Усмон розияллоҳу анҳу: Ғазотлар ва фатҳлар (3)

0

Абдуллоҳ ибн Омир бошчилигидаги фатҳлар (ҳижрий 32 йил)

Шу йили Абдуллоҳ Ибн Омир Марваруз, Толиқон, Форёб, Жузжон ва Тахористонни фатҳ қилди. У Аҳнаф ибн Қайсни Марварузга юборди. Аҳнаф бориб, шаҳарни қамал қилди. Сўнг шаҳар аҳли урушиш учун чиқиб келди. Мусулмонларнинг қўли баланд келиб, улар қалъаларига кириб яширинишга мажбур бўлишди. Сўнг улар қалъаларидан мусулмонларга хитоб қилиб: “Эй араблар, сизлар биз ўйлаганимиздек эмас экансизлар. Агар билганимизда, сизлар билан ўртамизда бундан бошқа ҳолат бўлар эди. Бизга муҳлат беринглар, бугун бир ўйланиб кўрайлик, сизлар эса лашкаргоҳингизга қайтинглар”, дейишди. Шундан сўнг Аҳнаф ортга қайтди. Эртасига эрталаб қайтиб келганида ажамлардан бир киши қўлида хат билан чиқиб келди ва: “Мен элчиман, менга омонлик беринглар”, деди. Унга омонлик бердилар. У Марв шаҳри марзубони (раиси)нинг жияни ва таржимони бўлиб, марзубоннинг Аҳнафга ёзган хатини келтирган экан. Хатда шундай дейилган эди: “Қўшин амирига. Биз давлатлар Унинг қўлида бўлган Аллоҳга ҳамду сано айтамиз, У мулкни ўзи истаганича ўзгартиради, истаган кишисини хорликдан сўнг азиз қилади, истаган кишисини азизликдан хорликка туширади. Бобомнинг исломни қабул қилгани ва у сизларнинг соҳибингиздан кўрган ҳурмат-эътибор мени сен билан сулҳ қилишга чорлади. Мен сизларга олтмиш минг дирҳам хирож тўлаш шарти билан сизларни сулҳга чақираман ва бунинг эвазига шаҳаншоҳ Кисро отамнинг бобосига бўлиб берган ер-мулкларни ва қишлоқларни менинг қўлимда қолдиришларингни, менинг хонадоним аҳлидан хирож олмасликларингизни ва марзубонликни менинг хонадоним аҳлидан бошқага бермасликларингизни шарт қиламан. Агар шу шартга кўнсанг, мен сенинг ҳузурингга чиқаман. Ҳузурингга жияним Моҳакни сенга ишонч ҳосил қилиши учун юбордим”.

Аҳнаф унга жавоб ёзиб юборди: “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Қўшин амири Сахр ибн Қайсдан Марваруз марзубони Бозон ва унинг аъёнларига. Ҳидоятга эргашган ва иймон келтириб, тақво қилганларга салом бўлсин. Аммо баъд.. Жиянинг Моҳак ҳузуримизга келди ва сенинг истакларингни бизга холис етказди. Мен мактубинг мазмуни билан мусулмонларни таништирдим, улар мен билан бир мақомдалар. Биз сенинг сўровингни қабул қилдик ва сўраган нарсаларингни сенга бердик. Ер Аллоҳ ва расулиникидир, Аллоҳ уни истаган бандасига беради. Мусулмонлар сендан ёрдам истаса, уларга ёрдам беришинг ва уларнинг душманларига қарши ўз қўл остингдагилар билан биргаликда урушишинг сенинг зиммангдаги мажбуриятдир. Бунинг эвазига мусулмонлар ҳам душманларингга қарши сенга ёрдам беради. Сендан ва хонадонинг аҳлидан хирож олинмайди. Агар Исломни қабул қилсанг ва Пайғамбарга эргашсанг, сенга мусулмонлар тарафидан ҳурмат-эҳтиром, мартаба ва бойликлар берилади ва сен уларнинг биродарига айланасан. Бу хатда битилганларга Жуз ибн Муовия (ёки Муовия ибн Жуз), Ҳамза ибн Ҳармос, Ҳумайд ибн Хиёр, Иёз ибн Варқо гувоҳ бўлдилар, уни Бани Саълабанинг мавлоси Кайсон муҳаррам ойининг якшанба куни ёзди ва унга қўшин амири Аҳнаф ибн Қайс муҳр босди”. Аҳнаф муҳрининг нақши “наъбудуллоҳ” (Аллоҳга ибодат қиламиз) эди[1].

Аҳнаф қўшини билан Тахористон, Жузжон, Толиқон ва Форёб аҳли ўртасидаги уруш

Ибн Омир Марв аҳолиси билан сулҳга келишди ва Аҳнафни тўрт минг аскар билан Тахористонга юборди. У келиб, Марваруздаги ҳозирги Аҳнаф қасри ўрнига тушди. Тахористон, Жузжон, Толиқон ва Форёб аҳли унга қарши жамланди. Улар уч қўшиндан иборат бўлиб, жами ўттиз минг аскар эди. Аҳнафга уларнинг бирлашгани хабари келгач, одамлар билан маслаҳатлашди. Ҳар кимдан ҳар хил гаплар чиқди, баъзилар Марвга қайтайлик деди, баъзилар Абрушаҳрга қайтиб кетишни таклиф қилди, баъзилар мадад кучлари етиб келишини кутиб турайлик деди, баъзилар жангга кирамиз деди. Кечқурун Аҳнаф чиқиб, лашкаргоҳни айланиб, одамларнинг гап-сўзларига қулоқ солиб юрди. Чодирлардан бири ёнидан ўтар экан, бир кишининг гаплари эътиборини тортди. У шундай дерди: “Менинг фикрим шуки, амир қўшинни Мурғоб дарёси билан тоғ оралиғига тушириши, Мурғоб қўшиннинг ўнг томонида, тоғ чап томонида бўлиши керак, шунда душманнинг сони ҳар қанча кўп бўлмасин, бизнинг қўшин сонидан кўп бўлган ҳолда жангга киришига имкони бўлмайди”. Аҳнафга шу фикр маъқул кўринди ва худди шундай қилишга қарор қилди. Марв аҳли ҳам у билан бирга урушга кириш истагини билдириб, элчи юборди. Бироқ Аҳнаф уларга: “Мен мушриклардан мадад олишни истамайман. Сизлар ўртамиздаги битимга қатъий риоя қилинглар. Агар биз зафар қозонсак, сизларга берган аҳдимиз устидамиз. Агар душман зафар қозонса ва сизларга қарши уруш очса, сизлар ўзингизни ҳимоя қилиб урушинглар”, деди. Сўнг мусулмонлар билан душманлари ўртасида қақшатқич жанг бўлди ва охир-оқибат Аллоҳ таоло мусулмонларга ғалаба ато этди[2].

Аҳнафнинг Балх аҳли билан сулҳга келишиши (ҳижрий 32 йил)

Аҳнаф Марваруздан Балхга қараб юрди, сўнг Балхни қамал қилди. Балх аҳли тўрт юз минг танга тўлашлари эвазига ундан сулҳ талаб қилди, у буни қабул қилди. Амакиваччаси Усайд ибн Муташаммисни улардан сулҳда келишилган маблағни қабул қилиб олишга вакил қилиб, ўзи Хоразмга йўл олди. Бироқ у ерда қаҳратон қиш совуғи лашкарни қийнаб қўйди. У одамлари билан маслаҳатлашиб, ортга қайтишга буйруқ берди ва Балхга қайтиб кетди.

Шукронасига шу турган жойимдан эҳром боғлаб, умрага бораман

Аҳнаф ибн Қайс Абдуллоҳ ибн Омир ҳузурига қайтиб келганидан сўнг одамлар Ибн Омирга: “Сиздан олдин бирон кишига шунча ерларни фатҳ қилиш насиб бўлмаган эди, сизга Форс, Кирмон, Сижистон ва Хуросоннинг кўп қисмини фатҳ қилиш насиб этди”, дейишди. У: “Бу Аллоҳнинг нусрати бўлди, бунинг шукронаси учун шу турган жойимдан эҳромга кириб, умрага бораман”, деди ва Нишопурдан эҳром либосини ўраб, умрага отланди. Умрани адо этиб, Усмон розияллоҳу анҳу ҳузурига келганида Усмон унинг Нишопурдан эҳромга киргани хато бўлганини айтиб, танбеҳ берди[3].

Хуросонда Қоринни мағлубиятга учратилиши

Ибн Омир Хуросонга Қайс ибн Ҳайсамни қўйиб, ғазотдан қайтиб кетганидан сўнг турк хоқони Қорин қирқ минг кишилик турк қўшини билан уруш бошлади. Унга қарши Абдуллоҳ ибн Хозим Суламий тўрт минг кишилик қўшин билан чиқиб борди. Қўшиннинг олдинги қисмига олти юз кишини қўйди ва тун пайти уларга ҳар бири найзасининг учига олов боғлаб олишини буюрди, сўнг улар шу ҳолда тун қоронғусида душман лашкаргоҳига бостириб кириб, ҳужум бошладилар. Душман ваҳима ичида улар билан овора бўлиб турганда мусулмон қўшинининг қолган қисми ёпирилиб келиб, уларни ўраб олди. Мушриклар саросимага тушиб, тумтарақай бўлиб кетишди. Мусулмонлар уларни қувиб, ўлдирганча ўлдирдилар, кўплаб асирлар олдилар, ўлдирилганлар ичида Қорин ҳам бор эди. Абдуллоҳ ибн Хозим Ибн Омирга фатҳ хабарини йўллади. Ибн Омир ундан мамнун бўлиб, Хуросонга волий қилиб тайинлади[4].

 

[1] “Тарихи Табарий” (5/316).
[2] “Тарихи Табарий” (5/318).
[3] “Тарихи Табарий” (5/319).
[4] “Бидоя ва ниҳоя” (7/167).

Изоҳ қолдиринг