Пайғамбарлар қиссаси: Ҳожардан Исмоил алайҳиссаломнинг туғилиши

0

Ҳожардан Исмоил алайҳиссаломнинг туғилиши

Аҳли китоблар айтадилар[1]: «Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳдан солиҳ зурриёт сўради. Аллоҳ унга фарзанд кўражагини башорат қилди. Сора Иброҳим алайҳиссаломга деди: «Парвардигор менга бола насиб қилмади. Шундай экан, сиз менинг мана бу чўримни олинг, шояд Аллоҳ таоло ундан сизга фарзанд насиб қилса».

Сора Ҳожарни Иброҳим алайҳиссаломга ҳадя қилгач, у Ҳожар билан қовушди. Иброҳим алайҳиссалом Ҳожар билан қовушгач, ундан ҳомила бўлди. Шундан сўнг Ҳожар Исмоил алайҳиссаломни туғди.

Исмоил алайҳиссалом туғилгач, Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга хотини Сорадан Исҳоқ туғилажагини башорат берди. Шунда Иброҳим алайҳиссалом саждага йиқилди. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга деди: «Мен сенинг Исмоил тўғрисида қилган дуойингни мустажоб қилдим, унга барака ёғдирдим, унга жуда кўп насл-зурриёт насиб қилажакман. Унинг зурриётидан ўн иккита улуғ йўлбошчилар туғилажак ва Мен Исмоилни катта бир миллат – халққа раис қилурман».

Бу айни пайтда бу буюк уммат – ислом умматининг ҳам башорати эди. Ўн иккита йўлбошчилар эса Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳунинг ҳадисида башорат қилинган ҳақ йўлдаги ўн иккита хулофои рошидинлардир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ўн иккита амир бўлади». Жобир розияллоҳу анҳу дейди: «Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир сўз айтдилар, мен уни тушунмадим. «Нима дедилар?», деб отамдан сўрадим. Отам айтдилар: «Уларнинг барчаси Қурайшдандир», дедилар». «Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами»да ривоят қилинган[2].

Бошқа бир ривоятда айтилишича: «Бу иш (яъни, дин ишлари) то барчалари Қурайш қабиласидан бўлмиш ўн иккита халифа ҳукмронлиги тугаб кетгунига қадар давомли (бошқа бир ривоятда: ғолиб) бўлиб тураверади».

Тўрт халифа: Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али розияллоҳу анҳумлар, шунингдек, Умар ибн Абдулазиз роҳимаҳуллоҳ ва айрим Аббосий халифалари ана ўша ўн икки халифалар жумласидандир.

Ўн икки халифа бўлади, дегани улар кетма-кет бўлади дегани эмас, балки қай тартибда бўлишидан қатъий назар, ўн иккита халифа вужудга келиши назарда тутилган.

Шунингдек, бу халифалардан мақсад рофизий-шиалар эътиқодидаги, дастлабкиси Али ибн Абу Толиб ва охиргиси Сомирро шаҳридаги ертўладан чиқиши кутиб турилган Муҳаммад ибн Ҳасан Аскарий бўлмиш ўн иккита имомлар ҳам эмас. Чунки бу имомлар ичида Али ва унинг ўғли Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳумодан бошқа умматга манфаати теккан кишилар бўлмаган. Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳумо халифаликдан воз кечиб, уни Муовия розияллоҳу анҳуга топширган ва урушни тарк қилган вақтда фитна оловини ўчириб, мусулмонлар ўртасида уруш чиқиши олдини олган эди. Қолган имомлар эса оддий одамлар сирасидан бўлиб, ҳеч бир ишда уммат устидан ҳукм юритган эмаслар.

Рофизийларнинг Сомирро ертўласи тўғрисидаги эътиқодларига келсак, бу ҳеч қандай ҳақиқати, из-асорати йўқ иш бўлиб, бемаънилик ва тентакликдан бошқа нарса эмас.

Хулоса қилиб айтганда, Ҳожар алайҳассалом Исмоил алайҳиссаломни туққан пайтда, Соранинг унга нисбатан рашки ўт олди, Иброҳим алайҳиссаломдан Ҳожарни ундан узоқлаштиришни, унинг юзини кўрсатмасликни талаб қилди. Иброҳим алайҳиссалом Ҳожар ва унинг фарзандини олиб йўлга отланди ва у иккисини ҳозирдаги Макка шаҳри жойлашган ерга ташлаб келди.

Айтишларича, Ҳожарнинг фарзанди ўша вақтда йўргакда бўлган. Иброҳим алайҳиссалом уларни у ерга ташлаб, ўзи ортга қайтишга отлангач, Ҳожар унинг олдига борган, кийимларига осилиб, илтижо қилиб шундай деган: «Эй Иброҳим! Бизни ҳеч нарсасиз бу ерларга ташлаб, ўзингиз қаёққа кетмоқчисиз?». Иброҳим алайҳиссалом унга жавоб қайтармаган. Ҳожар ундан оёқ тираб сўраса-да, жавоб қайтаравермагач, унга қарата: «Аллоҳ сизни шундай қилишга буюрдими?», деган. «Ҳа», дея жавоб берган Иброҳим алайҳиссалом. «Ундай бўлса, Аллоҳ бизни асло ташлаб қўймагай!» – дея таскин топган Ҳожар алайҳассалом.

[1] Ал-аҳдул қадим” (Насоролар эътиқодида Исо алайҳиссаломдан олдин ёзилган муқаддас китоблар): “Сифрут-таквин”(ўша китобларнинг биринчиси): Исҳоҳ (боб, бўлим): 16.
[2] Бухорий (7222, 7223) ва Муслим (1821) ривояти.

Изоҳ қолдиринг