Нобоп эрни қандай йўлга солиш мумкин?

1

Савол:

Ассалому алайкум, ҳурматли домла. Эрим кўп ичади. Мен гапирсам, доим мен билан урушади ва мени ҳакоратлайди. Илтимос, маслаҳат беринг, эримни тўғри йўлга кириши учун нима қилишим керак?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ.

Дарҳақиқат, аёл зоти эрини жаннатга киришига ёки дўзахга ўтин бўлишига сабаб бўлиши мумкин. Эр-хотинлик риштаси аёл билан эркак ўртасини боғлаб турадиган, улар иккисининг ўрталарига меҳр-муҳаббат соладиган муқаддас риштадир. Бинобарин, эр-хотиндан ҳар бири мураккаб ва чигал ҳаёт йўлида бир-бирларига суянчиқ бўлишлари лозим. Солиҳа аёл турмуш ўртоғини динига амал қилишга ундайди, тақво ва эзгулик йўлида юришда унга кўмакчи бўлади.

Таассуфки, эрининг нобоплиги туфайли қалбидаги куюнч ва аламдан оҳ чикадиган, бу алам ва ташвишни яширишдан ожиз қоладиган солиҳа аёллар талайгина. Барчалари эрларидан шикоят қиладилар, кимдир эрининг бенамозлигидан, ибодатга бепарволигидан, кимдир эрининг хулқи ёмонлигидан, яна кимдир эрининг номаҳрамларга қарашидан ёки ғийбат қилишидан шикоят қилади. Хуллас, бечора аёл турли йўл ва услублар билан эрини иймон ва ҳидоят йўлига солишга, унинг ножўя хатти-ҳаракатлари ва юриш-туришини ўзгартиришга ҳаракат қилади, эрининг оиласи ва фарзандларига ўрнак бўлишини орзу қилади. Бироқ кўпинча бу уринишлар кутилган самарани бермайди, аёл кўзлаган мақсадига эришолмайди, эрини тўғри йўлга солиш ечимини тополмай ҳасрат чекади. Бир пайтлар ўзгаларга таъсир ўтказиб юрган, гўзал ўрнак ва намуна бўлган солиҳа аёлнинг ўзи ҳам эридан таъсирлана бошлайди.

Аксар ҳолатларда бунга аёлнинг одамларга таъсир ўтказиш ва муваффақиятли ислоҳот йўллари ва услубларидан бехабарлиги сабаб бўлади. Зеро, чинакам ислоҳот бу йўлда аввало Аллоҳдан ёрдам сўрашни, қолаверса, илм, куч, сабр ва бағрикенгликни талаб қилади.

Муҳтарам опа-сингиллар, биз қуйида турмуш ўртоғингизга таъсир ўтказиш, уни рушду ҳидоят йўлига бошлаш борасидаги талай насиҳат, тавсия ва қоидаларни эътиборингизга ҳавола қиламиз. Ўйлаймизки, бу тавсия ва насиҳатлар сизга турмуш ўртоғингиз ва оилангизни ислоҳ қилиш, эрингизга амри маъруф ва наҳий мункар қилишингиз йўлида асқотади.

  1. Эрни тўғри йўлга солиш, унга амри маъруф ва наҳий мункар қилиш ибодатдир. Маълумки, ибодат ихлоссиз бўлмайди. Бинобарин, сиз бу ишга қадам қўяр экансиз, албатта ихлосли бўлинг, қилаётган ишингиз билан Аллоҳнинг розилиги ва Унинг ажр-савобига эришишни мақсад қилинг. Зеро, ихлос сўз ёки амалнинг ўзгага таъсир қилиши ва у томонидан қабул қилинишидаги энг муҳим ва асосий омилдир. Эрга насиҳат қилиш ортидан унга миннат қилишдан ёки ўзингизни диндор ва солиҳа қилиб кўрсатишдан, тоат-ибодатда эрингиздан устун эканингизни билдириб қўйиш каби мақсадлардан йироқ бўлинг.

  2. Эрни ислоҳ қилиш, уни тўғри йўлга солиш борасидаги елкангиздаги масъулиятингизни ҳис қилинг. Зеро, муслима аёл эрини ислоҳ қилишга, унга насиҳат қилишга жавобгардир. Ислоҳ қилиш масъулиятини ҳис қилишнинг ўзи кифоя қилмайди, балки унга қўшимча сизда эрингизни ўзгартиришга бўлган қатъият ва азму қарор ҳам бўлиши керак. Ҳаётингизни ўзгартириш йўлидаги биринчи қадам бу кучли иродадир!

Шуни яхши билингки, эрингизни рушду ҳидоятга даъват қилишингиз, уни гуноҳлар ботқоғидан тортиб чиқариш йўлида саъй-ҳаракат қилишингиз шунчаки мустаҳаб амаллардан бўлмай, балки зиммангиздаги фарздир. Чунки амри маъруф ва наҳий мункар қилиш ҳар бир мусулмонга фарз, ҳар ким ўз куч-имконияти даражасида бошқаларни яхшиликка даъват қилиши, ёмонликдан қайтариши вожиб. Аллоҳ таоло айтади: «Сизлардан яхшиликка даъват қиладиган, маъруфга буюрадиган, мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшаларгина нажот топгувчидир» [Оли Имрон: 104].

Эрни ёмон ишлардан қайтариш мажбурияти бошқа одамлардан кўра кўпроқ аёлининг зиммасига тушади. Чунки у аксар ҳолатларда эрининг ножўя ишларидан хабардор бўлади, бошқалар эса бундан бехабар бўлишлари мумкин. Аёл эрининг намозга сусткашлигини, ғийбат ёки чақимчилик қилишини, маст қилувчи ичимликлар истеъмол қилишини, сигарет чекишини, ота-онасига осийлик қилишини ёки қариндошлари билан борди-келди қилмаслигини ва ҳоказо шу каби ҳаром ишлардан бирини қилишини билса-да, зиммасидаги вазифасини бажармаса, унда ким бажаради бу вазифани? Ким уни тўғри йўлга солади? Ахир эрининг ҳолатини энг яхши билган ва унга энг яқин инсон унинг аёли эмасми?!

3. Сиз аввало ишни ўзингизни ўнглаш ва ислоҳ қилишдан бошланг. Зеро, оилангизни ўзгартириш, эрингизни ислоҳ қилиш йўлидаги кучли ирода ва қатъиятдан кейинги навбатдаги қадам ўзингизни ислоҳ қилишдир. Мазкур  қадамга Қуръони Карим ҳам далолат қилиб шундай дейди: «Аллоҳ бирон қавмдаги (ҳолатни) то улар ўзларидаги камчиликларни ўзгартирмагунларича ўзгартирмас» [Раъд: 11]. Бинобарин, хато-камчиликларни аввало ўзингиздан қидиринг, эҳтимол, айб ўзингиздадир. Фузайл ибн Иёз роҳимаҳуллоҳ айтар эди: «Дарҳақиқат, қилган гуноҳимнинг таъсирини аёлим ва уловимнинг хулқ-атворида кўраман» [Абул Фараж Абдураҳмон Абул Ҳасан Жавзий, «Заммул ҳаво»].

Шундай экан, тилни сақлаш, намозларни суннат ва зикрлари билан қўшиб ўқиш, Қуръони Каримни тиловат қилиш ва бошқа солиҳ амалларда эрингиз ва фарзандларингизга ўрнак бўлинг. Аллоҳга қасамки, бу мингта маъруза ва насиҳатдан фойдалироқдир.

4. Сиздан талаб қилингани қўлингиздан келганча ҳаракат қилиш, натижа эса Аллоҳга ҳавола. Бандаси натижадан масъул эмас, натижа унинг қўлида ҳам эмас. Аллоҳ таоло айтади: «Сиз (эй, Муҳаммад), ўзингиз суйган кишингизни ҳидоятга бошлай олмайсиз. Балки Аллоҳ Ўзи хоҳлаган бандани ҳидоятга бошлар. У ҳидоят истаганларни билувчироқдир» [Қасас: 56].

Бу ўз навбатида солиҳа аёлдан ҳеч малолланмасдан, умидсизланмасдан қўлидан келган барча имкониятларини сарф этишини тақозо қилади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, қалблар Раҳмон – меҳрибон зотнинг икки бармоғи орасида бўлиб, уни истаган томонига буради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Одам боласининг қалблари Раҳмон бармоқларидан икки бармоқ орасидадир. У бу қалбларни истаган томонига буради». Сўнг ортидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Эй қалбларни бурувчи Аллоҳ, қалбларимизни тоатингга буриб қўйгин» [Муслим ривояти (6921)].

Демак, сиз эрингизнинг рушду ҳидоят йўлига кириши йўлида бор имкониятингизни сарф этишингиз, бу борада худди Нуҳ алайҳиссалом каби турли йўл ва услубларни ишга солишингиз лозим. Нуҳ алайҳиссалом қавмини тўғри йўлга солиш учун ҳар турли услубларни ишга солган эди. Аллоҳ таоло айтади: «(Нуҳ) деди: «Эй Раббим, албатта мен қавмимни кеча-ю кундуз даъват қилдим. Бироқ даъватим уларни мендан янада қочирди холос. Мен уларни ҳар қачон Сенинг мағфиратингга (сабаб бўладиган динингга) даъват қилсам (гапимни эшитмаслик учун) бармоқларини қулоқларига тиқиб олдилар, (мени кўрмаслик учун) кийимларига ўраниб олдилар, осийликларида оёқ тираб, ҳақни қабул қилишдан такаббурлик қилдилар. Сўнг мен уларни ошкора даъват қилдим, сўнг уларга рисолатни гоҳида очиқчасига, гоҳида махфиёна етказдим» [Нуҳ: 5-9].

Сиз масъулиятдан қочиш учун турли баҳоналар қидирманг. «Мен ўқимишли эмасман», «дипломим йўқ», «шахсиятим у қадар кучли эмас», «муваффақиятли муомала услубини билмайман», деган ва шу каби баҳоналар қилманг. Буларнинг ҳеч бири баҳона бўлолмайди. Солиҳа аёл агар сабр қилса, ўзини сабр-матонатга ундаса, қўлидан келган куч-имкониятларни сарфласа, эрини йўлга солишга қодирдир, иншааллоҳ.

5. Шуни яхши билингки, эр киши осонликча аёлининг насиҳатини қабул қилавермайди, аёлининг гапидан таъсирланиб бирон нарсадан воз кечишни суймайди. Шунинг учун, аёл киши яхши билиши лозимки, эрга танбиҳ бериш, уни тўғри йўлга солиш бошқаларга танбиҳ бериш ва йўлга солишдан фарқ қилади. Аёл эрига нисбатан ўзига хос услуб қўллаши лозим бўлиб, бу услуб ундан фаҳм-фаросат, билим ва ҳикмат талаб қилади.

6. Шуни ёдда тутингки, эрингизнинг зиммангизда улуғ ҳаққи бор. Гарчи эрингиз Аллоҳнинг ҳаққида, Унга тоат-ибодат қилишда сусткашлик қилса-да, сиз унга овозингизни кўтарманг. Эрингизга танбиҳ бераман, уни тўғри йўлга соламан деб унинг ҳаққини адо этишда хатоликка йўл қўйманг. Эрингизга ниҳоят даражада юмшоқлик, сокинлик ва лутф билан, меҳр-муҳаббатга тўла сўз ва иборалар билан насиҳат қилинг. Насиҳатингиз асносида асло ўзингизнинг ундан афзаллигингизни, унинг эса нобоп ва осий инсон эканини ҳис қилдирадиган оҳангда гапира кўрманг. Яхшиси, эрингиз йўл қўйган гуноҳ ва хатолар тўғрисида учинчи бир шахс тимсолида гап очинг ёхуд бирон таъсирли ҳикоя ёки фатво орқали унинг камчиликларига ишора қилиб ўтинг.

7. Эрингизнинг хушкайфият ва шодон пайтларини пойлаб, назокат ва лутф ила уни илмий суҳбатга тортинг. Айтайлик, эрингиз бирон фарзни адо этишда сусткашлик қилаётган бўлса, унга бу фарзнинг мавқеи ва аҳамиятини эслатинг ва бундай суҳбатларни тез-тез такрорлаб туринг. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад), эслатинг, зеро, эслатиш мўминларга фойда беради» [Зориёт: 55]. Борди-ю, эрингиз бирон мункар-ножўя ишга одатланиб қолган бўлса, унга бу ишнинг Аллоҳнинг ҳузуридаги уқубатини, унинг фарзандлари ва оиласига келтирадиган касофати, шунингдек, рўзғордан барака, хотиржамлик ва бахт-саодат йўқолишидаги таъсирини эслатинг.

8. Эрингизга насиҳат қилар экансиз, доим юмшоқлик ва ҳикмат ҳамроҳингиз бўлсин. Зеро, аёл зоти эркакнинг бошидан яратилмаганки, эрнинг бошига чиқиб олса, оёғидан яратилмаганки, эр уни таҳқирласа, оёқ ости қилса, балки аёл эркакнинг қаноти остида, унинг қалбига яқин бўлиши, бир-бирларини севиб, яхши кўришлари учун унинг қовурғасидан яратилган. Аёлнинг меҳр-муҳаббати, аёллик назокати эркакни ўзига ром қилишга, унинг мияси ва тафаккурини жиловлашга қодирдир.

Эркак зоти хокисор, босиқ, хушмуома ва латофатли аёл қаршисида доим таслим бўлади. Агар у бундай аёл унга итоаткор эканини, уни рози қилиш учун жонини фидо қилишга ҳам тайёр эканини, ширин хаёлларидан ҳам латиф ва назокатли эканини ҳис қилса, эркак бундай аёлга қалбини, ақлини, мол-мулкини ва бутун борлиғини садқа этади.

Умуман олганда, даъват соҳасидаги қўполлик, қўрслик, дағаллик ҳар қандай кишини даъватдан юз ўгиришига ва нафратланишига олиб боради. Бундай даъват услуби гарчи ҳақ қоқ туш пайтидаги қуёшдан ҳам порлоқ ва ёрқин бўлса-да, қулоқлардан ҳам олдин қалбларнинг қулфланишига сабаб бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло пайғамбарларини бу услубдан огоҳлантирган эди. Мусо ва Ҳорун алайҳимассалом золим ва мутакаббир ҳукмдор фиръавнинг олдига боришидан олдин Аллоҳ таоло уларга шундай деган эди: «Сиз иккингиз унга майин сўзлар гапирингизки, шояд у (ҳақни) эсга олса ёки (Аллоҳдан) қўрқса» [Тоҳа: 44]. Шунингдек, Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтади: «Раббингизнинг йўлига (динига) ҳикмат ва мавъиза билан даъват қилинг ҳамда улар билан энг яхши услубда баҳс-мунозара қилинг. Албатта, Раббингизнинг Ўзи йўлидан адашганларни ҳам, ҳидоят истаганларни ҳам билгувчидир» [Наҳл: 125].

9. Эрингизни тўғри тушунишга ҳаракат қилинг. Зеро, у ҳам бир инсон, унда хато ва нуқсон бўлиши табиийдир. Шунинг учун, сизга насиҳатимиз, эрингизда мавжуд камчиликлардан сиқилманг, фақат унинг камчиликларигагина қараманг. Аксинча, эрингиздаги хислатлар, унинг ижобий томонларига назар солинг. Аниқки, унда бундай хислатлардан бир қанчасини учратасиз. Ҳар доим ўзингизга эрингизнинг ижобий томонларини, ундаги хислатларни эслатинг. Бу сизнинг эрингизга бўлган фикрингизда мувозанат пайдо қилади, қалбингизда унга нисбатан муҳаббат сақланиб қолишига ёрдам беради ва сиз бу муҳаббат воситасида эрингизда мавжуд салбий хислатларга қарши курашишга ва уларни муолажа қилишга имкон топасиз, иншааллоҳ.

Такрор айтамиз, эрингиз ҳам бир инсон, эркак зоти борки, албатта унинг хато-камчилиги бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ҳар бир одам боласи хатокордир. Хатокорларнинг энг яхшиси эса тавба қилувчилардир» [Термизий (2499) ва Аҳмад (13049) ривояти. Албоний «Саҳиҳи сунани Термизий»да (2499) ҳасан деган].

10. Эрингизга тоат-ибодатнинг оилага, фарзандлар салоҳияти ва тақвосига кўрсатадиган таъсири ва баракасини эслатинг. Аллоҳ таоло айтади: «Улар иккисининг отаси солиҳ инсон бўлган эди. Раббингиз улар иккисининг ўсиб-ўлғайишини ва Раббингиз тарафидан раҳмат бўлмиш хазиналарини чиқариб олишларини хоҳлади» [Каҳф: 82]. Кўриб турганингиздек, ота-она ўзларини ўнглаш ва ислоҳ қилишга эътибор қаратсалар, Аллоҳ таолонинг Ўзи уларнинг зурриётларига ғамхўрлик кўрсатади.

11. Эрингизнинг фарзандларига ўрнак ва намуна эканини мудом унга эслатиб туринг. Зеро, фарзандларга фақат аёл ўрнак бўлиши керак эмас. Балки ота ҳам ўрнакдир, балки у бу борада онадан ҳам муҳимроқдир. Шундай экан, сигарет чекадиган ёки бенамоз ота қандай қилиб фарзандларга ўрнак бўлиши мумкин?!

12. Эрингизни яна огоҳлантирингки, агар унинг бу ножўя ишига бошқалар ва айниқса, унинг фарзандлари эргашса, ўзининг гуноҳига қўшимча унга эргашганларнинг ҳам гуноҳига шерик бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Улар (бу ёлғон сўзларни бошқа одамларни йўлдан оздириш учун ва оқибатда) қиёмат кунида ўзларининг барча гуноҳларига ҳамда ўзлари жаҳолат билан йўлдан оздирган кимсаларнинг гуноҳларидан ҳам (бир қисмига) жавобгар бўлиш учун (айтгандирлар). Огоҳ бўлингиз, улар жуда ёмон юкни (яъни, гуноҳларни) орқалаб олибдилар» [Наҳл: 25]. 

13. Эрингизга насиҳат қилиш ва танбиҳ бериш учун унинг сокин ва кўнгли бўшаб турган онларини танланг. Унга хато-камчилигини дуч келган вақтда айтаверманг. Муносиб вақтни пойланг, айтайлик, телевизор ёки шунга ўхшаш жиҳозлардан таъсирли бирон гапга қулоқ солиб турганини кўрсангиз, фурсатдан фойдаланиб унга ножўя хатти-ҳаракатлардан воз кечиш кераклиги, ўлимга ва Аллоҳга йўлиқишга тайёргарлик кўриш лозимлигини эслатиб қолинг.

14. Солиҳа ва даъватчи аёл эрига ижобий таъсир ўтказиш учун ўзидаги фаол ва таъсирчан «қурол»ларни билиши лозим. Кўпинча ўзаро суҳбатлар гарчи мантиқ ва ҳужжат тилида бўлиб ўтган бўлса-да, кор қилмаслиги, аёл баҳс-мунозара услуби билан бирон натижага эришмаслиги мумкин. Аммо у кўнгил овлаш, ғамхўрлик қилиш йўли билан кутилган натижага эришиши мумкин. Зеро, аёл зотининг кўнгил овлаш тилини билиши бошқа ҳар қандай тилни билишидан афзалроқдир. Кўнгил овлаш унсурларидан бири мавзуни бошлашдан аввал эрнинг яхшилигини, унинг олийжаноб сифатларини тилга олиш ва унинг ҳаққига рушду ҳидоят билан дуо қилишдир. Шундан сўнг аёл эрига фақат яхшиликни раво кўришини, орзуси у билан жаннатда бирга бўлиш эканини таъкидлаши лозим. Ана ундан сўнг ниҳоят даражада ҳикмат ва латофат билан, эрига оғир ботадиган дағал ва кескин иборалардан четланган ҳолда танбиҳ ёхуд насиҳатини айтиши мақсадга мувофиқдир.

15. Эрингиз то тўғри йўлга қайтмагунча унга амри маъруф ва наҳий мункар қилишдан тўхтаманг ва бу йўлда сабр қилинг. Уринишларингиз фойда беравермаса, умидсизликка тушманг, йўлнинг ярмида тўхтаб қолманг. Аксинча, унга тинимсиз насиҳат улашишда давом этинг, шояд Аллоҳ унинг қалбини юмшатса. Бир аёлнинг айтишича, у тўлиқ бир йил давомида ҳар куни эрини бомдод намозига уйғотади, эри бўлса, унга қулоқ солмайди, ҳатто баъзи ҳолатларда бу иши учун унга озор ҳам беради. Бироқ охир-оқибат, эри аёлининг гапига кириб, намоз ўқий бошлайди.

Зеро, инсон сабрла ҳаётда кўп нарсаларга эришиши мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Албатта, ғалаба сабр билан, кушойиш мусибат билан, машаққат эса енгиллик билан биргадир» [Аҳмад (2804) ривояти, Албоний «Ас-саҳиҳа»да (2382) саҳиҳ деган]. Сабр кўзланган мақсадга етиш учун энг муносиб воситадир. Сабр деганда фақат машаққатларга бардош бериш дегани эмас, балки у шундай сабрки, унда инсон ўз ҳолидан одамларга шикоят қилмайди, қисматидан ўкинмайди, тақдирига рози бўлади, сабр эвазига бериладиган Аллоҳнинг ҳузуридаги ажр-савобга кўз тикади ва унинг дунёдаги неъматлардан кўра яхшироқ ва боқий эканига ишонади, борди-ю, шикоят қилса-да, мусибатни берган Аллоҳнинг Ўзига шикоят қилади.

16. Эрингизни тўғри йўлга солиш учун режалар тузинг, бу борада қўллаётган услуб ва воситаларни мудом янгилаб боринг. Иложи бўлса, эрингиз учун алоҳида кичик бир дафтар тутиб, унга эрингизни тўғри йўлга солиш ҳақида пайдо бўлган фикр-мулоҳазаларингизни ёзиб қўйинг.

17. Эрингиздаги хато-камчиликларга мос турли маърузаларни унга эшиттиринг.

18. Агар эрингизни бирон фикрга қониқтирмоқчи бўлсангиз, эрингиз гапига қулоқ соладиган ва яхши кўрадиган ўртоқлари ёки қариндошларидан бирига рўпара қилишингиз ҳам мумкин. Бироқ сиз эрингизга насиҳат қилишини хоҳлаган кишиларингиз дину диёнатли ва тажрибали кишилар бўлсин. Шуни ҳам унутмангки, бу иш имкон қадар табиий тарзда, эрингизнинг ғурурини топтамайдиган равишда амалга ошиши лозим. Айтайлик, сиз бунинг учун муносиб вақт пойлаб, эрингизга лутф ила: «фалон ўртоғингиз (ёки фалон амакингиз, тоғангиз ва ҳоказо) билан шу ишингиз ҳақида бир маслаҳат қилсангиз бўларди» дея таклиф қилишингиз мумкин.

19. Эрингизга у қўл урган гуноҳ ишлар (зино, номаҳрамларга қараш, ароқ ичиш ва ҳоказо) ёхуд бепарво бўлган фарз амалларга оид оят ва ҳадислар таржималаридан эшиттиринг.

20. Ётоқхонангиз деворига чиройли ёзув ва порлоқ рангларда тоат-ибодат мавсумларини ёки эрингиз қилиб юрган гуноҳ ишларнинг жазосини эслатувчи ёзувлар илиб қўйинг. Шундай қилиб, эрингизга таъсир ўтказиш йўлидаги изланишларда давом этаверинг: янги-янги услублар ихтиро қилинг, режалар тузишдан чарчаманг!

21. Эрингизнинг хато-камчиликларига оид уламоларнинг фатволари ва фикрларини турли йўллар билан унга етказишга ҳаракат қилинг. Масалан, бу каби фатво ва фикрларни унинг қўл телефонига йўллаб қўйишингиз ёки уларни эрингиз кузатиб борадиган ўзингизнинг ижтимоий алоқа тармоқларидаги саҳифаларингиз орқали ҳам йўллашингиз мумкин.

Эр билан муомала қилишга оид турли китоблар ўқиб, маърузалар эшитиб турмуш ўртоғингиз билан муомала қилиш маданиятингиз ва маҳоратингизни муттасил ошириб боринг. Бу сиздаги эрингизни тўғри йўлга солиш қатъиятини янада кучайишига ёрдам беради, иншааллоҳ.

22. Ундан ташқари илмли ва тақволи инсонлардан ёрдам сўранг, улардан эрингизга насиҳат қилишларини, уни ўзларининг давраларига тортишларини илтимос қилинг. Зеро, улардаги илм сабабидан эрингиздаги шубҳалар йўқолади, улардаги тақво сабаб эрингиздаги гуноҳ ишларга бўлган шаҳват барҳам топади. Шундай қилиб, шайтоннинг инсон нафсига кириб борадиган икки эшиги: шубҳа ва шаҳват эшиклари беркилади. Чунки адашган инсон борки, мазкур икки жиҳатдан шайтоннинг ўлжасига айланади. Шайтон кимнидир қалбига шубҳалар солиб йўлдан оздирса, кимнидир нафс шаҳватига қул қилиб хору зор қилади.

Аёл киши эрини ислоҳ қилиш мақсадида солиҳ қариндош ёки бегона бўлса-да, омонатдор ва насиҳатгўй инсонлардан ёрдам сўрашининг зиёни йўқ.

23. Эрингиздаги салбий хатти-ҳаракатларни ўнглаш учун аввало ундаги ижобий томонларни қадрига етинг. Эрингиз ўзига ишонч ҳосил қилишида унга ёрдам беринг. Бунинг учун эрингизнинг чиройли хислатларини айтиб, мақтанг, турмуш қурганингиздан буён ёки ундан олдин қўлга киритган муваффақиятларини бот-бот эслатиб туринг. Эрингиздаги қобилият ва иқтидорларни кашф қилишга ҳаракат қилинг. Негаки, кўпчилик инсонлар ўзларидаги қобилиятлардан бехабар бўлишади, бу қобилиятлар юза чиқиши, ўз самарасини бериши учун кимдир уларга эслатиши лозим бўлади. Салбий хислатларга қарши курашда эрингизга елкадош бўлинг, бу хислатларни муҳокама ва муолажа қилишда қўлингиздан келганини аяманг. Чунки сиз унга энг яқин инсонсиз. Эрингизга насиҳат қилар экансиз, чиройли ва юмшоқ оҳангда насиҳат қилишни унутманг.

24. Шундай йўл тутингки, эрингиз сизни ўзининг энг яқин шогирдидек, сизни ундан нималарнидир ўрганишга интилаётгандек ҳис қилсин. Эрингиздан баъзи диний масалалар ҳақида сўраб туринг, у билан бу масалаларни муҳокама қилинг. Бу аснода ўзингизни худди устоз олдида ўтирган шогирддек тутинг. Бундай қилишингиз албатта уни изланишга, саволларингизга тўғри жавоблар топишга ундайди. Шунингдек, бу эрингизни қувонтиради, динни ўрганишга бўлган ҳимматини оширади. Шу тариқа сиз эрингизнинг илм ўрганишига ёрдам берган, аста-секин бўш вақтларини гуноҳ ишлар қилиш ўрнига фойдали илм ўрганишга сарфлашга ўргатган бўласиз.

25. Эрингизга ваъз-насиҳат қилишни асло тарк қилманг. Зеро, мухлис қалбдан чиққан ваъз ножўя ишларнинг барҳам топишига катта таъсир кўрсатади. Сиз унга меҳр-муҳаббат билан сипқорилган оҳангда «Азизим, Аллоҳдан қўрқинг. Бу иш ҳаром ва зарарлидир. Бу иш сизга ҳам, фарзандларингизга ҳам, уйингиз ва оилангизга ҳам зиён келтиради», дея олинг.

Эрингизга билвосита жаннат ва дўзахни, Аллоҳга йўлиқишни, ҳисоб-китоб, охиратдаги жазо ва мукофотлар, қабр ва ундаги ҳолатлар ва шунга ўхшаш нарсаларни эслатадиган маърузаларни эшиттиришга ҳаракат қилинг. Чунки охиратни эслаш, охиратдаги солиҳлар учун бериладиган мукофотлар, осийлар учун белгиланган азоб-уқубатларни эслаш инсонни гуноҳ ишлардан тилишига ёрдам берадиган энг муҳим омиллардан биридир.

Эрингизнинг иймонини кучайтиришга ҳаракат қилинг. Бунинг учун уни солиҳ амаллар қилишига, нобоп амаллардан четланишига ёрдам беринг. Зеро, кучли иймон инсоннинг мункар ва ножўя ишларга қўл уришдан тийиб туради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Иймон қатл (ёхуд нафс ундаган жиноятлар ва умуман шариатга хилоф ишлар)дан тиювчидир» [Абу Довуд (2771), Албоний «Саҳиҳул жомеъ»да (2802) саҳиҳ деган].

26. Эрингизнинг ҳолатидан хабардор бўлиш, унинг ножўя ишларини билиш учун жосуслик йўлини танламанг, яширинча уни кузатманг. Унинг сизга махфий жиҳатларини ўзига қўйиб беринг, токи бу ишингиз уни янада гуноҳга ботишига, бундан кейин ножўя ишларини сиздан яшириб қилишига сабабчи бўлиб қолмасин, оқибатда уни ислоҳ қилиш, тўғри йўлга солиш имконсиз бўлиб қолмасин.

27. Ва ниҳоят, солиҳа аёл эрини ислоҳ қилишдек муҳим ва улуғ вазифасини адо этиш учун мудом Аллоҳдан мадад ва тавфиқ сўраши лозим. Бунинг учун дуолар мустажоб бўладиган муносиб вақтларни ихтиёр этиб, Аллоҳдан эрига рушду ҳидоят ато этишини, унинг қалбига ҳақ нурини солишини ёлвориб сўраши керак.

Зеро, дуо энг кучли ва улуғ сабаб ва воситалардан биридир. Сиз мусибатларга кушойиш берувчи, эҳтиёжларни қондирувчи, бандаларининг қалби икки бармоғининг орасида бўлган, уларни истаган томонига буриб қўядиган зотга юзланинг. Ундан ҳожат ва истакларингизни ялиниб-ёлвориб сўранг, тавба-тазарру ва кўз ёш билан Унинг «эшиги»да «ётиб» олинг. Дуоларингизни мустажоб қилишига аниқ ишонч билан кеча-ю кундуз, ўтирганда ҳам, турганда ҳам, саждаларингизда ҳам эр-хотин икковингизни яхшиликда ҳамкор қилишини, эрингизнинг қалбини ҳаққа буриб қўйишини, бир-бирингизни кўрганингизда қувонадиган қилиб қўйишини, эрингизнинг иймонини зиёда қилишини, шайтонини ноумид қилишини, унга ҳалоллик, иффат, қаноат ва тақво ато этишини, уни инсу жин шайтонларидан асрашини сўрашни канда қилманг.

Шунингдек, имкониятингиз доирасида Аллоҳ йўлида садақалар қилинг. Зеро, садақа сизларга Аллоҳнинг ризоси, сатри, кенг раҳмати ва баракоти ёғилишига сабаб бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган ушбу гапларини мудом ёдда тутинг: «…Аллоҳ кечаси уйқусидан уйғониб, намоз ўқиган, сўнг эрини ҳам уйғотган ва унинг ҳам намоз ўқишига сабабчи бўлган, агар эри уйғонавермаса, унинг юзига (оҳиста) сув сепиб уйғотган аёлга раҳматини ёғдирсин» [Абу Довуд (1310), Ибн Можа (1336), Ибн Ҳиббон (2567), Насоий (1300), Аҳмад (7410) ривояти. Албоний «Саҳиҳут тарғиб ват-тарҳиб»да (625) ҳасан деган].

Сўзимиз охирида Аллоҳ таолодан барча осий ва нобоп эрларга рушду ҳидоят беришини, эрларининг тоат-ибодатга кириши билан солиҳа аёлларни қувонтиришини, уларни охиратда фирдавс жаннатларида бахтиёр жуфтлар қилишини сўраб қоламиз. Амийн.

Фатвони тайёрлашда islamway интернет саҳифаси маълумотларидан фойдаланилди.

Discussion1 комментарий

Изоҳ қолдиринг