидаги боб”га изоҳ бериб шундай деган: “Истихора Аллоҳдан, маслаҳат эса фикр-мулоҳазали ва солиҳ инсонлар сўралади. Инсон зотида камчилик бор, у камчиликка йўл қўйиши мумкин. Зеро, инсон заиф (ожиз) қилиб яратилган. Гоҳида унга баъзи ишлар чигал бўлиб, уни иккилантириши ва нима қилишни билмай қолиши мумкин[“Шарҳи Риёзи солҳин”, 4/159].

Истихора намозида қандай дуо айтилади?

Имом Бухорий Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга ҳар бир ишда, худди Қуръондан сура ўргатгандек истихора қилишни таълим бериб, шундай дер эдилар:Бирортангиз бир иш қилишни дилига тугса, фарз намозидан бошқа икки ракаат (нафл) намоз ўқисин-да, сўнгра айтсин: “Аллоҳумма инний астахийрука би илмик ва астақдирука биқудротик, ва асъалука мин фазликал азийм, фа иннака тақдиру ва лаа ақдир ва таъламу ва лаа аълам ва анта аллаамул ғуюб. Аллоҳумма ин кунта таъламу анна ҳаазал амро хойрул-лий фий дийний ва маъааший ва аақибати амрий фақдурҳу лий. Ва ин кунта таъламу анна ҳаазал амро шаррул-лий фий дийний ва маъааший ва аақибати амрий фасрифҳу анний васрифний анҳу, вақдур лиял хойро ҳайсу каана сумма арзиний биҳ”.

Дуонинг маъноси: “Ё Аллоҳ, илминг билан Сендан яхшилик сўрайман. Қудратинг билан Сендан қодирлик ва улуғ фазлингни сўрайман. Зеро, Сен қодирсан, мен ожизман, Сен билувчисан, мен билмайман, Сен ғайбни билувчисан. Ё Аллоҳ, агар мана шу ишим – ҳожатининг номини айтади –  динимда, ҳаётимда, ишларимнинг оқибатида, дунё ва охиратимда мен учун яхши бўлса, уни менга насиб эт. Агар мана шу ишим – ҳожатининг номини айтади –  динимда, ҳаётимда, ишларимнинг оқибатида, дунё ва охиратимда мен учун ёмон бўлса, уни мендан ва мени ундан узоқлаштир. Қаерда бўлса ҳам менга яхшиликни тақдир қил ва мени тақдиримдан рози қил”.

Истихора намози қандай ўқилади?

Бунинг учун:

1 – Худди намозга таҳорат олгандек таҳорат оласиз.
2 – Истихора намозини ўқишни ният қиласиз.
3 – Икки ракаат намоз ўқийсиз. Биринчи ракаат зам сурасига “Кофирун” сурасини, иккинчи ракаат зам сурасига “Ихлос” сурасини ўқишингиз мақсадга мувофиқ.
4 – Намоз охирида салом берасиз.
5 – Саломдан сўнг Аллоҳнинг улуғлиги ва У барча нарсани билгувчи эканини ёдда тутган ҳолингизда қўлларингизни дуога очасиз.
6 – Дастлаб, Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтасиз, сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловат айтасиз. Энг афзал саловат намоз қаъдасида айтиладиган “Аллоҳумма солли алаа…” деб бошланадиган саловатдир.
7 – Сўнгра юқорида келтирилган истихора дуосини ўқийсиз.
8 – Истихора дуосининг “Аллоҳумма ин кунта таъламу анна ҳаазал амро”, (яъни Ё Аллоҳ, агар мана шу ишим) деган жойига келганда сизни иккилантирган ишни айтасиз. Масалан, Ё Аллоҳ, агар мана шу ишим, яъни сафар қилишим ёки фалон автоуловни сотиб олишим ёки фалончига уйланишим, деб сўнг дуони давомини “хойрул-лий фий дийний ва маъааший ва аақибати амрий фақдурҳу лий” (яъни динимда, ҳаётимда, ишларимнинг оқибатида, дунё ва охиратимда мен учун яхши бўлса, уни менга насиб эт) айтасиз. Шунингдек, дуонинг иккинчи қисмида, яъни “ва ин кунта таъламу анна ҳаазал амро шаррул-лий фий дийний ва маъааший ва аақибати амрий” деган жойига келганда ҳам яна сизни иккилантирган ишни айтиб, сўнг дуони давом эттирасиз.
9 – Сўнгра дуо бошида айтганингиз саловат билан яна Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловат айтасиз.
10 –  Шундай қилиб истихора намози тугади. Энди, ишингизни Аллоҳга топширинг ва Унга таваккал қилиб, ишни амалга оширишга киришинг, ҳар хил ўй-ҳаёлларни ва иккиланишларни ташланг, уларга эътибор қаратманг, то бошлаган ишингизга эришгунингизча саъй-ҳаракат қилинг.

Истихора қилиш йўл-йўриғи:

Даставвал, барча нарсадан хабардор, нима қачон ва қандай бўлиши ёки бўлмаслигини билувчи зот Аллоҳ Раббил оламийнга юзланиб, Ундан сизни ўйлантирган ишнинг яхшисига йўллаб қўйишини сўраб, истихора қилиш лозим.

Иккинчидан, сизни ўйлантирган иш ҳақида ақл-заковатли донишманд, солиҳ ва омонатдор кишилар билан маслаҳат қилиш лозим. Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни айрим ишларда саҳобалар билан маслаҳат қилишга буюриб, шундай деган: “Ишларингизда уларга маслаҳат солинг![Оли-Имрон: 159]. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам энг доно ва ақлли зот эдилар. Шунга қарамай, ўзларини иккилантирган айрим масалаларда саҳобалар билан маслаҳат қилар эдилар. Шунингдек, у зотдан кейинги халифалар ҳам донишманд ва солиҳ кишилар билан маслаҳат қилишар эди.

Биринчи истихора қилинадими ёки маслаҳатми?

Бу хусусда уламолар турли фикрлар билдирган бўлиб, улар орасида энг тўғрироғи шайх Ибн Усаймин ёқлаган фикр бўлса керак. Шайх Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ “Риёзус солиҳин” китоби шарҳида шундай деган: “Биринчи истихора қилинади. Негаки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадиси шарифларида: Бирортангиз бир иш қилишни дилига тугса, фарз намозидан бошқа икки ракаат (нафл) намоз ўқисин, деганлар.

Агар уч бор истихора қилгандан сўнг ҳам кўнглингиз бир томонга мойил бўлмаса, (одамлар билан) маслаҳат қилинг ва нима маслаҳат беришса, шунга қараб иш тутинг. Уч бор истихора қилинг дейишимизнинг сабаби шуки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам одатда дуо қилсалар уч бор дуо қилар эдилар. Баъзи уламоларнинг фикрича, инсон то кўнгли бир томонга мойил бўлмагунча истихора қилади”. [“Шарҳи Риёзи солиҳин”, 4/162-163].

Қандай кишилардан маслаҳат сўралади?

Маслаҳат сўраладиган кишилар қуйидаги сифатларга эга бўлиш мақсадга мувофиқдир:

1 – Ақл-заковатли, фаросатли, сиз сўраётган масалада тажрибага эга, босиқ инсон бўлиши.
2 – Дин-диёнатли бўлиши. Негаки, дин-диёнати бўлмаган инсон омонатдор ҳисобланмайди. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Омонати бўлмаган одамнинг иймони бўлмайди, аҳдига вафо қилмайдиган одамнинг дини бўлмайди[Аҳмад: 3/135]. Маслаҳат сўралаётган одам дин-диёнатли бўлмаса, хиёнат қилиши, зарарли маслаҳат бериши мумкин.

Риоя қилиш ва эътибор қаратиш лозим бўлган ишлар:

1 – Ҳар бир ишингизда, гарчи у кичик бўлса ҳам истихора қилишга ўрганинг.
2 – Аллоҳ таоло сизга албатта сўраганингизнинг яхшисини насиб қилишига ишончингиз комил бўлсин. Дуо қилаётганда хаёлингизни жамланг ва дуонинг мазмун-моҳиятини тушуниб, уни тафаккур қилинг.
3 – Фарз намозидан сўнг истихора қилманг, яъни истихора дуосини фарз намозидан сўнг айтманг. Балки алоҳида икки ракаат намоз ўқиб, кейин истихора дуосини айтинг.
4 – “Суннати ротиба” (фарз намозларидан олдин ва кейин ўқиладиган доимий суннат намозлари), чошгоҳ намози ёки шу каби нафл намоздан кейин истихора қилсангиз ҳам бўлади. Лекин шарти шуки, намозга киришдан олдин истихора қилишни ният қилишингиз керак. Аммо истихора қилишни ният қилмай намозни бошлаб қўйган бўлсангиз, у ҳолда бу намозлардан кейин истихора қилинмайди.
5 – Намоз ўқишдан қайтарилган вақтларнинг бирида истихора қилишга эҳтиёжингиз туғилса, то бу вақт чиққунча сабр қилинг. Борди-ю, истихора қилмоқчи бўлган ишингиз шошилинч бўлса, у ҳолда намоздан қайтарилган вақтда бўлса-да, истихора намозини ўқийверинг.
6 – Агар сизни намоз ўқишдан ман қилувчи омил бўлса (масалан, аёл киши ҳайз ҳолатида бўлса), то ушбу омил бартараф бўлгунча кутиб туринг. Борди-ю, сизни иккилантирган иш зарур ва шошилинч бўлса, у ҳолда намоз ўқимасдан фақат истихора дуосини ўқиб қўйинг.
7 – Агар истихора дуосини ёддан билмасангиз, китобга ёки дуо ёзилган вараққа қараб ўқинг. Лекин дуони ёд олганингиз афзал, албатта.
8 – Истихора дуосини намозда салом беришдан олдин, яъни қаъдада ташаҳҳуд ва саловатдан кейин айтишингиз мумкин. Шунингдек, намозни якунлагандан сўнг айтишингиз ҳам жоиз.
9 – Истихора қилиб бўлганингиздан сўнг, кўнглингиз мойил бўлган ишни ҳеч иккиланмай қилаверинг. Бунинг учун тушда бирон башорат келишини кутиб ўтирманг.
10 – Истихорадан сўнг кўнглингиз бир томонга мойил бўлмаса, қайта истихора қилишингиз мумкин.
11 – Истихора дуосига ўзингиз томондан бирон сўз қўшманг ёки ундан бирон сўзни олиб ташламанг, ҳадисда қандай келган бўлса худди шундай айтинг.
12 – Сизни иккилантирган ишни танлашда ҳафои нафсингизни ҳакам қилиб олманг. Эҳтимол сизнинг ҳавои нафсингизга ёққан ишни тарк қилишингиз сиз учун яхшироқ бўлиши мумкин. Масалан, ҳавои нафсингизга ёққан қизга уйланмаслик ёки ёққан автоуловни олмаслик аслида сиз учун яхшироқ бўлиши мумкин. Истихора қилаётган инсон бошиданоқ нафсига ёққан ишга кўнгил бурмаслиги лозим. Акс ҳолда, чинакам Аллоҳдан истихора қилган ҳисобланмайди. Инсон истихора қилишда холис бўлмоғи керак.
13 – Доно ва солиҳ кишилардан маслаҳат сўрашни унутманг. Албатта истихорадан кейин маслаҳат қилинг.
14 – Ҳар бир инсон ўзи учун истихора қилиши керак. Бировнинг ўрнига истихора қилиб бўлмайди.
15 – Намозни бошлаб бўлгандан кейин намоз бошида истихорани ният қилган-қилмаганлигини аниқ билмай қолса, ушбу намозни (оддий) нафл намоз деб ният қилади. Намозни якунлагандан сўнг истихора учун бошқатдан намоз ўқийди.
16 – Сизни иккилантирган ишлар бир нечта бўлса, уларнинг ҳар бири учун алоҳида истихора қилишингиз керакми ёки барчаси учун битта истихора қилсангиз кифоями?
Аслида ҳар бир иш учун алоҳида истихора қилган афзал ва яхшироқ. Лекин барчаси учун битта истихора қилса ҳам бўлади.
17 – Шариатимизда макруҳ саналган нарсалар борасида истихора қилинмайди. Демак, ҳаром нарсалар борасида истихора қилинмаслиги тайин.
18 – Шиа тоифаси (Аллоҳ уларни ҳидоят қилсин) ўхшаб тасбеҳ ёки Қуръон билан истихора қилинмайди. Балки шариатимизда кўрсатилган намоз ўқиш ва истихора дуосини айтиш билан истихора қилинади.

Фойда:

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтади: “Киши бир ишида Аллоҳ таолодан яхшисини насиб қилишини сўраб, истихора қилади-да, Аллоҳ таоло унга яхшисини ихтиёр қилса, Раббига норози бўлади. Кўп ўтмай ўша ишнинг оқибатига қараса, Аллоҳ таоло унга насиб қилган иш аслида яхши эканини кўради[Ибн Абу Дунё. “Аллоҳнинг қадарига рози бўлиш”, 83 бет].

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Одам боласи Аллоҳ таолога истихора қилиши уни бахт-саодатга элтади. Одам боласи Аллоҳ тақдир қилган нарсага рози бўлиши уни бахт-саодатга элтади. Одам боласи Аллоҳ таолодан истихора қилишни тарк қилиши уни бахтсизликка етаклайди. Одам боласи Аллоҳ тақдир қилган нарсага рози бўлмаслиги уни бахтсизликка етаклайди[Термизий: 2151 ва Аҳмад: 1444 ривояти].

Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ айтади: “Тақдир қилинган ишнинг икки қаноти бор: бири ўша ишнинг олдидан истихора қилиш, иккинчиси эса унга рози бўлиш[“Иғосатул лаҳфон”, 73 бет].

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтади: “Мен ёқтирган иш амалга ошадими ёки ёмон кўрганимми, парво қилмайман. Негаки, мен улардан қай бири мен учун яхши эканини билмайман[Ибн Муборак, “Зуҳд”, 425].

Эй мусулмон биродарим, бошингизга тушган бало-мусибат ва қийинчиликларни ёмонлик деб ўйламанг. Зеро, сиз ёқтирмаган иш сиз учун нажот бўлиши, сиз яхши кўрган иш эса ҳалокат бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло айтади: “(Зотан) сизлар ўзингиз учун яхши бўлган нарсани ёқтирмаслигингиз ва сиз учун ёмон бўлган нарсани яхши кўришингиз мумкин. Аллоҳ билур, сизлар билмассиз[Бақара: 216].

Шайхулислом айтади: ““Яратган зотдан истихора қилган – яхшисини сўраган, одамлар билан маслаҳат қилган ҳамда қадам қўймоқчи бўлган ишида қатъиятли бўлган одам ҳеч пушаймон бўлмайди[“Ал-вобилус соййиб”, 1/112].

Аллоҳ барчамизни яхши ва солиҳ амалларга муваффақ айласин.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад, у зотнинг барча аҳли оиласи ва саҳобаларига саловат ва саломлар йўлласин.

Мазкур мақола saaidnet ва IslamQA веб саҳифаларидаги мақолалар асосида тайёрланди.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг