Мусофир юртда суннат намозлари ўқилмайдими?

0

Савол:

Айримлар мусофир юртда суннат намозлари ўқилмайди, фақат фарз ўқилади, дейишади. Шу гап тўғрими?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;
Биринчидан:
Бу гап нотўғри. Инсон қаерда бўлишидан қатъий назар, муқим турар экан, фарз билан бирга суннатларни ҳам ўқийди. Балки бу гапни айтаётганлар уламоларнинг “сафарда суннатлар ўқилмайди”, деган гапларини нотўғри тушунган бўлиши мумкин. Инсон сафар асносида намозларини қаср ўқир экан, суннатларни ўқимайди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарда суннатларни ўқимаганлар.

Иккинчидан:
Бу дегани сафарда умуман нафл ўқиш ман қилинади, дегани эмас. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарда ротиба суннатларни ўқимаган бўлсалар ҳам, доим нафл ўқиб юрганлар.

Учинчидан:
Инсон мусофир бўлиши учун хорижда бўлиши шарт эмас. Баъзан ўз юртида бўлса ҳам, узоқроқ масофага сафарга чиқса мусофир саналади. Шунингдек, хорижда юрган инсон доим ҳам мусофир бўлавермайди. Чунки хорижда муқим туриб яшаётган, ишлаётган қанча-қанча инсонлар бор. Улар мусофир саналмайдилар, валлоҳу аълам. Инсон қай ҳолатларда мусофир саналиши ҳақида батафсил маълумот олиш учун “Қаср намози ҳақида” номли фатвога мурожаат қилинг.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг