Таҳорат: Таҳоратнинг фазилати

0

Таҳоратга оид ҳукмлар

Таҳорат сўзининг маъноси

Арабча таҳорат сўзи ўзбек тилида поклик, тозалик маъносини англатади.

Таҳорат қилиш шариатда буюрилган иш эканига далиллар:

Таҳорат қилиш машруъ (шариатда бор ва буюрилган иш) экани Қуръон, суннат ва уламолар ижмоси билан собит бўлган.

Қуръондан далил:

Аллоҳ таоло айтади: «Эй иймон келтирганлар, намоз ўқимоқчи бўлсангиз, юзларингизни ва қўлларингизни тирсаклари билан қўшиб ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз, шунингдек, оёқларингизни тўпиқлари билан ювингиз» [Моида: 6].

 Суннатдан далил:

Таҳорат қилиш тўғрисида жуда кўп ҳадислар келган. Жумладан, имом Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Агар биронтангиз таҳоратсиз бўлса, то таҳорат билан намоз ўқимагунча Аллоҳ унинг намозини қабул қилмайди»[1].

Уламолар ижмоси:

Бутун уммат намоз ўқиш учун таҳорат олиш фарз эканига ижмо қилишган. Ҳаттоки таҳоратнинг фарзлиги динда барчага: олиму авомга, каттаю кичикка бирдек маълум ишга айланиб қолган.

Таҳоратнинг фазилати:

Таҳоратнинг фазилати, айниқса, тўкис таҳорат олиш фазилати тўғрисида кўплаб ҳадислар бор. Мен қуйида улардан айримларинигина келтириш билан кифояланаман:

(1) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: «Албатта, умматим қиёмат кунида таҳорат асоратидан пешоналари ва оёқларида (худди отнинг пешонаси ва оёқларидаги қашқаси каби) қашқа – нур бўлган ҳолда чақириладилар». Кимда ким қашқаси – нурини узайтиришга қодир бўлса, узайтирсин»[2].

(2) Амр ибн Анбаса розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен жоҳилият даврида эканман, барча одамларни залолатда ва бирон яхшилик устида эмас деб ўйлар эдим. Улар бутларга сиғинишар эди. Шунда Маккада бир кишининг (ажиб) хабарларни айтаётганини эшитдим. Туямга миниб, унинг олдига бордим. Қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қавмининг зўравонлигидан яшириниб юрган эканлар…

Мен: «Эй Расулуллоҳ, менга таҳорат тўғрисида гапириб беринг», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бир киши таҳорат учун ҳозирланган сувини олиб, оғиз чайқаса, бурнига сув тортиб, қоқса, юзининг гуноҳлари оғзи ва бурунларидан тўкилиб тушади. Сўнг Аллоҳ буюргандек юзини ювса, юзининг гуноҳлари сувга қўшилиб соқолларининг учларидан тўкилиб тушади. Сўнг икки қўлини тирсагига қадар ювса, қўлларининг гуноҳлари сувга қўшилиб бармоқларининг учларидан тўкилади. Сўнг бошига масҳ тортса, сочларининг хатолари сувга қўшилиб тўкилади. Сўнг икки оёғини тўпиғига қўшиб ювса, оёқларининг гуноҳлари сувга қўшилиб панжаларининг учларидан тўкилиб тушади. Агар у (таҳорат олиб бўлгач) туриб намоз ўқий бошласа, намозда Аллоҳга ҳамд-сано айтса, лойиқ ва муносиб мақтовлар билан Аллоҳни улуғласа, қалбини фақат Аллоҳ учун бўшатса, онасидан туғилган кунидагидек хатоларидан холи бўлади»[3].

(3) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабристонга келиб, шундай дедилар: «Ассалому алайкум, эй мўмин қавм диёри. Албатта, биз ҳам иншааллоҳ, сизларнинг ортингиздан борувчимиз. Мен биродарларимизни кўрсак эди, деб орзу қилдим». Саҳобалар айтишди: «Бизлар биродарларингиз эмасмизми, эй Расулуллоҳ?». У зот айтдилар: «(Йўқ), сизлар асҳобларимсиз. Биродарларим эса ҳануз (дунёга) келишмаган». Саҳобалар айтишди: «Умматингиздан ҳануз дунёга келмаганларни қандай таниб оласиз, ё Расулуллоҳ?». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Айтингчи, бир кишининг бир тусдаги қоп-қора отларнинг ичида пешонаси ва оёқларида қашқаси бор отлари бўлса, уларни таний олмайдими?». Саҳобалар айтишди: «Албатта, таний олади, эй Расулуллоҳ». У зот айтдилар: «Улар (қиёмат кунида) таҳорат асоратидан худди отнинг пешонасидаги оқ қашқа ва оёқларидаги оқ доғлар каби (таҳорат аъзоларида нур порлаган холда) келурлар. Албатта, мен (ҳовузни тайёрловчи сифатида) улардан олдин ҳовузга бориб тураман. Огоҳ бўлингки, худди бегона туя ҳайдалгани сингари (умматимдан) баъзи одамлар ҳовуздан ҳайдалади. Ўшанда мен: «Эй, буёққа келинглар», дейман. Менга жавобан айтилади: «Булар сиздан кейин динни ўзгартирдилар». Шунда мен: “(Ундай бўлса), даф бўлсинлар, даф бўлсинлар», дейман»[4].

[1] Бухорий (135), Муслим (225), Абу Довуд (60), Термизий (76), Аҳмад (2/308) ривояти.
[2] Бухорий (136), Муслим (246), Аҳмад (2/400) ривояти.
[3] Муслим (832), Ибн Можа (283) ривояти.
[4] Муслим (249), Насоий (1/93), Ибн Можа (4306), Аҳмад (2/300) ривояти.

Изоҳ қолдиринг