Маййит қариндошларининг қилган савобу гуноҳларидан хабардор этиладими?

0

Савол:

Қуйидаги  ҳадис саҳиҳми? Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда қуйидагича келган: “Албатта амалларингиз ўтиб кетган яқинларингиз ва қариндошларингизга намойиш қилиб турилади. Агар (амалалрингиз) яхши бўлса, улар ундан хурсанд бўлишади. Агар ундан бошқача бўлса, улар: “Аллоҳим, бизни ҳидоят қилганинг каби уларни ҳам ҳидоят қилмасдан жонларини олмагин”, дейишади” (Имом Аҳмад ривоят қилган).

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;
Мазкур ҳадисни имом Аҳмад Муснадда (12683) ривоят қилган. Ҳадиснинг санади (ровийлар шажараси) қуйидагича:
1) имом Аҳмад устози Абдурраззоқдан;
2) Абдурразоқ Суфёндан;
3) Суфён Анас розияллоҳу анҳудан эшитган кишидан;
4) у киши эса Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

Кўриб турганингиздек, Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ровий ким экани номаълум. Бинобарин, ушбу ҳадис заиф саналади.

Ушбу маънони ифода қиладиган бошқа бир ҳадис ҳам бор. Уни Табароний Авсатда (148) ривоят қилган. У ҳадиснинг санади (ровийлар шажараси) қуйидагича:
1) Маслама ибн Али устозлари Зайд ибн Воқид ҳамда Ҳишом ибн Ғоздан;
2) улар Макҳулдан;
3) Макҳул Абдураҳмон ибн Саломадан;
4) Абдураҳмон Абу Раҳм Самоийдан;
5) Абу Раҳм эса Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган. Табароний ҳадис ортидан шундай дейди: “Ушбу ҳадисни Зайд ибн Воқид ҳамда Ҳишом ибн Ғоздан фақатгина Маслама ибн Али ривоят қилган”.

Маслама ибн Али эса жуда ҳам заиф ровий саналади. Бухорий ва Абу Зуръалар уни ҳадиси олинмайдиган ровий (мункар) дейишган. Яҳё ибн Маин ва Абу Ҳотимлар эса уни ҳеч нарсага арзимас ровий дейишган. Насоий ҳамда Дорақутнийлар унинг ҳадиси олинмайди (матрукул ҳадис) дейишган.

Хулоса шуки, бу борада ривоят қилинган ҳадисларнинг барчаси заиф. Шундай бўлса-да, баъзи уламолар бу заиф ҳадислар маънода бир-бирини қўллаб-қувватлагани сабабли мазкур ҳадисларнинг маъноси тўғри дейишган. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳавзда умматларини кутиб турганларида бир гуруҳ инсонлар ҳавздан қувилиши, Пайғамбаримиз уларни ҳимоя қилмоқчи бўлганларида фаришталар у зотга: “Улар сиз вафот этганингиздан сўнг қандай бидъатлар пайдо қилишганини билмайсиз” – дейишгани саҳиҳ ҳадисларда ривоят қилинган. Ушбу ҳадислар маййит ўзидан кейингиларнинг гуноҳ ёки савоб иш қилганини билмаслигига далил бўлади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларидан кейин умматлари қандай бидъатларни пайдо қилишганидан бехабар бўлсалар, бошқалар билмаслиги тайин, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг