Умар розияллоҳу анҳу: Умар Форуқнинг баъзи хислатлари

0

Форуқ шахсиятининг негизида унинг Аллоҳ таолога иймони ва охират кунига тайёргарлик кўриши ётади. Унинг шахсиятидаги ҳайратомуз мувозанат сабаби айни шу иймон эди. Шунинг учун унинг куч-қудрати адолатига, ҳукмдорлиги раҳм-шафқатига, бойлиги камтарлигига таъсир қилмади ва у Аллоҳнинг мадади ва қўллаб-қувватлашига сазовор бўлди. Умар ибн Хаттоб тавҳид калимасининг шартлари бўлмиш илм, яқийн (шак-шубҳасиз ишонч), қабул, бўйсуниш, ихлос ва муҳаббатни ўзида тўла рўёбга чиқарганди, иймон моҳиятини, тавҳид калимаси ҳақиқатини тўғри англарди. Шу боис чуқур иймонининг асари ҳаётида кўриниб турарди.

Қуйида унинг энг кўзга кўринган сифатларидан баъзиларини айтиб ўтамиз:

Аллоҳ таолодан қаттиқ қўрқиб, ўз нафсини тергаши:

Умар розияллоҳу анҳу қуйидаги сўзларни кўп такрорларди: “Дўзахни кўп эсланглар, унинг ҳарорати ўта шиддатли, қаъри ўта чуқур…”[1].

Бир куни бир аъробий келиб, унга шундай мазмунда шеър айтди:

“Жаннатга дохил бўлгур эй Умар, менинг аҳли аёлим ва бола-чақамга марҳамат кўрсатгин. Аллоҳга қасамки, сен албатта шундай қиласан”.

 Умар унга: “Эй аъробий, агар ундай қилмасам-чи?”, деди.

“Қасамки, унда мен кетаман”, деди.

“Кетсанг нима бўпти, эй аъробий”, деди.

“Аллоҳга қасамки, савол-жавоб бўладиган кунда сен менинг ҳолимдан сўраласан, сўнг ё жаннатга, ё дўзахга кетасан”, деди.

Шунда Умар йиғлаб юборди ва кўз ёшлари соқолларини ҳўл қилди. Сўнг хизматкорига деди: “Эй ғулом, унга мана бу кўйлагимни бер, бу ўша кун учун, унинг айтган шеъри учун эмас. Қасамки, менинг шундан бошқа кўйлагим йўқ”[2].

Форуқ розияллоҳу анҳу Аллоҳдан қўрқиб, ўз нафсини қаттиқ тергарди. Агар бирор кишига қилган муомаласида ўзини хато қилган деб ўйласа, уни чорлаб, ўзидан қасос олишини талаб қиларди. Одамлар ичида айланиб юриб, уларнинг ҳожатларини сўраб-суриштирарди, эҳтиёжларини қондирарди. Лекин жамоат иши билан машғул бўлиб турган пайтида шахсий ишлари билан уни овора қилишларини ёқтирмасди. Бир куни омманинг иши билан машғул бўлиб турганида бир киши келиб: “Эй амирулмўъминин, юринг мен билан, менга ёрдам беринг, фалончи менга зулм қилди”, деди. Шунда Умар қўлидаги дарра билан унинг бошига оҳиста уриб: “Умар олдиларингга борган пайтда унга қарамайсизлар-да, мусулмонларнинг иши билан машғул бўлиб турганида келиб уни чалғитасизлар!”, деди.

Шунда ҳалиги одам қовоғини солиб, норози бўлиб чиқиб кетди. Кейин Умар: “Ҳалиги одамни чақиринглар”, деди. У келгач, Умар даррани унинг қўлига тутқазиб: “Даррани олгин-да, у билан менинг ҳам бошимга ур”, деди. У: “Йўқ, эй амирулмўъминин, Аллоҳ учун ва сизнинг ҳурматингиз учун бундай қилмайман”, деди. Умар: “Йўқ, ундай эмас, сен ё Аллоҳ учун ва унинг ҳузуридаги ажру савоб учун буни тарк қил, ё эса мендан қасосингни ол”, деди. “Аллоҳ учун тарк қиламан, эй амирулмўъминин”, деди у одам ва кетди. Умар бир неча кишилар ҳамроҳлигида уйига кирди. Улар ичида бўлган Аҳнаф ибн Қайс шундай дейди: “Умар намоз бошлаб, икки ракаат намоз ўқиди, сўнг ўтирди. Кейин ўзига хитоб қилиб: “Эй Хаттоб ўғли, паст-тубан эдинг, Аллоҳ мартабангни улуғ қилди, залолатда эдинг, Аллоҳ ҳидоят қилди, хор эдинг, Аллоҳ азиз қилди, сўнг сени мусулмонларга бош қилиб қўйди. Энди бир киши келиб сендан ёрдам сўраса, сен уни урдинг-а! Эртага Раббинг ҳузурига борганда Унга нима деб жавоб берасан?!”, дея бошлади. Унинг тинмай ўзини маломат қилишини кўриб, ер юзидаги энг яхши одам шу бўлса керак, деб ўйладим”[3].

Иёс ибн Салама отасидан ривоят қилиб, шундай дейди:

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қўлида дарра билан бозордан ўтиб бораётган эди, дарраси билан мени бир туртиб: “Йўлдан четда тур”, деди. Дарра кийимимнинг этагига тегди. Келаси йили мени бозорда кўриб қолиб: “Эй Салама, ҳажга бормоқчимисан?”,  деди. “Ҳа”, дедим. У қўлимдан тутиб, мени уйига олиб борди. Ичида олти юз дирҳам бўлган бир халтача бериб: “Буни ҳаж сафаринг учун ишлат. Билиб қўй, бу ўша туртганим учун”, деди. “Эй амирулмўъминин, сиз эслатмасангиз у воқеа менинг эсимдан чиқиб кетган эди”, дедим. “Лекин менинг эсимдан чиққани йўқ”, деди[4].

Умар розияллоҳу анҳу нафсни ҳисоб-китоб қилиш ва тергаш ҳақида сўзлаб, шундай дер эди: “Эй одамлар! Ҳисоб қилинишдан олдин ўзингизни ҳисоб қилинг, амаллар тарозига қўйилишдан олдин нафсингизни тарозига қўйинг! Чунки бугун нафсингизни ҳисоб қилишингиз эртага (қиёматда) ҳисобингизни енгиллаштиради. Катта ҳисоб-китоб кунига ўзингизни ҳозирланг! “Ўша Кунда сизлар (ҳисоб-китоб учун Аллоҳга) рўпара қилинасиз, сизларнинг бирон сирингиз махфий қолмас” [Ҳааққа: 18][5].

Умар Аллоҳдан қўрқиб, нафсини қаттиқ тергаб: “Агар Фурот соҳилида бир улоқча ўлса, Аллоҳ Умарни ўша билан ҳисоб қилишидан қўрқаман”, дерди.

Али розияллоҳу анҳу айтади: Бир куни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуни туя чоптириб кетаётганини кўриб: “Қаерга шошилиб кетаяпсиз, эй амирулмўъминин?” деб сўрадим. “Садақа туяларидан бири қочиб кетибди, шуни қидириб кетяпман”, деди. “Сиздан кейинги халифаларга қийин бўладиган бўлди-да”, дедим мен. Шунда у: “Эй Абул Ҳасан, мени маломат қилманг, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, агар Фурот соҳилида бир улоқчага тажовуз қилинса, қиёмат куни албатта Умар бу ҳақда сўралади”, деди[6].

Абу Салома айтади: “Умарнинг ёнига борсам, у Масжиди Ҳарамдаги ҳовуздан эркак-хотин аралаш таҳорат қилаётганларни уриб, эркакларни бир ёққа, хотинларни бир ёққа ажратиб юрган экан. Мени кўриб: “Шўринг қурғур, эй фалончи, эркакларга алоҳида, хотинларга алоҳида ҳовуз қилдиргин, деб айтмаганмидим?!”, деди. Сўнг кетди. Йўлда Али розияллоҳу анҳу билан учрашиб қолиб, унга: “Ҳалок бўлдимми, деб қўрқаман”, деди. “Нега ҳалок бўлар экансиз?”, деб сўради Али. “Аллоҳнинг ҳарамида эркак-хотинларни урдим”, деди. Али деди: “Эй амирулмўъминин, сиз раҳбарсиз, агар насиҳат ва ислоҳ учун қилган бўлсангиз, Аллоҳ сизни асло азобламайди, агар бир ғиллу ғашлик билан урган бўлсангиз, шунда зулм қилган бўласиз”[7].

Ҳасан Басрий айтади: “Бир куни Умар розияллоҳу анҳу Мадина кўчаларида кезиб юраркан, “мўмин ва мўминаларга озор берадиган кишилар” [Аҳзоб: 58] ояти эсига тушди. Сўнг Убай ибн Каъбникига қараб кетди. Унинг уйига кирганида Убай ўзи ўтирган тўшакни Умар ибн Хаттоб томон суриб: “Ўтиринг, эй амирулмўъминин”, деди. Умар уни оёғи билан четга суриб, ерга ўтирди, сўнг мазкур оятни ўқиб: “Ўзимни шу оятда айтилган одамлардан, деб қўрқяпман, чунки мўминларга озор бераман”, деди. Убай унга: “Сиз ўз раиятингизни (фуқароларингизни) назорат қилиб, доим улардан бохабар бўлиб турмасангиз, амри маъруф, наҳий мункар қилиб турмасангиз бўлмайди”, деди[8].

Баъзан Умар розияллоҳу анҳу оловга қўлини тутиб: “Эй Ибн Хаттоб, шунга сабр қила оласанми?!”, дер эди[9].

[1] “Фароидул калом лил-хулафоил киром” (155-бет).
[2] “Тарихи Бағдод” (4/312).
[3] “Маҳзус савоб” (2/503).
[4] “Тарихи Табарий” (4/244), санади заиф.
[5] “Мухтасар минҳожил қосидийн” (372-бет).
[6] “Маноқиб Умар” (160-161-бетлар).
[7] Абдурраззоқ, “Мусаннаф” (1/75).
[8] Маноқиб Умар” (162-бет).
[9] Аввалги манба.

Изоҳ қолдиринг