Таҳорат: Таҳоратнинг фарзлари

0

Таҳоратнинг фарзлари

Таҳоратнинг фарз ва суннатлари бор. Таҳоратнинг фарзи қолиб кетса, таҳорат дуруст бўлмайди. Таҳоратдаги айрим амалларнинг фарзлигига уламолар иттифоқ қилишган бўлса, баъзиларининг фарзлиги тўғрисида ихтилоф қилишган. Шунинг учун мен бу ўринда фарзлиги айтилган мазкур амалларни келтириб, ўз фикрим бўйича рожиҳ деб топган ҳукмни баён қилиб кетаман.

  1. Ният

Аллоҳ таоло айтади: «Улар фақат Аллоҳга холис тоат-ибодат қилишга буюрилдилар» [Баййина: 5]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Албатта амаллар(нинг солиҳ ёки яроқсизлиги, мақбул ёки номақбуллиги) фақат ниятларга боғлиқдир»[1].

Ният дегани бирон ишни қилишга азм қилишдан иборат бўлиб, унинг ўрни қалбдадир. Бинобарин, ниятни тилда талаффуз қилиш жоиз эмас.

Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ айтади: «Бирон ишни қилишга азм қилган киши уни ният қилган саналади. Бирон ишни қилишга азм қилиш ниятдан холи бўлиши мумкин эмас, зеро, азм ниятнинг асл моҳиятидир. Азм вужудга келган жойда ният вужудга келмаслиги имконсиз. Таҳорат олиш учун ўтирган киши таҳоратни ният қилган ҳисобланади»[2].

Шуни яхши билингки, ниятни тилда талаффуз қилиш бидъатдир. Чунки на Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан, на саҳобалардан, на хулофои рошидийнлардан ва на имомлардан ниятни талаффуз қилиш собит бўлган.

  1. Оғиз ва бурунни чайиш

Оғизни чайиш тўғрисида имом Нававий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: «Асҳобларимиз (шофеий мазҳаби уламолари) айтадилар: «Оғиз чайишнинг энг мукаммал кўриниши оғизга сув олиб, сувни оғизда у ёқдан-бу ёққа айлантириб, сўнг чиқариб ташлашдир. Оғиз чайишнинг энг ози эса фақат оғизга сув олишдан иборат бўлиб, жумҳур уламолар билдирган машҳур фикрга кўра, сувни оғизда айлантириш шарт эмас»[3].

Бурунга сув олиш араб тилида «истиншоқ» дейилса, бурундан сувни чиқариш (қоқиш) «истинсор» дейилади.

Ҳадислардан таҳоратда оғизга сув олиш, бурунга сув олиш ва бурундан сувни чиқариш фарзлиги келиб чиқади. Бу фикр бу борада уламолар билдирган фикрлар орасидаги рожиҳ фикрдир. Қолаверса, имом Аҳмад мазҳабига оид машҳур фикр ҳам шу.

Шавконий роҳимаҳуллоҳ «Ас-сайлул жаррор» китобида шундай дейди: «Менимча, (таҳоратда оғизга сув олиш, бурунга сув олиш ва бурундан сувни чиқаришни) вожиб дейиш ҳақдир. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони Каримда юзни ювишга амр қилди. Оғиз ва бурунга сув олиш ўрни ҳам юзга киради…
Шунингдек, саҳиҳ ҳадисларда бурунга сув олиб, уни бурундан чиқариб ташлашга оид бўйруқлар келган
»[4].

Ана шундай ҳадислардан бири Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисдир. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Бир киши таҳорат олса, бурнига сув олиб, сўнг қоқиб ташласин»[5].

Яна бир ҳадис Лақит ибн Сабра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бу узун ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жумладан шундай дейдилар: «Бурунга чуқур сув торт, рўзадор ҳолатинг бундан мустаснодир»[6]. Мазкур ҳадисга оид ривоятлардан бирида шундай дейилади: «Агар таҳорат олсанг, оғзингга сув ол»[7]. Ушбу ҳадис санадини аллома Ибн Ҳажар саҳиҳ деган, шунингдек, шайх Албоний ҳадисга саҳиҳ деб ҳукм қилган.

Таҳоратда оғиз ва бурунга сув олиш вожиб деган уламолардан имом Аҳмад, Исҳоқ, Абу Убайд, Абу Савр ва Ибн Мунзирларни санаш мумкин.

Оғиз ва бурунга сув олиш тартиби:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таҳорат олиш тартиблари тўғрисидаги Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кафт сув билан оғиз ва бурунга сув олдилар ва буни уч марта қилдилар»[8].

Байҳақий роҳимаҳуллоҳ «Сунани»да мазкур ҳадисни шарҳлаб шундай дейди: «Яъни, валлоҳу аълам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар гал бир кафт сув билан оғиз ва бурунларига сув олганлар, яъни бу ишни уч марта такрорлаганлар ва ҳар гал бир кафтдан сув олганлар…

Абдуллоҳ ибн Зайддан ривоят қилинган ҳадис ҳам шунга далолат қилади, унда жумладан шундай дейилади: «Сўнг қўлларини идишга ботириб, уч кафт сув билан уч марта оғизларига сув олдилар, бурунга ҳам сув олиб, қоқиб ташладилар»[9].

  1. Юзни ювиш

Аллоҳ таоло айтади: «Эй иймон келтирганлар, агар (таҳоратсиз ҳолингизда) намоз ўқишни истасангиз, юзларингизни ювингиз, қўлларингизни ҳам тирсаклари билан қўшиб ювингиз, бошингизга масҳ тортингиз ва оёқларингизни тўпиқлари билан қўшиб ювингиз» [Моида: 6].

Юз чегараси:

Юз деганда узунасига сочнинг ўсиб бошлаган нуқтасидан то иякка қадар, энига эса икки қулоқнинг юмшоқ жойлари оралиғи назарда тутилади. Шунингдек, (юз териси кўринмайдиган) қуюқ соқолнинг устки қисми ҳам юзга киради. Бинобарин, бундай соқол юзасига сув теккизиш вожиб. Аммо (остидаги юз териси кўриниб турадиган) сийрак соқолга келсак, бу ҳолатда юз терисига сув етиб бориши вожибдир.

  1. Қўлларни тирсаклари билан қўшиб ювиш

Бунга юқорида келтирилган таҳорат ояти далолат қилади. Қолаверса, уламолар қўлга қўшиб икки тирсакни ҳам ювиш вожиблигига иттифоқ қилишган ва бунга усулий (усулул фиқҳ илмига оид) қоидани далил қилишган. У қоидага кўра, «вожиб усиз тўла амалга ошмайдиган нарса ҳам вожибдир».

 Ундан ташқари уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амалий суннатларини ҳам далил қилишган. Чунки у зотнинг ишлари Қуръондаги мужмал бўйруқларнинг баёни саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳоратда қўл ювар эканлар, икки тирсакни ювмай қолдирганлари собит бўлмаган.

Тирсак деганда қўлнинг билаги билан мускуллари ўртасидаги бўғинга айтилади. Таҳоратда икки қўл бармоқларнинг учларидан бошлаб, то икки тирсакка қадар ювилади.

Агар инсоннинг қўли кесилган бўлса, қўлдан ювиш фарз саналган мавжуд жойларигина ювилади. Айтайлик, қўлнинг тирсакдан пасти йўқ бўлса, у ҳолда фақат тирсак ювилади. Борди-ю, қўл тирсакдан юқоридан кесилган бўлса, унда кесилган қўлдан ҳеч ерини ювмайди. Икки оёқни ювишдаги ҳолат ҳам айни шундай.

  1. Бошга масҳ тортиш

Аллоҳ таоло айтади: «…бошингизга масҳ тортингиз» [Моида: 6]. Уламолар таҳоратда бошга неча бор масҳ тортиш хусусида ихтилоф қилганлар. Аксар уламолар, жумладан, Абу Ҳанифа, Молик ва Аҳмадларнинг фикрича, бошга бир марта масҳ тортилади. Шу энг рожиҳ (тўғри) фикр. Шофеийлар бу борада жумҳур уламоларга хилоф қилишган. Уларнинг фикрича, бошга уч бор масҳ тортилади. Шунингдек, уламолар ўртасида бошнинг қанча миқдорига масҳ тортилиши хусусида ҳам ихтилоф бор. Баъзи уламоларнинг фикрича, бошнинг барчасига масҳ тортилса, баъзиларнинг фикрича, унинг бир қисмигагина масҳ тортиш вожиб. Албатта, уламолар ўртасида бу хусусда кўп тортишув ва муҳокамалар бор, бироқ энг рожиҳ фикрга кўра, бошнинг бир қисмигагина масҳ тортиш билан чекланмаслик керак. Фақат бундан бир ҳолат истисно қилинади; унга кўра, агар бошнинг бир қисмига масҳ тортиб, қолганини салла устидан масҳ тортмоқчи бўлса, ана ўшандагина бошнинг бир қисмига масҳ тортиш билан чекланиш жоиз. Шунга кўра, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ишларидан собит бўлганидек, бошга масҳ тортиш тартибини уч қисмга бўлиш мумкин:

Биринчидан: бошнинг барчасига масҳ тортиш

Бошнинг барчасига масҳ тортишнинг икки кўриниши бор.

(1) Икки қўлни бошнинг олд томонига қўйиб, орқа томонига қараб юргизиш, сўнг яна олдига қараб масҳ тортиш. Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда келишича, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки қўллари билан бошларига масҳ тортдилар: икки қўлларини бошларининг олдига қўйиб, орқа томонга қараб юргиздилар, сўнг қўлларини яна масҳни бошлаган жойга қайтардилар»[10].

(2) Икки қўлни бошнинг устига – фарқ очилган жойига қўйиб, соч йўналиши бўйича масҳ тортиш. Рубаййеъ бинти Муаввиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ҳузурида таҳорат олдилар, сочнинг фарқ очилган жойидан бошлаб бошнинг барча жойига – ҳар икки тарафга соч йўналиши бўйича масҳ тортдилар, сочнинг ҳолатини бузмадилар»[11].

Иккинчидан: фақат салланинг ўзига масҳ тортиш

Амр ибн Умайя розияллоҳу анҳудан ривоят қилдинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саллалари ва маҳсиларига масҳ тортганларини кўрдим»[12]. Шунингдек, аёл киши рўмоли устидан масҳ тортиши ҳам мумкин. Дарҳақиқат, бу Умму Салама розияллоҳу анҳодан собит бўлган[13].

Учинчидан: бошнинг олд қисми ва саллага масҳ тортиш

Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳорат олар эканлар, бошнинг олд қисмига, саллага ва маҳсиларига масҳ тортдилар»[14].

Эслатма:

Саллага масҳ тортиш учун унинг таҳоратли ҳолатда кийилган бўлиши шарт эмас. Шунингдек, саллага масҳ тортиш маҳсига масҳ тортишдаги каби маълум муддат билан чекланмаган.

  1. Икки қулоққа масҳ тортиш

Юқорида айтиб ўтганимиздек, бошга масҳ тортиш таҳоратнинг фарзларидан биридир. Аммо икки қулоққа масҳ тортиш ҳам фарзми ёки мустаҳабми? Уламолар бу хусусда ихтилоф қилишган. Бу борадаги тўғри фикрга кўра, икки қулоққа масҳ тортиш ҳам фарздир. Чунки ҳадиси шарифда «Икки қулоқ ҳам бошдандир»[15] дейилган. Ушбу ҳадиснинг талай ривоятлари бор бўлиб, улар бир-бирини қўллаб-қувватлайди. Бинобарин, ҳадис ҳужжатликка яроқлидир. Суннатга биноан икки қулоқнинг сиртига ҳам, орқа томонига ҳам масҳ тортилади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошларига ва икки қулоқларининг сиртига ҳам, орқа томонига ҳам масҳ тортганлар»[16]. Насоийга оид бир ривоятда шундай дейилади: «Икки қулоқнинг ичига кўрсаткич бармоқлар билан, орқа томонига эса бош бармоқлар билан масҳ тортдилар».

Қулоққа масҳ тортиш учун янгидан қўлни ҳўллаш шарт бўлмай, балки бошга қўшиб масҳ тортиш кифоя.

Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан икки қулоққа масҳ тортиш учун янгидан қўлларини ҳўллаганликлари собит бўлмаган. Бу (яъни қулоққа масҳ тортиш учун янгидан қўлни ҳўллаш)ни Ибн Умар розияллоҳу анҳумо қилганлари[17] саҳиҳ собит бўлган»[18].

  1. Икки оёқни тўпиқлари билан ювиш

Бунга юқорида келтирилган «…ва оёқларингизни тўпиқлари билан қўшиб ювингиз» ояти далилдир. Таҳоратда икки оёқни ювишга саҳоба розияллоҳу анҳумлар ижмо қилишган. Имомийя шиалари бу ижмога хилоф чиқишиб, таҳоратда оёқларга масҳ тортиш кифоя деб биладилар. Албатта, уларнинг бу фикри ботилдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таҳоратда оёқларни ювишга буюрганлари аниқ собит бўлган. Ҳатто у зот оёқларига масҳ тортиш билан кифояланганларга қаттиқ танбеҳ берганлар. «Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами»да Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Сафарлардан бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам биздан ортда қолдилар. (Пешин вақти чиқиб) аср вақти киришига оз қолган эди. Шунда биз таҳорат қилиб, оёқларимизга масҳ торта бошладик. (Буни кўрган) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки ёки уч бор баланд овозда: «Ақибларга (яъни товоннинг орт қисмидаги пайларга) дўзахдан азоб бўлсин», дедилар»[19].

Дарҳақиқат, таҳоратда оёқларни ювишга икки тўпиқни ювиш кириш-кирмаслиги борасида ҳам уламолар ихтилоф қилишган. Рожиҳ фикрга кўра, икки тирсакни ювиш фарзлиги мавзусида айтиб ўтганимиздек, оёққа қўшиб икки тўпиқни ювиш ҳам фарздир.

  1. Аъзоларни кетма-кет ювиш

Таҳоратда аъзоларни кетма-кет ювиш деганда бир аъзо қуриб улгурмасдан иккинчисини ювишга киришиш назарда тутилади. Холид ибн Маъдон ва бошқа айрим саҳобалардан ривоят қилинишича, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиётган бир кишини кўрдилар. Ҳолбуки, унинг оёғи устидаги бир дирҳам миқдор жойга (таҳоратда) сув тегмай қолган эди. Шунда у зот ҳалиги кишини қайтадан таҳорат олишга буюрдилар». Бошқа бир ривоятда: «…ва намозни қайта ўқишга», деган қўшимча ҳам бор»[20].

Асрам айтади: «Аҳмад (ибн Ҳанбал)га айтдим: «Бу ҳадис санади мақбулми?». «Ҳа, мақбул», деди имом».

Ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кишини қайтадан таҳорат олишга буюрдилар. Маълумки, таҳоратда аъзоларни кетма-кет ювиш фарз бўлмаганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фақат икки оёқни ювишга буюриш билан кифояланган бўлар эдилар. Чунки икки оёқ таҳоратда энг сўнг ювиладиган аъзолардир.

  1. Тартиб

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тартиб билан таҳорат олганлар. Маълумки, у зотнинг ишлари Қуръони Каримнинг баёнидир. Ундан ташқари уламолар таҳоратда тартиб фарзлигига Аллоҳ таоло Қуръонда фарз амалларни тартиб билан зикр қилганини ҳам далил қилишган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга ҳаж амалларини ўргатар эканлар: «Аллоҳ бошлаган ишдан бошлаймиз», деганлар. Худди шундай таҳоратда ҳам Аллоҳ бошлаган ишдан бошлаш фарздир. Бироқ шунга қарамай, оғиз ва бурунга сув олишни юзни ювишдан кечиктириш жоиздир. Чунки бу Рубаййеъ бинти Муаввиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда келган. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таҳорат олиш тартибларини зикр қилар экан, шундай дейди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки кафтларини уч марта ювдилар, юзларини уч марта ювдилар, бир марта оғиз ва бурунларига сув олдилар, икки қўлларини уч мартадан ювдилар, бошларига икки марта масҳ тортдилар ва икки оёқларини уч мартадан ювдилар…»[21].

[1] Бухорий (1), Муслим (1907), Абу Довуд (2201), Термизий (1647), Насоий (1/58), Ибн Можа (4227) ривояти.
[2] «Иғосатул лаҳфон» (1/137).
[3] «Шарҳи Муслим» (3/105).
[4] «Ас-сайлул жаррор» (1/81).
[5] Бухорий (162), Муслим (237), Абу Довуд (140), Насоий (1/65, 66), Ибн Можа (409), Муватто (1/19) ривояти.
[6] Саҳиҳ: Абу Довуд (142, 143), Термизий (788), Аҳмад (4/211), Ибн Ҳиббон (1054) ривояти.
[7] Абу Довуд (144), Ибн Абу Шайба (1/16), Байҳақий (1/52) ривояти.
[8] Бухорий (191), Муслим (235), Абу Довуд (119), Термизий (28) ривояти.
[9] Бухорий (186), Муслим (235), Абу Довуд (18), Термизий (47), Насоий (1/72) ривояти.
[10] Бухорий (185), Муслим (235), Абу Довуд (118), Термизий (32), Насоий (1/72), Ибн Можа (434) ривояти.
[11] Ҳасан: Абу Довуд (128), Аҳмад (6/360), Табароний («Кабир»да, 24/271) ривояти. Ҳадисни шайх Албоний ҳасан деган.
[12] Бухорий (205), Насоий (1/81), Ибн Можа (562) ривояти.
[13] Ҳасан: Ибн Абу Шайба (1/22) ривояти. Ушбу ҳадис ровийлари, Хайра Уммул Ҳасанни ҳисобга олмаганда, барчалари ишончлидир. Хайрага келсак, у ҳақда аллома Ибн Ҳажар: «Ёмонмас», деган. Бундан Ибн Ҳажар наздида у ривоят қилган ҳадиснинг ҳасан экани келиб чиқади.
[14] Муслим (274), Абу Довуд (150), Термизий (100), Насоий (1/76) ривояти.
[15] Абу Довуд (134), Термизий (37), Ибн Можа (443) ривояти. Мазкур ҳадис мазмунини қўллаб-қувватловчи бошқа ривоятлар мавжуд бўлиб, уларни шайх Албоний «Ас-силсила ас-саҳиҳа» (36) китобида жамлаган ва ҳадисга саҳиҳ деб ҳукм қилган.
[16] Ҳасан: Ибн Можа (439), Ибн Ҳиббон (1086) ривояти. Икки қулоқнинг сиртига кўрсаткич бармоқлар, орқа томонига эса бош бармоқлар ёрдамида масҳ тортилади.
[17] Саҳиҳ: Молик «Маватто»да (1/34) ривоят қилган.
[18] «Зодул маод» (1/195).
[19] Бухорий (60), Муслим (241), Абу Довуд (97), Насоий (1/77), Ибн Можа (450) ривояти.
[20] Саҳиҳ: Абу Довуд (175), Аҳмад (3/424) ривояти. Мазкур ҳадис мазмунини қўллаб-қувватловчи Муслим (243) Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадис бор бўлиб, фақат унда «ва намозни қайта ўқишга» деган қўшимча йўқ.
[21] Ҳасан: Абу Довуд (126), Термизий (33), Ибн Можа (440) ривояти. Ҳадисни Термизий «ҳасан ҳадис» деган.

Изоҳ қолдиринг