Энг афзал маҳр қанча?

0

Савол:

Али розияллоҳу анҳу Фотима розияллоҳу анҳога тўрт юз дирҳам маҳр берган эканлар. Мен шу миқдор маҳрнинг энг афзал миқдори деб эшитдим. Саволим шуки, тўрт юз дирҳам қанчага тўғри келади?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;
Али розияллоҳу анҳу Фотима розияллоҳу анҳога уйланганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам маҳр бериши кераклигини айтганлар. Али розияллоҳу анҳу ҳеч вақоси йўқ эканини айтганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “ҳутомийя” деган совутини сотиб, пулини маҳрга беришини айтганлар Абу Довуд (2118), Насоий (3376) ҳамда Ибн Ҳиббон (6945) ривояти). Ривоятларда айтилишича, ушбу совут тўрт юз дирҳамга сотилган, баъзи ривоятларда эса тўрт юз саксон дирҳамга сотилгани айтилган.

Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёлларга берган ёки қизларига белгилаган маҳрлари ҳақида шундай дейди: “Аёлларга маҳр беришда ҳаддан ошманглар. Агар маҳр дунёда инсоннинг ҳурмати ёки Аллоҳнинг ҳузурида тақво бўлганида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўп маҳр беришга энг ҳақли зот бўлардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёлларидан биронтаси ёки бирон бир қизлари ўн икки уқиядан ортиқ маҳр олмаган” (Ибн Можа (1877) ривояти). Ўн икки уқия 480 дирҳамга тўғри келади. Шунингдек, Абу Салама Ойша розияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қанча маҳр берганликлари ҳақида сўраган. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хотинларига берган маҳри ўн икки уқия ва “наш”дан иборат эди”, – деб жавоб беради Ойша розияллоҳу анҳо, – Наш нималигини биласанми? – Йўқ, дейди Абу Салама. Ойша розияллоҳу анҳо айтади: “Наш ярим уқия. Ҳаммаси бўлиб беш юз дирҳам. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хотинларига берган маҳридир” (Муслим (1426), Абу Довуд (2105), Насоий (6/116), Ибн Можа (1886) ривояти).

Умуман олганда камроқ маҳр белгилаш мустаҳаб. Шундай бўлса-да, мазкур ривоятларга асосан, уламоларимиз имконияти бўлган инсон 480-500 дирҳам маҳр беришини афзал дейишган. Бир дирҳам 3,12 грамм кумушга тенг. Шунга кўра, имконияти борлар учун энг афзал маҳр 1497-1560 грамм кумушдир. Кумушнинг нархи эса кунлик баҳосига қараб ўзгариб туради. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, инсон ўз қудратидан ортиқ маҳр белгилаши макруҳ бўлиши билан бир қаторда келгусида оила тотув бўлмаслиги ва ўртада турли хил келишмовчиликлар чиқишига сабаб бўлади, валлоҳу аълам.

Маҳр ҳақида батафсил маълумот олиш учун “Маҳрнинг энг ози ва энг кўпи ҳамда камроқ маҳр белгилаш мустаҳаблиги” номли мақолага мурожаат қилинг.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг