Усмон розияллоҳу анҳу: Шомдаги фатҳлар

0

Ҳабиб ибн Маслама Феҳрий бошчилигидаги фатҳлар

Юқорида айтиб ўтилганидек, Усмон ибн Аффон халифалигининг илк даврида Рум давлати Шом диёрига катта қўшин тортиб келганди. Шунда Усмон розияллоҳу анҳу Кўфадаги волийси Валид ибн Уқбага фармон йўллаб, Шомдаги биродарларига мадад юборишини буюрди. У уларга Салмон ибн Рабеа Боҳилий бошчилигида саккиз минг аскар юборди. Мусулмонлар Рум ерида душманларга қарши ғазот олиб бориб, улар устидан зафар қозондилар, кўплаб асирларга ва ўлжаларга эга бўлдилар.

Шомдан Арманистонга ғазот бошлаган Шом мусулмонлари қўшинига қарши урушиш учун  рум ва турк қўшинларидан иборат ҳарбий иттифоқ ташкил этилди. Мусулмонлар қўшини қўмондони Ҳабиб ибн Маслама моҳир қўмондон ва кучли стратег эди, у душман қўшини қўмондони Мавриянни доғда қолдириб, тунда ҳужум уюштиришга қарор қилди. Аёли Умму Абдуллоҳ бинти Язид унинг бу ҳақдаги режасини эшитиб: “Сиз билан қаерда учрашамиз?”, деб сўраган эди, у: “Маврияннинг чодирида ё эса жаннатда”, деб жавоб берди. Сўнг тунда ҳужум уюштириб, душманни мағлуб этди. Маврияннинг чодирига келса, аёли ундан олдин келиб турган экан.[1] Ҳабиб Арманистон ва Озарбайжон ерларида жиҳодини давом эттириб, бирин-кетин зафарларни қўлга киритди, сулҳ ё ғалабаларга эришди.

Ҳабиб ибн Маслама Феҳрий Византия Арманистонида уруш олиб борган энг шавкатли лашкарбошилардан бўлди. У ўз қўшинлари билан душманлар қўшинларига қирон келтирди, кўплаб қалъа ва шаҳарларни фатҳ этди. Ироқ-Рум чегара минтақаларида Шамшот, Малатя ва бошқа бир неча қалъаларни фатҳ қилди. Ҳижрий 25 йили Муовия Румга ғазот қилганида Амуриягача етиб борди. Ўшанда у Антокия ва Тарсус оралиғидаги бир неча қалъаларни ҳимоядан холи эканини кўриб, уларда Шом ва Жазира аҳлидан бир неча гуруҳларни қолдирди. Келгуси йили унинг қўмондони Қайс ибн Ҳур Абасий ёзги юришларни давом эттирди ва қайтишида Антокияга яқин бўлган баъзи қалъаларни румликлар улардан фойдалана олмасликлари учун буздириб ташлади [2].

Усмон ибн Аффоннинг ҳарбий денгиз флоти тузишга фармон бериши

Муовия розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳудан денгизда жанг олиб боришга рухсат сўраб, бир неча марта мурожаат қилган, Румнинг Ҳимсга жуда яқинлигини, румликларнинг итлари ҳуриши ва хўрозлари қичқириғи Ҳимс қишлоқларига бемалол эшитилишини айтиб, румликлар хатаридан огоҳлантириб мактублар йўллаганди. Умар розияллоҳу анҳу унинг огоҳлантиришларидан хавотирга тушиб, Амр ибн Ос розияллоҳу анҳуга: “Менга денгиз ва кемалар ҳақида маълумот бер, бу ҳақда бир қарорга келишим қийин бўляпти”, деб ёзиб юборди. Амр унга шундай жавоб йўллади: “Мен кўзим кўрган нарсани айтаман: улкан мавжудотга митти мавжудотлар миниб олган, лапанглаб туриши юракни қинидан чиқараман дейди, ҳаракатланиши ақлдан оздиргудек бўлади, унга минганларда тирик қолишга ишонч камайиб, шак-шубҳа ортади, ундагилар ёғочга ёпишган қуртдек, оғиб кетса ғарқ бўлади, нажот топса шод бўлади”. Умар ибн Хаттоб Амр ибн Оснинг мактубини ўқиганидан сўнг Муовияга: “Йўқ! Муҳаммадни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, мен унга биронта ҳам мусулмон минишини истамайман. Аллоҳга қасамки, битта мусулмон мен учун бутун Рум аҳлидан кўра суюмлироқ. Менга қарши чиқа кўрма!”, деб ёзиб юборди. Шу билан Муовия Умар ибн Хаттобга бу ҳақда қайтиб мурожаат қилмади, бироқ бу фикр унинг фикри-зикрини банд қилиб келарди. Усмон розияллоҳу анҳу халифа бўлгач, Муовия розияллоҳу анҳу унга ҳам шу ҳақда мактуб ёзиб, мурожаат қилди. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу: “Сенинг Умар раҳимаҳуллоҳдан денгизда жанг қилишга рухсат сўраб ёзган мактубинг келганида мен унинг олдида эдим, мен ҳам сенга айни шу жавобни бераман”, деб жавоб йўллади. Кейин ҳам Муовия Усмонга шу ҳақда бир неча бор мурожаат қилиб, уни Қибрисга кемага миниб боришнинг у қадар хатарли иш эмаслигига ишонтиргач, Усмон ибн Аффон унга шундай жавоб ёзиб юборди: “Агар аёлинг ҳам сен билан бирга кемага минса, майли, сенга изн бераман, акс ҳолда рухсат йўқ”. Усмон розияллоҳу анҳу унга яна қуйидагиларни шарт қилди: “Одамларни танлаб олма, улар ўртасида қуръа ташлама, ўз ихтиёрларига қўй, ким ўз ихтиёри билан чиқмоқчи бўлса, ўзинг билан ол ва унга ёрдам кўрсат!”[3]. Муовия халифа Усмоннинг мактубини ўқигач, денгиз орқали Қибрисга йўл олишга тайёргарлик ишларини бошлаб юборди. Соҳиллар аҳлига мактуб йўллаб, уларни кемаларни тузатиш ва Акка қалъаси соҳили яқинига келтиришга буюрди. Мусулмонлар Қибрис жангига айни шу соҳилдан йўл оладиган бўлдилар[4].

Қибрис (Кипр) ғазоти

Муовия розияллоҳу анҳу Қибрис (Кипр) ғазотига аскарларни элтувчи кўп сонли кемаларни керакли даражада ҳозирлади ва Акка бандаргоҳини йўлга чиқиш жойи қилиб танлади. У хотини Фохита бинти Қаразани ҳам ўзи билан бирга олди. Шунингдек, Убода ибн Сомит ҳам ушбу ғазотда аёли Умму Ҳаром бинти Милҳонни ўзи билан бирга олган эди. Умму Ҳаром Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ваъдаларига мушарраф бўлган ўша машҳур саҳобия эди. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу бу ҳақда шундай ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (насаб ё эмикдошлик жиҳатидан холалари) Умму Ҳаром бинти Милҳоннинг уйига кириб, у ҳозирлаган егуликлардан тановул қилиб турар эдилар. Умму Ҳаром Убода ибн Сомитнинг никоҳида эди. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг уйига кириб овқатландилар, сўнг ёнбошлаб, кўзлари уйқуга кетди. Умму Ҳаром у зотнинг сочларини кўздан кечириб ўтирди. Шу аснода Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйғониб, кулдилар.  Умму Ҳаром: “Нега куляпсиз, ё Расулуллоҳ?”, деб сўраган эди: “Тушимда Аллоҳ йўлида ғазот учун кетаётган бир гуруҳ умматимни кўрдим. Улар тахтда ўтирган подшоҳлар мисол денгиз бағрида кемаларда сузиб бораётган эканлар”, дедилар. Умму Ҳаром айтади: Шунда мен: “Ё Расулуллоҳ, дуо қилинг, Аллоҳ мени ўшалардан қилсин”, деган эдим, у зот менинг ҳаққимга дуо қилдилар. Кейин яна бошларини қўйиб, ухлаб қолдилар. Сўнг яна уйғониб, кулдилар. Мен: “Нега куляпсиз, ё Расулуллоҳ?” деб сўраган эдим: “Тушимда Аллоҳ йўлида ғазот учун кетаётган бир гуруҳ умматимни кўрдим…” деб аввал айтганларидек сўзларни айтдилар. Мен яна: “Ё Расулуллоҳ, дуо қилинг, Аллоҳ мени ўшалардан қилсин”, деган эдим, “Сиз аввалгилардансиз”, дедилар. Умму Ҳаром бинти Милҳон Муовия волийлиги даврида денгизда кемага миниб, (Қибрисга ўтди ва) денгиздан чиққач, уловга миниб бораётганида хачирдан йиқилиб, вафот этди[5].

Муовия розияллоҳу анҳу ҳеч кимни ушбу денгиз жангига чиқишга мажбурламаганига қарамай, жуда кўп мусулмонлар ихтиёрий равишда у билан чиқдилар. Бу эса мусулмонлар учун дунё барча эшикларини кенг очганига ва улар ноз-неъматларга ғарқ бўлиб яшаётганларига қарамай, улар наздида дунё бутун борлиғи билан жуда арзимас нарсага айланиб қолганини ва улар унга бутунлай эътиборсиз қарашганини кўрсатади. Зеро, мусулмонлар Аллоҳнинг ҳузуридаги ажру савоблар яхшироқ ва боқийроқ, Аллоҳ уларни ўз динига нусрат беришлари учун, адолатни барпо қилишлари учун, фазилатни ёйишлари учун, Унинг динини бошқа барча нарсадан ғолиб қилишлари учун танлаб олган, деган қатъий ишонч устида тарбия топгандилар. Улар бу ишни ўзлари учун шарафли вазифа деб билишарди, Аллоҳ йўлидаги жиҳодни Аллоҳнинг розилигига эришиш йўли деб эътиқод қилишарди. Улар агар бу вазифамизда қосирлик қилсак ва зиммамиздаги вожибни адо этмасак, Аллоҳ таоло бу дунёда биздан ўз нусратини буриб қўяди ва охиратда ўз розилигидан маҳрум қилади, ҳақиқий зиён шу, деб ишонишарди. Шунинг учун ҳам улар Муовия билан бирга ўта хатарли ва илгари тажриба қилинмаган сафарга чиқишга иштиёқ билдирдилар ва кемага минишга ошиқдилар. Эҳтимолки, Умму Ҳаромнинг ҳикояси уларнинг хотираларидан ўчмаган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўша ҳадисдаги башоратларини амалга оширувчи уммат бўлиш иштиёқи уларни бу жангга чиқишга чорлаган эди. Бу воқеа ҳижрий 28 йили (649 мелодий) баҳор фаслининг бошларида бўлган эди. Ушбу жангда Абу Айюб Холид ибн Зайд Ансорий, Абу Дардо, Абу Зар Ғифорий, Убода ибн Сомит, Восила ибн Асқаъ, Абдуллоҳ ибн Бишр Мозиний, Шаддод ибн Авс ибн Собит, Миқдод ибн Асвад, Каъбул Аҳбор ибн Мотиъ, Жубайр ибн Нузайр Ҳазрамий каби улкан шахсиятлар Муовия розияллоҳу анҳу билан елкама-елка турдилар ва у улар билан бамаслаҳат жанг олиб борди. Улар дастлаб Қибрис аҳлига уларнинг юртларини истило қилиш учун келмаганларини, балки уларни Аллоҳнинг динига даъват қилиш учун, қолаверса Ислом  Давлатининг Шомдаги чегаралари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида келганларини билдириб элчи юбордилар. Сабаби, византияликлар ўз ҳарбий юришларида Қибрисни ўзлари учун тўхтаб, дам олиб ўтадиган ва қўшинлари учун озиқ-овқат ва бошқа зарурий нарсаларни жамғариб оладиган асосий бир қўнимгоҳга айлантириб олишганди. Мусулмонлар агар ушбу орол томонидан бехавотир бўлиб олмас эканлар ва унинг аҳолисини ўзларига бўйсундириб олмас эканлар, у уларнинг орқаларига санчилувчи тиғ ва юракларини нишонга олувчи ўқ бўлиб қолаверарди. Бироқ ушбу орол аҳолиси мусулмон ғозийларга таслим бўлгиси келмади ва уларга ўз диёрлари дарвозаларини очиб бермади. Аксинча, қалъаларини беркитиб олиб, мусулмонлар қаршисига урушга ҳам чиқмади. Орол аҳли румликлар уларнинг ҳимоясига келишини ва мусулмонлар ҳужумини даф қилишини кутиб ўтиришди[6].

Таслим бўлиб, сулҳ талаб қилишлари

Мусулмонлар Қибрис пойтахтига яқинлашиб, уни қамалга олдилар. Кўп ўтмай қибрисликлар сулҳ талаб қилишди ва мусулмонларга ўз шартларини эълон қилишди. Мусулмонлар ҳам уларга ўз шартларини эълон қилдилар. Қибрисликлар асосий шарт сифатида мусулмонлардан уларни румликлар қаршисида ноқулай аҳволга туширадиган шартларни шарт қилмасликларини талаб қилишди. Чунки уларнинг румликларга қарши чиқишга ва улар билан уруш олиб боришга етарли куч-қудратлари йўқ эди.

Мусулмонларнинг шартлари қуйидаги бандлардан иборат бўлди:

а) Агар орол аҳли ўзаро жанг олиб борса, мусулмонлар оролни ҳимоя қилмайди;

б) Орол аҳолиси мусулмонларни уларнинг душманлари бўлмиш румликларнинг ҳарбий ҳаракатларидан хабардор қилиб туришлари лозим;

в) Орол аҳолиси мусулмонларга ҳар йили 7200 (етти минг икки юз) динор тўлаб туради;

г) Мусулмонларнинг душманлар сари йўли улар устидан ўтади;

д)  Рум агар мусулмон ўлкаларга уруш қилмоқчи бўлса, орол аҳли румликларга ёрдам бермайди, мусулмонларнинг сир-асрорларидан уларни воқиф этмайди[7].

Шундан сўнг мусулмонлар Шомга қайтиб кетдилар. Бу юриш мусулмонларнинг денгиз жангларига ҳам бемалол кира олишларини исботлади ва келгусида юз бериши кутилаётган катта денгиз юришлари учун чиниқиш вазифасини ўтади.

[1] “Тарихи Табарий” (5/248).
[2] “Ад-давлатул исломия фий асрил хулафоир рошидийн” (253-бет).
[3] “Тарихи Табарий” (5/260).
[4] “Ал-идоратул аскария фид-давлатил усмония” (2/538).
[5] Бухорий (2877).
[6] “Жавла тарихия фи асрил хулафоир рошидийн” (357-бет).
[7] “Тарихи Табарий” (5/261).

Изоҳ қолдиринг