Никоҳ: Никоҳ шартномасининг дуруст бўлишига таъсир қилиб, уни ботил қиладиган бузуқ шартлар

0

Учинчидан: никоҳ шартномасининг дуруст бўлишига таъсир қилиб, уни ботил қиладиган бузуқ шартлар

Бундай шартларга мисоллар:

1. Агар куёв никоҳда келинга маҳр бермасликни шарт қилса, шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ рожиҳ деб билган фикрга кўра бундай никоҳ ботил бўлади. Бироқ куёв никоҳда маҳр белгиламаган бўлса, никоҳ ботил бўлмайди. Негаки, маҳр бермасликни шарт қилиш билан маҳр белгиламаслик ўртасида фарқ бор. Мазкур масалани олдинги мақолаларимизда айтиб ўтган эдик.

2. Шиғор никоҳи:

Шиғор никоҳи дегани икки инсондан ҳар бири иккинчисига қарамоғидаги аёлни маҳрсиз турмушга бериши шарт қилинган никоҳдир. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шиғор (никоҳи)дан қайтарганлар»[1]. Бу никоҳ жоҳилият давридаги никоҳ турларидан биридир. Унга кўра бир инсон бошқа бирига ўз қизи ёки синглисини турмушга берар экан, у ҳам қизи ёки синглисини бунга турмушга беришини шарт қилади. Албатта, бу шарт ва бундай шартни ўз ичига олган шартнома ботилдир. Бироқ ҳар икки томон аёлга маҳр белгиласа, аёл ўз ихтиёри билан никоҳга рози бўлса ва келин-куёв бир-бирига тенг бўлса, бундай никоҳ албатта дурустдир.

Баъзи уламоларнинг фикрича, бундай никоҳ гарчи маҳр белгиланган бўлса ҳам дуруст эмас. Улар бунга қуйидаги асарни далил қилишган. Унда келишича, Аббос ибн Абдуллоҳ ибн Аббос билан Абдураҳмон ибн Ҳакам бир-бирларига қизларини турмушга беришади. Ҳар иккови аёлига маҳр белгилайдилар. Шунда Муовия Марвонга мактуб йўллаб, улар ўртасидаги никоҳларни бузишга буюради. У мактубида жумладан шундай дейди: «Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтарган шиғор (никоҳи)дир»[2].

3. Ҳалоллаш шарти билан қилинган никоҳ:

Аёлни биринчи эрига ҳалоллаб бериш шарти ҳам ва шу шарт билан қилинган никоҳ ҳам ботилдир. Бундай никоҳда эркак аёлнинг биринчи эри қайтиб олиши учун унга жинсий яқинлик қилиб, сўнг талоқ қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аллоҳ таоло (уч бор талоқ қилинган аёлни эрига) ҳалоллаб берувчини ҳам, ҳалоллаб беришни сўраган (собиқ эр)ни ҳам лаънатлади»[3]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уч бор талоқ қилинган аёлни эрига ҳалоллаб бермоқчи бўлган эркакни «(Эчкини қочириш учун) ёлланган така»[4] деб номлаганлар.

Агар инсон уч бор талоқ қилинган аёлни ҳалол қилиш учун уйланса, шу билан биринчи эрига ҳалол бўладими, йўқми?

Жавоб: бу билан аёл биринчи эрига ҳалол бўлиб қолмайди. Бу борада эр-хотиндан ҳар иккиси ҳалол қилишни ният қиладими ёки фақат буни (ҳалолловчи) эр ният қиладими, фарқи йўқ. Аммо фақат аёл ҳалолланишни ният қилса, бунда уламолар ихтилоф қилишган. Менинг наздимдаги рожиҳ фикрга кўра, мазкур ҳолатда ҳам аёл биринчи эрига ҳалол бўлмайди. Қуйидаги асар шунга далолат қилади. Нофеъ айтади: «Бир киши Ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг олдига келиб, ундан бир киши хотинини уч бор талоқ қилгани, кейин у билан келишмаган ҳолда бир биродари эрига ҳалол бўлсин деб аёлга уйлангани, энди бу аёл биринчи эрига ҳалол бўлиш-бўлишмаслиги ҳақида сўради? Ибн Умар айтди: «Йўқ, чинакам оила қуриш истаги билан никоҳ қилган бўлсагина ҳалол бўлади. Биз буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида зино деб билар эдик»[5].

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтади: «Ҳузуримга келтирилган (уч талоқ қилинган аёлни собиқ эрига) ҳалолловчи эркак ёки (собиқ эрига) ҳалолланувчи аёл борки, албатта, иккисини тошбўрон қиламан»[6].

4. Мутъа никоҳи:

Мутъа никоҳи деганда эркак ва аёлнинг маълум миқдор маблағ эвазига маълум муддатга қадар турмуш қуриши назарда тутилади. Аёлга бериладиган нарса нақд пул, озиқ-овқат ёки кийим-кечак ва ҳоказо нарсалар бўлиши, шунингдек, турмуш қуриш учун белгиланган муддат бир ёки икки кун, бир ой, бир йил ёки ундан ҳам кўпроқ ёхуд камроқ муддат бўлиши мумкин. Агар келишилган муддат ниҳоясига етса, эр-хотин ҳеч қандай талоқсиз ажралиб кетаверадилар. Шунингдек, мутъа никоҳи сабабли эр-хотин ўртасида ўзаро мерос олиш ҳуқуқи собит бўлмайди.

Шариатда қарор топган энг охирги ҳукмга кўра, мутъа никоҳи ҳаромдир. Негаки, мутъа никоҳи дастлаб ҳалол қилинган, сўнг Хайбар ғазотида ҳаром қилинган, сўнг Автос жангида ҳалол қилинган ва охир-оқибат ҳаром қилинган эди.

Мавзуга оид мулоҳазалар:

(1) Баъзи саҳобалардан мутъа никоҳи жоизлиги тўғрисида ривоятлар келган. Бу саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мутъа никоҳидан қайтарганликларини, энг сўнг бу никоҳ ҳаром қилинганидан бехабар қолган бўлишлари мумкин.

(2) Агар бирон эркак ва аёл мутъа никоҳига кўра турмуш қуришса, улар ўртасини ажратиш вожиб бўлади.

(3) Агар бир инсон шартлашмасдан дилида мутъа никоҳини ният қилса (масалан, аёлга бир ой муддатга ёки ўша шаҳарда қолиш муддатича уйланишни ният қилса), бунинг ҳукми нима бўлади?

Уламолар бундай никоҳ ҳукмида ихтилофлашганлар:

  1. Бир гуруҳ уламолар бундай никоҳни ҳаром деб биладилар. Чунки у мутъа никоҳига ўхшайди, унинг ҳукми никоҳда шарт қилмаган ҳолда дилида аёлни собиқ эрига ҳалоллашни ният қилган кишининг ҳукми билан баробар.

  2. Бошқа бир гуруҳ уламоларнинг фикрича, бундай никоҳ дурустдир, чунки уни мутъа никоҳига қиёслаб бўлмайди. Зеро, бу никоҳда эр-хотин ўртасидаги никоҳ давом этиб кетиши ҳам мумкин, мутъа никоҳи эса белгиланган муддат тугаши билан ўз-ўзидан бекор бўлади.

Шайх Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ айтади: «Менинг фикримча, бу мутъа никоҳига кирмайди, бироқ у бошқа жиҳатдан ҳаромдир. У ҳам бўлса, эр бундай нияти билан хотин ва унинг валийсига хиёнат қилган саналади. Чунки аёл ва унинг валийси эрнинг бу ниятини билишса, никоҳга рози бўлишмайди. Агар эркак дилидаги ниятини никоҳда шарт қилса, унда мутъа никоҳига айланади. Бинобарин, бу турли никоҳни мутъа никоҳи бўлгани учун эмас, балки ундаги хиёнат сабабли ҳаром деймиз…

Биз ихтиёр қилган иккинчи фикрга кўра, никоҳ дуруст бўлса-да, эр фирибгарлиги сабаб гуноҳкор бўлади»[7].

Эслатма: жоҳилият даврида никоҳ қандай бўлган?

Урвадан ривоят қилинади. «Унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари Ойша розияллоҳу анҳо айтиб беришича, жоҳилият давридаги никоҳлар тўрт хил бўлган. Улардан бири бугунги кундаги никоҳларга ўхшаш бўлган никоҳ; бир эркак бошқа бирининг ҳузурига қарамоғидаги аёлни ёки қизини сўраб борар эди. Аёлнинг маҳрини бериб, сўнг уни никоҳига олар эди. бошқа бир никоҳ борки, унга кўра эр ҳайздан пок бўлган аёлига: «Фалончининг олдига бориб, у билан жинсий яқинлик қил», дер эди. Шундан сўнг эр аёлидан четланар, то жинсий яқинлик қилган эркакдан ҳомиладорлиги аниқ бўлмагунча унга яқинлик қилмас эди. Ҳомиладорлиги аниқ бўлгач, истаса яқинлик қиларди. Эр зеҳн-заковотли фарзанд орттириш учун шундай қиларди. Бу никоҳ «истибзоъ» никоҳи деб аталарди.

Яна бошқа бир никоҳ ҳам бор эдики, унда ўнтадан ошмаган эркаклар бир аёлнинг уйига кириб, барчалари у билан жинсий яқинлик қилишарди. Аёл ҳомиладор бўлиб, боласини туғиб, орадан бир неча кун ўтгач, унга яқинлик қилганларга чопар юборарди. Эркаклардан биронтаси бу чақириқдан бош тортмай, албатта унинг ҳузурида тўпланишар эди. Аёл тўпланганларга қарата: “Нима иш қилганингиз барчангизга маълум. Мана мен фарзанд кўрдим”, дер ва: “Эй фалончи, бу сенинг ўғлинг”, дея ҳозир бўлганлардан ўзига ёққаннинг исмини тилга оларди. Шундай қилиб, бола унга нисбат берилар, ҳеч ким бундан бош тортолмас эди.

Тўртинчи тур никоҳ ҳам бор эди. Унга кўра кўп одамлар йиғилиб, бир аёлнинг уйига киришар ва у келган одамни қайтармас эди. Улар фоҳиша аёллар бўлиб, эшикларига белги сифатида муайян байроқлар тикиб қўйишар, ким уларга яқинлик қилишни хоҳласа кириб келаверарди. Бундай аёллардан бири ҳомиладор бўлиб, боласини туғса, одамлар йиғилиб, қофийларни[8] чақиришар ва болани улар айтган кишига нисбат беришарди. Шундай қилиб бола қофийлар аниқлаган кишига тиркалар ва “фалончининг ўғли” деб унинг номи билан чақирилар эди. Ота бўлмиш киши ҳам бундан бўйин товламас эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақ билан пайғамбар қилиб юборилгач, жоҳилият давридаги барча никоҳларни бекор қилдилар. Бундан ҳозирги кунда одамлар ўртасида жорий бўлган никоҳ мустаснодир»[9].

Жоҳилият никоҳларидан яна бири шиғор никоҳидир. Бу никоҳнинг таърифи юқорида зикр қилинди.

[1] Бухорий (6960), Муслим (1415), Абу Довуд (2074), Насоий (6/112) ривояти.
[2] Ҳасан. Абу Довуд (2075), Аҳмад (4/94) ривояти.
[3] Саҳиҳ: Абу Довуд (2076), Термизий (1119), Ибн Можа (1935) ривояти. Албоний «Саҳиҳул жомеъ»да (5101) саҳиҳ деган.
[4] Ҳасан. Ибн Можа (1936), Ҳоким (2/217), Табароний «Кабир»да (17/299) ривояти. Албоний «Саҳиҳул жомеъ»да (2596) ҳасан деган.
[5] Саҳиҳ. Ҳоким (2/199), Байҳақий (7/208) ривояти. Ҳадисни Ҳоким саҳиҳ деган, Заҳабий ҳокимнинг саҳиҳ деган фикрини маъқуллаган.
[6] Саҳиҳ. Абдураззоқ (6/265), Саид ибн Мансур (1992) ривоят қилишган.
[7] «Аш-шарҳул мумтеъ» (5/248).
[8] Қофий – из ва аломатларга қараб тахмин қиладиган, одамлар ўртасидаги ўхшашликларга қараб уларнинг насабини аниқлаш қобилиятига эга инсон.
[9] Бухорий (5127), Абу Довуд (2272) ривояти.

Изоҳ қолдиринг