Муҳаддислар: Имом Ибн Можа Қазвиний (1)

0

Исми ва насаби:

Имомнинг тўлиқ исм-шарифи Муҳаммад ибн Язид Можа[1] Рабаий Қазвиний бўлиб, куняси Абу Абдуллоҳдир. Ибн Можа Рабиа қабиласига мансуб бўлганлиги боис Рабаий, Қазвин шаҳрида туғилиб ўсгани учун Қазвиний дейилади.

Туғилган санаси ва ери:

Имом Муҳаммад ибн Можа роҳимаҳуллоҳ ҳижрий 209 (милодий 824) йили Қазвин шаҳрида дунёга келган.

Қазвин Теҳрон шаҳрининг шимоли-ғарбида, ундан қарийб 90 мил (154 км) узоқликда, Бурз тоғлари ён бағрида жойлашган машҳур чиройли шаҳар.

Ибн Тоҳир роҳимаҳуллоҳ Ибн Можанинг “Тарих” номли китобини кўрганини айтиб, китобнинг охирида Ибн Можанинг шогирди Жаъфар ибн Идриснинг: “Мен Ибн Можанинг шундай деганини эшитганман: “Мен икки юз тўққизинчи йилда таваллуд топганман”, деган ёзувига кўзи тушганини зикр қилган[2].

Шайх Нуриддин ибн Абдусалом айтади: “Тарихий манбалардан Ибн Можа роҳимаҳуллоҳнинг ўғли Абдуллоҳ ва унинг икки ака-укасидан бошқа оила аъзолари ҳақида бирон маълумот топа олмадим[3].

Ёшлиги ва таълим олиш йўлидаги саъй-ҳаракати:

Ибн Можа роҳимаҳуллоҳ илм ва тақвода юксак мартабаларга эришгани унинг зиёли ва диндор хонадонда ўсиб-улғайганига далолат қилади.

Имом Ибн Можа роҳимаҳуллоҳ барча толиби илмлар каби дастлаб Қуръони Каримни ёд олиш ва бошланғич диний билимларни таълим олиш учун мадрасага йўл олади. Сўнг ҳадис илмини таълим олиш мақсадида олимлар билан тўлиб-тошган Қазвин масжидларидаги муҳаддис уламолар даврасига қатнай бошлайди.

Имом Ибн Можа қайси йилдан бошлаб ҳадис илмини таълим олишни бошлаганини аниқ билмасак-да, лекин тахмин қилиб айта оламизки, у ҳадис илмини таълим олишни ёшлигиданоқ, 15-20 ёшлар орасида бошлаган. Негаки, Ибн Можа ҳадис ривоят қилган устозларининг энг ёши улуғларидан бири Али ибн Муҳаммад Танофисийдир. Танофисий ҳижрий 223 йилда вафот этган бўлиб, Ибн Можа ўша вақтда йигирма тўрт ёшда бўлган. Имом Заҳабий роҳимаҳуллоҳ зикр қилишича, Ибн Можа Танофисийдан кўплаб ҳадислар ривоят қилган. Бу ўз навбатида Ибн Можа ушбу устозидан узоқ муддат таълим олганига далолат қилади[4]. Қолаверса, ўша даврдаги аксар толиби илмлар ҳадис илмини ўн беш ёшдан бошлаб таълим олишга киришар эди.

Ибн Можа роҳимаҳуллоҳ дастлаб ўз шаҳридаги уламолардан таълим олади. Зеро, бу ўша даврдаги қарийб барча муҳаддис уламоларнинг одати бўлиб, буюк муҳаддис уламолар ҳам шундай қилишни тавсия қилишар эди.

Хатиб Бағдодий роҳимаҳуллоҳ аллома Абул Фазл Солиҳ ибн Аҳмад Тамимийдан нақл қилади: “Ҳадис илмига қизиққан ва уни ўрганмоқчи бўлган толиби илм, агар яшаб турган шаҳрида қадимда ҳам, ҳозирда ҳам диний илм тарқаган ҳамда уламолар бўлса, дастлаб ўз шаҳридаги уламолар ривоят қилган ҳадисларни ёзишдан бошлаши, улар орасидан илм олишга лойиқларини билиб олиши, ёзган ҳадисларининг саҳиҳию заифини ажрата оладиган даражада ҳадисларни яхши тушиниб, уларни пухта ўзлаштирмоғи лозим. Шунингдек, шаҳрида мавжуд лаёқатли муҳаддисларни ва уларнинг ҳолатини тўлиқ билмоғи лозим. Шундан сўнггина бошқа шаҳардаги уламолардан ҳадис илмини ўрганиш учун отланса бўлади[5].

Ибн Можа роҳимаҳуллоҳ ўз шаҳридаги уламолардан таълим олиб бўлгач, бошқа буюк муҳаддис уламолар билан учрашиб, улардан ҳадис илмини ўрганиш ва улардан ҳадислар ёзиб олиш мақсадида уламоларга бой турли ислом ўлкаларига сафар қилади. У даслабки илмий сафарини ҳижрий 230 йилдан кейин бошлайди. Ўша вақтда у йигирма уч ёшда эди.

Хазражий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ибн Можа ҳижрий 230 йилдан сўнг илм сафарига отланади[6].

Дарҳақиқат, Ибн Можа роҳимаҳуллоҳ илм талабида талай шаҳарларга сафар қилган уламоларнинг бири ҳисобланади. Ҳатто имом Миззий роҳимаҳуллоҳ у ҳақда шундай деган: “Ибн Можа талай фойдали китоблар ёзган, илм талабида кўп сафар қилган олим эди[7].

Ибн Можа роҳимаҳуллоҳ Хуросон, Рай, Басра, Кўфа, Бағдод, Шом, Макка, Мадина, Миср ва бундан бошқа ислом шаҳарларга сафар қилади[8]. Албатта, унинг бундай кўп сафарларда юриши унга борган шаҳарларидаги уламолар билан учрашиш имконини берди.

Устозлари:

Ибн Можа роҳимаҳуллоҳ ўз замонидаги талай буюк уламолар билан учрашиб, улардан таълим олади. Ҳатто имом Бухорий ва имом Муслимдек уламоларнинг устозларидан ҳадис ривоят қилиш шарафига эга бўлган.

Ибн Қунфуз роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ибн Можа Бухорийнинг бир қанча устозлари билан учрашган[9].

Аллома Миззий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ибн Можа Хуросон, Ироқ, Ҳижоз, Миср, Шом ва бундан бошқа ислом ўлкаларидаги кўплаб уламолардан ҳадис эшитган бўлиб, устозларини санаб адоғига етиш қийиндир[10].

Замондош уламоларимиздан бири Ибн Можанинг устозларини санаб чиқишга уринган. Унинг айтишича, Ибн Можа “Сунан” ва “Тафсир” китобида ривоят қилган устозларининг сони 310 тага етган.

Қуйида Ибн Можа “Сунан” китобида энг кўп ривоят қилган устозларидан айримларини зикр қиламиз:

1 – Абу Бакр ибн Абу Шайба Кўфий (Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абу Шайба Иброҳим ибн Усмон Воситий), ҳижрий 235 йилда вафот этган. Ибн Можа Абу Бакр ибн Абу Шайбадан “Сунан” китобида 1099 га яқин ҳадис ривоят қилган.

2 – Абул Ҳасан Кўфий (Али ибн Муҳаммад ибн Исҳоқ Танофисий), ҳижрий 233 йилда вафот этган. Ибн Можа Танофисийдан “Сунан” китобида 483 га яқин ҳадис ривоят қилган.

3 – Абул Валид Дамашқий (Ҳишом ибн Аммор ибн Нусайр Суламий), ҳижрий 245 йилда вафот этган. Ибн Можа Ҳишомдан “Сунан” китобида 325 га яқин ҳадис ривоят қилган.

4 – Абу Бакр Бундор Басрий (Муҳаммад ибн Башшор ибн Усмон Абдий), ҳижрий 252 йилда вафот этган. Ибн Можа Бундордан “Сунан” китобида 232 га яқин ҳадис ривоят қилган.

5 – Абу Абдуллоҳ Зуҳлий (Муҳаммад ибн Яҳё ибн Абдуллоҳ Найсабурий), ҳижрий 257 йилда вафот этган. Ибн Можа Зуҳлийдан “Сунан” китобида 213 га яқин ҳадис ривоят қилган. Зуҳлий ҳадис илми уламоларидан бири саналади. Ибн Можа “Сунан” китобида унинг бир қанча ҳадисларга доир сўзларини зикр қилган.

6 – Абу Жаъфар Тожир (Муҳаммад ибн Саббоҳ ибн Суфён Жаржароий), ҳижрий 240 йилда вафот этган. Ибн Можа Абу Жаъфардан “Сунан” китобида 147 га яқин ҳадис ривоят қилган.

7 – Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Нумайр Ҳамдоний (Абу Абдураҳмон Кўфий), ҳижрий 234 йилда вафот этган. Ибн Можа Ибн Нумайрдан “Сунан” китобида 109 га яқин ҳадис ривоят қилган.

Кейинги мақоламизда имом Ибн Можанинг шогирдлари, ёзган китоблари, уламоларнинг у ҳақда айтган мақтовлари ва вафоти ҳақида сўз юритамиз, иншааллоҳ.

 

[1] Можа форсий сўз бўлиб, муҳаддиснинг отаси Язиднинг лақабидир. Айрим уламолар Можа муҳаддис бобосининг лақаби деган бўлса, айримлар онасининг исми ёки лақаби бўлган деган.
[2] Қаранг: “Тақйид”, 1/220-221 ва “Таҳзибул камол”, 27/41.
[3] Қаранг: “Мадҳал ило сунани Ибн Можа”, 21 бет.
[4] Қаранг: “Сияри аъломун нубало”, 13/277.
[5] Қаранг: “Жомеъ ли ахлоқир ровий ва сомеъ”, 2/224.
[6] Қаранг: “Хулосату таҳзибут таҳзиб”, 1/34.
[7] Қаранг: “Таҳзибул камол”, 27/40.
[8] Қаранг: “Вафаётул аъён”, 4/279 ва “Таҳзибут таҳзиб”, 4/737.
[9] Қаранг: “Вафаёт”, 187.
[10] Қаранг: “Таҳзибул камол”, 27/40.

Изоҳ қолдиринг