Аллоҳ таолонинг исмлари билан даволаниш мумкинми?

0

Савол:

Аллоҳ таолонинг исмлари билан даволаниш мумкинми? Масалан, кўзи касал бўлган инсон Аллоҳнинг Басир (кўрувчи) исмини кўзига ўқиши ва ҳоказо…

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;
Охирги вақтларда одамлар ўртасида Аллоҳ таолонинг исмлари билан даволаниш кенг тус ола бошлади. Халқ орасида Аллоҳ таолонинг исмлари, ёнида эса шу исм орқали даволанадиган касаллик ёзилган варақалар тарқалди.

Аллоҳ таолонинг исмлари орқали даволашни кашф қилганини даъво қилаётган шахснинг исми Иброҳим Карим. У биогеометр илмининг ихтирочиси. Иброҳимнинг даъвосига кўра, Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари бир қанча касалларни даволаш хусусиятига эга. Унинг кашфиётича, Аллоҳ таолонинг ҳар бир гўзал исми иммунитетни инсон танасидаги маълум бир аъзода кучайтириш хусусиятига эга. Иброҳимнинг айтишича, у частота қонунини татбиқ қилиш орқали Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бирини айтишнинг ўзи инсон жисмидаги ҳужайраларнинг ҳаракат тизимини яхшиланишига сабабчи бўлишини ихтиро қилган. У уч йил давом этган изланишидан сўнг хулосасини бир жадвал шаклида инсонларга тақдим этди. Жадвалда муайян касаллик ва шу касалликни даволайдиган Аллоҳ таолонинг исми берилган. Масалан, қулоқ касалликлари учун Аллоҳ таолонинг Самеъ исми такрорланади. Раззоқ исми ошқозонни, Жаббор исми умуртқа поғонасини, Роуф исми йўғон ичакни, Нофеъ исми суякларни, Ҳай исми буйракни, Бадеъ исми сочни, “Жалла жалолуҳ” соч кепагини, Нур, Басир ва Ваҳҳоб исмлари кўзни даволар экан. Даволаш услуби қуйидагича, мазкур исм ёхуд исмлар муносиб аъзога ўн дақиқа муддат ўқилади.

Иброҳимнинг айтишича, у шуни ҳам кашф қилган: Аллоҳ таолонинг исмини ўқигандан сўнг ортидан шифо оятлари ўқилса, даволаниш жараёни янада тезлашар экан. Шифо оятлари қуйидагилардир:
1) “Ва мўмин қавмнинг қалбига шифо беради” (Тавба: 14);
2) “Ва у (яъни Қуръон) қалбдаги дардларга шифодир” (Юнус: 57);
3) “Унда (яъни асалда) инсонларга шифо бор” (Наҳл: 69);
4) “Биз шифо ва раҳмат бўлган Қуръони нозил қиламиз” (Исро: 82);
5) “Агар мен касал бўлсам, У менга шифо беради” (Шуаро: 80);
6) “Айтинг, бу Қуръон иймон келтирганлар учун ҳидоят ҳамда шифодир” (Фуссилат: 44).

Кашфиётга раддия

БиринчиданАллоҳ таолонинг исмлари орқали У зотга илтижо қилиш шариатимизда буюрилган ёхуд ундалган ишлардан биридир. Аллоҳ таоло Ўзининг гўзал исмлари билан Унга мурожаат қилишимиз кераклигини айтиб: “Аллоҳнинг гўзал исмлари бор. Шундай экан, Унга ана шу исмлари билан дуо қилинглар” – дейди (Аъроф: 180). Мазкур оятга биноан, биз ҳар бир дуомизда Аллоҳ таолога шу дуонинг мазмунига мос исми билан мурожаат қилишимиз мақсадга мувофиқ бўлади. Масалан, Аллоҳ таолодан шифо сўраб дуо қилганимизда Унга Шофий (шифо берувчи) исми билан, ризқ сўраганимизда Раззоқ исми билан, ғалаба сўраганимизда Фаттоҳ исми билан, хуллас, ҳар бир ўринда Аллоҳ таолога шу дуога мос исми билан дуо қилишимиз лозим. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қилган дуолари ҳам далил бўлади. Айтайлик, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шифо сўраб дуо қилганларида: “Аллоҳим, барча инсонларнинг Парвардигори, дардни аритгин. Унга ҳеч қандай касаллик қолдирмайдиган шифо бергин. Сен Шофий (шифо ато этувчи)сан. Сенинг шифойингдан бошқа шифо йўқ” – деб дуо қилганлар (Бухорий (5411), Абу Довуд (3883) ҳамда Ибн Можа (3530) ривояти). Шунингдек, қачон Аллоҳ таолодан раҳм ва мағфират сўраган бўлсалар, У зотга Ғафур ва Раҳим исмлари билан илтижо қилганлар. Аллоҳ таолога гўзал исмлари билан дуо қилиш худди шундай бўлади.

Иккинчидан: даволаниш ё ҳиссий сабаблар билан бўлади, ё шаръий сабаблар воситасида бўлади. Ҳиссий ва моддий сабаблар билан даволанишда тажрибага таянилади. Шаръий сабабларда эса қайси нарса даво бўлиши, даволаш услуби қандай бўлиши ҳамда у қандай касалликларга даво бўлиши шариатда баён қилинган бўлиши керак. Аллоҳ таолонинг исмларини ўқиш даволанишнинг шаръий сабабларидан саналади. Иброҳим Карим ўзининг бу кашфиётига бирон бир шаръий далил келтирмаган. Бинобарин, Аллоҳ таолонинг муайян исмларини ўқиш маълум касалликларга даво бўлишига сабаб экани асоссиз гап бўлади.

Учинчидан: мазкур жадвалда Аллоҳ таолонинг исмларидан деб саналган баъзилари Аллоҳ таолонинг исмларидан эмас. Масалан, “жалла жалолуҳ” Аллоҳ таолонинг исми эмас. Агар шу сўз ҳам муайян касалликка даво бўлган бўлса, демак, Аллоҳ таолонинг исмларидан бошқаси ҳам маълум касалликларга даъво бўларкан, деган хулоса чиқади. Қолаверса, Рашид, Рофеъ исмлари Аллоҳ таолонинг исми эканига далил йўқ. Тўғри, имом Термизий ривоят қилган ҳадисда мазкур исмлар Аллоҳ таолонинг исмлари қаторида саналган. Бироқ у ҳадис заиф. Бу сўзлар Аллоҳ таолонинг исми эмас, сифати десак янада тўғрироқ бўлади.

Тўртинчидан: бирон далилга асосланмаган ҳолда Аллоҳ таолонинг муайян исми маълум бир касалликка даво бўлади деб, даволаш услубини ҳам ихтиро қилиш Аллоҳ таоло ҳақида илмсиз гапириш остига киради. Бу эса ҳаромдир. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Раббим ички ва ташқи барча ёмон ишларни, гуноҳларни, ноҳақ зулм қилишни, Аллоҳга далил нозил қилмаган нарсани шерик қилишингизни ва Аллоҳ ҳақида илмсиз – билмасдан гапиришингизни ҳаром қилди, – деб айтинг” (Аъроф: 33).

Бешинчидан: Доимий фатво қўмитасидан мазкур жадвал ҳақида сўралганида унга амал қилиш жоиз эмас, Аллоҳ таолонинг исмларини бу услубда ўқиш уларни оёқ ости қилишнинг бир кўриниши деб фатво берганлар.

Хулоса шуки, мазкур жадвалга асосан амал қилиш ва одамлар ўртасида жадвални тарқатиб, бошқаларни ҳам унга тариб қилиш ҳаром. Ушбу жадвални тарқатаётганларни бу ишдан огоҳлантириш лозим, валлоҳу аълам.

Фатвони тайёрлашда IslamQA саҳифаси маълумотларидан фойдаланилди.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг